Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (51-дарс). Ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар

13:40 / 16.09.2019 5666 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий эса жисмларни йўқдан бор қилишга қудрати етган Аллоҳ таоло уларни чириганларидан кейин қайта тирилтириши осонроқ эканини таъкидлайдилар.

«Таҳофутул фалосифа» китобининг аҳамияти катта бўлган. Унинг аҳамияти баъзи файласуфларнинг куфр кетганини баён қилишида эмас, балки фалсафанинг диний эътиқод бобида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини баён қилиб берганидадир. Бу борада фалсафа турли фикр, хаёл, қиёс ва тахминларнинг йиғиндиси, холос.

Фалсафа илоҳий таълимотлар ўрнида ёки уларга тенг равишда кўрилиб турган бир пайтда унинг ҳақида илмий асосларга мувофиқ тарзда бу каби кучли зарба берилиши тарихий воқеа эди.

Имом Ғаззолий шу тариқа фалсафанинг обрўсини чилпарчин қилдилар. Файласуфлар у кишининг кучли ақли ва далиллари олдида довдираб қолишди ва деярли бирорта эътиборга олса бўладиган раддия ҳам қила олишмади.

Кўриб ўтганимиздек, имом Ғаззолий яшаган ўрта асрларда ғайбиёт олами ҳақида фалсафий тортишувлар авж олган эди. Бу тортишувларда ҳамма, жумладан, мусулмонлар ҳам иштирок этардилар. Аммо айни мусулмонлар ичидан мазкур тортишувлардан одамларга ҳеч қандай наф йўқлигини англаб етганлар ҳам чиқди.

Ўшалардан энг улуғи «ҳужжатул Ислом» – Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи эдилар. Имом Ғаззолий фалсафани чуқур ўрганган эдилар. Ўзларининг ҳақиқатни излаш йўлида олиб борган изланишлари давомида «Ҳақиқат фалсафада бўлса, ажаб эмас», деган фикрга ҳам борган эдилар. Аммо фалсафа у киши ахтараётган ҳақиқатни бера олмаслигини тушундилар. Шу билан бирга, фалсафанинг заиф жойларини чуқур англаб етдилар.

Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами – метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ-ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечтасини олдилар.

Мисол учун, оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини имом Ғаззолий «Такаафуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи» – «Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги» номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар.

Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб, тортишиб келганлар. Баъзилари: «Олам азалий – қадимий», деса, бошқалари: «Олам ҳодис – кейин пайдо бўлган», дейишган.

Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига ақлий далил олиб келади. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга жавобан имом Ғаззолий Юнон файласуфларидан олдингиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган файласуфларнинг далилларини бирма-бир келтириб баён қилдилар.

«Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, – дейдилар имом Ғаззолий, – аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди».

Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди?! Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида турган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!

«Унинг ўрнига, инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, – дейдилар имом Ғаззолий. – Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса, куймайди-ю, пахтани тутса, куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти ила куймоқдами?»

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳининг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Имом Ғаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихидан муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлмиш мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ, Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста-секин европаликларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришдилар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида .Аллоҳ ndash Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир,, деган 8оят.Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма давоми...

7691 12:10 / 28.01.2019
Билингки, агар вожибул вужуднинг яъни Аллоҳнинг тавҳидига инкор қилиб бўлмайдиган ақлий далиллар қоим бўлган бўлса ҳам, шаръан вожиб бўлган, динда мўътабар давоми...

1424 19:00 / 29 апрель
Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Ушбу ақийдасиз ҳам иймонли бўлиш мумкин эмас. Илоҳий китобларга иймон келтиришнинг маъноси давоми...

3791 20:01 / 26.10.2018
Бу ҳақда юқорида эслатилган китобда шундай дейиладиБиз жамоатни .ҳақ ва тўғри, деб, тафриқани .тойилиш ва азоб, деб биламиз.Шарҳ Яъни .Саҳобалар жамоасига, давоми...

4010 05:00 / 07.03.2017