Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаҳаннамдаги даҳшатли таом | Ақийда дарслари (244-дарс)

19:00 / 11.09.2023 1975 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади:

ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ

«Ўнг тараф соҳиблари... Ўнг тараф соҳиблари недир?!  (Улар) тикансиз сидрзорлардадирлар» (27-28-оятлар).

«Сидр» хушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар уни ҳиди учун яхши кўрар эканлар. Аммо тикани жуда кўп бўларкан. Ояти карима нозил бўлган пайтда баъзи соддароқ кишилар, кишига озор берадиган бу тиканли бута жаннатда нима қилади, деган фикрга ҳам борган эканлар.

Салим Ибн Омирдан қуйидаги ривоят келтирилган.

«Бир куни саҳрои араб кириб келди-да: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло одамларга озор берадиган дарахтни жаннатда зикр қилибди?!» деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Қайси дарахтни?» деб сўрадилар. У киши:

«Сидрни, унинг озор етказадиган тикани бор-ку?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло «Фии сидрин махзуд», яъни «тикансиз сидрзорда» деган-ку! Уни тикансиз қилган, ҳар бир тикани ўрнига мева чиқаради. У мевадан бир-бирига ўхшамаган етмиш икки хил таом бўлади», дедилар».

ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ

«Сермева бананзорлар, ёйилган соялар, оқар сувлар ва сероб мевалардадирлар. Тугамайдиган ва ман қилинмайдиган» (29-33-оятлар).

Одатда, бизнинг тилимизда ҳам кишининг бирор нарсага сероблиги билдирилмоқчи бўлса, «Фалончи фалон нарсанинг ичида», дейилади. Худди шунингдек, ўнг тараф эгаларининг ҳолатлари ҳам, жаннат нозу неъматлари ичида, деган маънони сўз ва жумлалар орқали ифода қилинмоқда. Мисол учун, «сермева бананзорлардадирлар». Яъни бананзор ичида, бананларга кўмилиб, дейилмоқчи.

Ўнг тараф эгалари жаннатда яна:

ﮞ ﮟ ﮠ

«Кўтарилган кўрпачалардадирлар» (34-оят).

«Кўтарилган» тушунчаси маънавий ва моддий кўтарилганлиги маъноларига эга.

Жаннат ва унинг абадийлигига далиллар:

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида қуйидагиларни айтади:

ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ

 

«Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда мангу қолувчилардир ва ундан кўчишни истамаслар» (107-108-оятлар).

Иймон ва амали солиҳ банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қадр-қийматини оширади. Охиратда эса жаннатга тушишига сабаб бўлади. Жаннатга тушганда ҳам, у ерда абадий қоладилар. У ерда шундай қадр-қиймат, роҳат-фароғат топадиларки, бошқа жойга кўчишни зинҳор истамайдилар.

Аллоҳ таоло Сод сурасида қуйидагиларни айтади:

ﮍ ﮎﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ

«Бу эслатмадир. Албатта, тақводорлар учун гўзал қайтар жой (бордир). Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари (бордир). У ерда ёнбошлаган ҳолларида ундаги кўплаб мевалар ва шароблардан чақирадилар. Уларнинг ҳузурида нигоҳини тийган тенгдош(ҳур)лар бордир. Бу сизга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир. Албатта, бу Бизнинг (берадиган) ризқимиздир. Унинг ҳеч тугаши йўқдир» (49-54-оятлар).

Зикр қилинган ана ўша нарсалар – Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига берадиган жаннати, ризқи. У ризқ доимий ва абадийдир. У ҳеч қачон тугаб қолмайди.

Жаннатнинг абадийлигига Суннатдан далиллар:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жаннатга кирса, неъматланади, ноумид бўлмайди, бардавом қолади ва ўлмайди», деганлар».

Муслим ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Эй аҳли жаннат! Албатта, сизлар учун абадий равишда соғлом бўлишингиз бор, бемор бўлишингиз йўқ. Ёш бўлишингиз бор, қаришингиз йўқ. Ҳаёт кечиришингиз бор, ўлишингиз йўқ», дейди».

Муслим Абу Саъиддан ривоят қилган.

Дўзах

 

Дўзах Аллоҳ таоло кофир, мунофиқ ва осийлар учун тайёрлаб қўйган ва уларга азоб-уқубатлар бериладиган макондир. У ҳам жаннат каби халқ қилинган, унинг азоб-уқубатлари жисм ва руҳга оид ҳамда абадий боқий қолувчи нарсадир.

Дўзахнинг махлуқ эканига Қуръондан далил:

Аллоҳ таоло Набаъ сурасида қуйидагиларни айтган:

ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ

«Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчидир. Туғёнга кетганлар учун қайтар жойдир» (21-22-оятлар).

Биз «пойлаб турувчидир» деб таржима қилган ибора душманни пойлаб туришга ишлатиладиган иборадир. Йўлда, пана жойда, келса таппа босаман, деб душманни кутиб туриш араб тилида «мирсод» дейилади. Жаҳаннам ҳам ҳозир мавжуд, халқ қилинган ва туғёнга кетган бандаларни «Қачон қиёмат бўлса, таппа босаман», деб кутиб турган бўлади. Қиёматда эса вақти келиши билан уларни таппа босади.

