Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳ бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас | Ақийда дарслари (292-дарс)

19:00 / 02 сентябрь 835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ

«Ва улар: «Агар Роҳман хоҳлаганида, биз уларга ибодат қилмас эдик», дедилар. Уларда бу ҳақда ҳеч бир илм йўқ. Улар алжирамоқдалар, холос» (Зухруф сураси, 20-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятларда мушрикларни ўзларидан содир бўлган ширкни Аллоҳнинг хоҳишига боғлаганлари учун мазаммат қилди. Уларнинг гапларининг маъноси – Аллоҳ хоҳлагани учун биздан ширк содир бўлди, деганидир.

Бунга жавоб қуйидагича:

Улар Аллоҳнинг хоҳишини ўзларидан содир бўлган ширкдан У Зот рози бўлишига ва ўшанга муҳаббати борлигига далил қилганлари учун, Аллоҳ таоло уларни мазаммат қилди. Гўёки улар: «Агар Аллоҳ ширкни ёмон кўрганида, унга рози бўлмаганида, унинг биздан содир бўлишини хоҳламас эди. Бинобарин, бизга унинг имконини бермас эди», дедилар. Аллоҳ таоло уларга раддия қилиб, Ўзининг хоҳишини куфр ва ширкка розиликка далил қилиш пайғамбарлар, самовий китобларни ёлғонга чиқаришга тенг эканини баён қилмоқда. Чунки агар У Зот куфр ва ширкка рози бўлганида, пайғамбарларни юбормаган ва китобларни нозил қилмаган бўлар эди. Пайғамбарларни юбориш, китобларни нозил қилиш ширк ва куфрга рози эмасликнинг далилидир. Шундан хоҳиш бошқа, розилик бошқа нарса экани билинади. Шундай экан, куфр Аллоҳнинг хоҳиши билан содир бўлади. Лекин унга рози бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло:

ﮁ ﮂ ﮃ ﮄﮅ

«У Зот Ўз бандаларининг кофир бўлишига рози бўлмас», деган (Зумар сураси, 7-оят).

Ўғри ўз ўғрилиги учун қадарни ҳужжат қилганида (яъни «Қазои қадар шу экан, ўғрилик қилдим», деганида) Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ҳам қазои қадар ила қўлингни кесаман», деганлар.

Бундай холатларни ширк ва гуноҳ ишларнинг жоизлигига далил қилиб келтириш шариатни ёлғонга чиқаришдир. Бунга юқоридаги оятнинг давоми ҳам далолат қилади.

ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ

«Улардан олдингилар ҳам шундай ёлғонга чиқарган эдилар» (Юнус сураси, 39-оят).

Шундан кофирларнинг муроди ёлғонга чиқаришдан бошқа нарса эмаслиги билиб олинади. Бас, Аллоҳ таоло уларни шариатни ёлғонга чиқарганлари учун мазаммат қилди. Иймонларига нисбатан Аллоҳнинг хоҳишини рад қилганлари учун эмас.

يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ، وَيَعْصِمُ وَيُعَافِي فَضْلًا، وَيُضِلُّ مَنْ يَشَاءُ، وَيَخْذُلُ وَيَبْتَلِي عَدْلًا.

«У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади, муҳофаза қилади ва афв қилади. Ҳамда Ўз адолати ила хоҳлаган кимсани залолатга кетказади, ёрдамсиз ташлаб қўяди ва синовга дучор қилади».

Шарҳ: Яъни Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади. Шунингдек, кимни гуноҳлардан муҳофаза қилса, Ўз хоҳиши ва фазли ила муҳофаза қилади. Кимнинг гуноҳларини афв қилса, Ўз хоҳиши ва фазли ила афв қилади. Ҳидоят, муҳофаза ва афв У Зотга лозим бўлгани учун эмас. Мўътазилийлар «Энг салоҳиятли нарсани қилиш Аллоҳга вожибдир», дейишгани каби.

Шунингдек, Аллоҳ таоло кимни залолатга кетказса, ёрдамсиз ташлаб қўйса ва маъсиятлар, жазолар билан синовга дучор қилса, буларнинг барчасини адолати ила қилади. Энг салоҳиятли нарсани тарк қилиб, бандага зулм қилгани учун эмас. Ёки ушбу ҳолатларни бандада яратиб қўйиб, у гуноҳларни қилганидан сўнг, унга залолатга кетувчи, ёрдамсиз қолувчи ва синалувчи, деган исмларни бергани ҳам йўқ.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘﮙ

«Албатта, сен яхши кўрган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир» (Қасас сураси, 56-оят).

Агар ҳидоят фақат (тўғри) йўлни баён қилишдан иборат бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «ҳидоят қила олмассан», дейилмас эди.

ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

«Агар хоҳлаганимизда, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини берар эдик» (Сажда сураси, 13-оят).

ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ

«Агар Роббимнинг неъмати (ҳидояти, тавфиқи) бўлмаганида, мен ҳам (дўзахга) ҳозир қилинганлардан бўлур эдим» (Соффот сураси, 57-оят).

ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ

«Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирур ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир» (Анъом сураси, 39-оят).

وَكُلُّهُمْ يَتَقَلَّبُونَ فِي مَشِيئَتِهِ بَيْنَ فَضْلِهِ وَعَدْلِهِ.

Уларнинг барчаси У Зотнинг хоҳишида ва фазли ҳамда адолати орасида айланурлар.

Шарҳ: Яъни халойиқнинг барчаси Аллоҳ таолонинг хоҳиши доирасида: баъзиларига нисбатан У Зотнинг ҳидояти, муҳофазаси ва афви бўлиб, бошқаларига нисбатан эса У Зотнинг залолатга кетказиши, ёрдамсиз ташлаб қўйиши, синови ва жазоси бўлади ва улар У Зотнинг фазли ва адолати орасида ҳаёт кечирадилар, яшайдилар.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ

«У сизларни яратган Зотдир. Бас, сиздан кофир бор ва сиздан мўмин бор. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта кўриб турувчидир» (Тағобун сураси, 2-оят).

Шундай экан, Аллоҳ кимни иймонга ҳидоят қилса, Ўз фазли ила қилур. Унга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, адли ила кетказур. Унга ҳамдлар бўлсин.

«Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хулоса қилиб айтганда, олам янги пайдо бўлувчи, яъни йўқ эдию, Аллоҳ уни яратган нарсадир. Бас, шундай экан, у ўзини пайдо қилувчи, йўқдан бор қилувчи, қадимлик давоми...

1676 19:00 / 18 март
Имом Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқанднинг Мотурид номли қишлоғида туғилганлар. У кишининг ҳаётларини ўрганган тарихчилар давоми...

16545 05:00 / 07.03.2017
Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, давоми...

2678 19:00 / 10.04.2023
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм..Аллоҳнинг мукаммал калималари, ndash қалбларнинг нури, кунларнинг шодлиги, бахтсаодат сурури, ҳидоят калити. Кимки унга боғланса, нажот давоми...

8747 20:50 / 16.09.2017