Дўзахнинг махлуқ эканига Суннатдан далил:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар мен кўрган нарсани кўрсангиз, албатта, оз кулар ва кўп йиғлар эдингиз», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нимани кўрдингиз?» дедилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатни ва дўзахни кўрдим», дедилар».

Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган пайтида Жаброилни жаннатга юборди...» деб туриб, ҳадис охирида: «Сўнг уни дўзахга юборди. «Бор, унга назар сол. Унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга назар сол», деди. Бас, назар солувди, қараса, унинг баъзиси баъзисининг устига чиқаётган экан», деганлар.

Дўзахнинг азоб-уқубатлари ҳам жасад ва ҳам руҳ учун аталгандир. Баъзи бир тоифалар айтганидек, фақат руҳ учунгина эмас. Бу ҳақиқатни англаш учун Қуръони Каримдаги дўзахни таъриф қилувчи оятлардан бир-иккитасини ўқишнинг ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ таоло Ғошия сурасида қуйидагиларни айтади:

ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ

«Ўшал Кунда бир чеҳралар қўрқувчидир» (2-оят).

Бу чеҳралар бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг чеҳраларидир. Уларга дўзахга тушишлари аён бўлганидан кейин қўрқинчга тўладилар.

ﭭ ﭮ ﭯ

«Ишловчидир, чарчовчидир» (3-оят).

Ҳа, улар охиратда оғир ишларни бажарадилар. Улар дўзахда ўзлари боғланган кишан ва занжирларни кўтариб юриб, дўзахнинг паст-баландларига тушиб-чиқиб, оловларга кириб юриб иш бажарадилар ва ниҳоятда чарчайдилар.

ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ

«Ўта қизиган ўтга кириб, куядир» (4-оят).

Дўзахнинг ўти дўзахийларнинг кириши учун ўта қиздириб қўйилган бўлади. Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг таъриф қилишларича, у роса қиздирилиб, Аллоҳнинг душманларига ғазаби қайнаб турган бўлади.

Бу дунёда кофирлик, фосиқлик, осийлик, айшу ишрат ва ҳаром-хариш билан ўтганлар охиратда ана шундай жойга кирадилар. Аммо уларнинг азоб-уқубатлари бу билан тугал бўлиб қолмайди. Уларни ҳамма томондан азоб-уқубат ўраб олган бўлади. Ҳаттоки жаҳаннам оловида қизиб, чанқасалар:

ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ

«Қайнаб турган булоқдан суғориладилар» (5-оят).

У булоқнинг суви қайнашнинг охирги нуқтасига етган бўлади. Нақадар оғир азоб! Ўзи қаттиқ қиздирилган дўзахда ёниб, жизғанак бўлиб турса-ю, ўта қаттиқ чанқаб, бирор ҳўплам совуқ сувга зор бўлиб турганда, суви ўта қайноқ бўлган булоқнинг суви ила суғорилса! Бу устидан ёниб турган одамни ичидан ҳам куйдиришдир.

Энди сув ичган одам таом ҳам ейиши керак бўлади. Аҳли жаҳаннамга қандай таом бор экан?

ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ

«Уларга тикандан бошқа таом йўқдир» (6-оят).

Ўша жаҳаннамийларга бериладиган таом тикан махсус тикандир. Номи «шибриқ» деган тикан навидир. У энг ёмон, энг ифлос ва энг ёқимсиз таомдир. Демак, жаҳаннамий оловда куйиб-жизғанак бўлиб, ўта қайноқ булоқнинг сувидан ичиб, ички аъзолари ҳилвираб турганда, тиканни таом ўрнида ер экан. У тикан теккан ерини шилиб, титиб ўтиши муқаррар.

Шу билан бирга...

ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ

«На семиртирмас ва на очликни кетказмас» (7-оят).

Демак, у фақат жаҳаннамдаги нобакорни азоблаш учун берилади. Улар ўта оч қолганларидан ўша тиканни таом ўрнида ейишга мажбур бўладилар. Шундай қилиб, ўта чанқаганларидан қайнашнинг юқори нуқтасига етган сувни ичиб, ўта оч қолганларидан тиканни еб, абадий «мазза» қилиб юраверадилар.

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 22 июлдаги 03-07/5979-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир. Наъим жаннатларидалар, остларидан анҳорлар давоми...

24513 18:16 / 02.12.2016
937. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам«Бирортангиз ўзига етган зарар туфайли ўлимни орзу қилмасин. Агар ўлим тилашдан давоми...

7063 17:45 / 13.07.2017
Рўза араб тилида .сиём, деб аталиб, луғавий маъноси бир нарсадан ўзини тийишни билдиради.Шариат истилоҳида эса .Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани давоми...

4601 13:56 / 20.01.2020
Имом Aшъарий тобеларининг 3табақасидан ҳисобланган буюк муҳаддис Ҳофиз Aбу Бакр Байҳақий ваф. 458 ҳ. раҳматуллоҳи алайҳ айтади.Шайхимиз имом Aбу Ҳасан Aшъарий давоми...

2383 15:00 / 19.08.2021