1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1441

Ғафлат уйқусидан уйғон!

17:15 / 16.09.2019 3135 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалб унга тўлган нарса билан жисмни ҳаракатга келтиради. Кўз ва қулоқларимиз қалбимизни тўлдирувчи маълумотларни қабул қилувчи тана аъзоларимиздир. Қалб нима билан тўлса, жисмнинг ҳаракати иложсиз ҳолатда у билан йўналиш олади. Бугун бизни ғафлатда қолдирадиган нарсаларни кўришга, эшитишга муккасидан кетдик. Қалбимиз улар билан тўлди. Ҳаракатларимиз шунга яраша бўлди. Аёллар малоҳатига кўзимиз ўрганди, қалбимизга ўрнашди. Куй-қўшиқ қулоқларимизга ёқиб тушди, қалбимизга ўрнашди. Фаҳшни мода дедик, данғур-дунғурни санъат. Уламолар, солиҳлар юзига қарамай қўйдик. Қуръони каримни бемазагарчиликлардан кўра жуда ҳам кам эшитамиз, у ҳам мотамда қориларни чақириб олиб, шунда ҳам қулоқ тинглайди, лекин қалбга ўтказмайди. Қалб бошқа нарса билан тўлиб бўлган. У тўлган нарса хаёлларимизни ҳам банд қилиб туради.

Қалбни тозалаш керак. Унга яхши нарсалар жойлашиши учун ўрин ҳозирлаб бериш керак. Бунга зулматда ва сукунатда ёлғиз қолиб тафаккур қилиш билан эришишимиз мумкин, иншаАллоҳ.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек, қалб учун фикр майдонига киритадиган узлатга ўхшаш манфаат йўқ.

Зулмат қалбга кўздан келадиган нарсаларни тўсади, сукунат эса қулоқларимиздан келадиганларини. Ана энди шу ҳолатда ёлғиз қолиб қалбга гапирсак, у бизни эшитади. Тафаккур қилсак, бизга жавоб қайтаради. Биздан қай биримиз шуни қилиб кўрганмиз. Бу — Исломий таълимот эканлигини биламизми? Биздан шу ҳолатда ўтириб олиб, нимани мақсад қилгани – ер юзида мақсадларнинг энг олийси Роббининг розилигига етишишни кўзлаб юрибдими, ёки ҳавойи нафсининг ўткинчи ҳузур-ҳаловатини ўйлаб юрибдими? Қаёққа қараб кетяпти – ўз Яратувчисига йўлиқиш иштиёқида охират саодати томон йўл олганми, ёки бадбахтлик жари ёқасига келиб қолдими? Шулар ҳақида тафаккур қилганлар борми?

Амаллари устида тафаккур қилиб, бирор бир нарсани қилиш ёки қилмасликдан нимани қасд қилгани, уларнинг қай даражада тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида ўйлаб, ўзига ўзи «Сен мана бу ишни қилдинг ёки қиляпсан, бу хато. Бу — Аллоҳ ундан қайтарган нарса. Буни бошқа қилма ёки қачонгача қиласан, бунақада халок бўласан. Сен ўта кетган хатокор экансан. Одамлар бўлса сенинг сиртингга қараб, Аллоҳнинг сатрида бўлганинг учун сени яхши инсон деб ўйлашади. Аллоҳдан сени бундан халос этишини сўраб, шунга яраша ҳаракатга ўт», ёки «Сени Аллоҳ мана бу хайрли ишга муваффақ қилди. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд айт, унинг шукрини адо қил. Шунда Роббинг сени доимий равишда хайрли ишларга илҳомлантириб, Ўзи уни бажаришингда ёрдам бериб туради. Қабул қилгувчи ҳам Ўзи. Яратувчимиз нақадар карамли Зот» деганлар кўпми ёки кам.

Амалларимиз устида тафаккур қилиб, ўзимизни тергашни ўзимиз яхши ва ёмон деб билган нарсалар билан амалга оширадиган бўлсак, оппоқ бўлиб чиқаверамиз. Бундан олдин Аллоҳ яхши деган нарсалар яхши, Аллоҳ ёмон деган нарсалар ёмон ва улар қайсилар эканлигини билиб олишимиз керак. Ахир, шуни англаб етмаганликдан ҳар турли катта-кичик бузуқликларни, беҳудагарчиликларни «Булар ҳеч нарса эмас» дея тап тортмай, ўзида бурнига пашша қўнганчалик ҳам безовталикни сезмай, бу ҳам етмагандек уларни яхшилик санаб қилаётганлар ичимизда камми.

Демак, Аллоҳ яхши деган нарсаларни яхши деб қабул қилиб, Аллоҳ ёмон деган нарсаларни ёмон деб қабул қилсак, бу йўлда хато-камчиликларга йўл қўйганимизда юқоридагидек ўзимизни тергаб турсак, ғафлатда қолмаймиз, иншаАллоҳ.

Қалби ҳали тўла қотиб улгурмаган, уни ғафлат уйқусидан уйғотса бўладиганларимиз, бу ишларни қилишга кириша оламиз. Лекин қалби қаттиқ қотиб бўлганларимиз, ғафлат уйқусидан уйғонишни истамайдиганларимиз учун бу ўта оғир иш. Бундайларимиз учун нафсга хилоф иш қилиш улкан машаққат. Бу ҳолатдагиларимизни ё Аллоҳ Ўзи мусибат билан ҳузурига бош эгиб боришимизга чақириб олади, ёки ўзимиз нафсимизни машаққатга қўйиб бўлсада, Аллоҳ томон ҳаракат қилишга ўтамиз. Учинчи ҳолатда бўлиб қолишимиздан, яъни Аллоҳ ўз ҳолимизга ташлаб қўйишидан Ўзи бизни асрасин.

Аллоҳга, мусибат етганда кушойиш етиши учун, иш юришмаса юриб кетиши учун ва ҳоказолар учунгина ибодат қилиб, ҳожат раво бўлганда юз ўгириб кетилмас, Аллоҳдан асло беҳожат бўлинмас. Аллоҳ эса бутун оламларни яратган ва Ўзи ундан беҳожат Зотдир. Амалларимиз хайрли бўлса, Аллоҳга заррача фойда бермас, аксинча бўлса, зарар бермас. Аллоҳ бизга буюрган амаллар қалбимизнинг озуқаси. Ичимизда қалбининг озуқасини бермай юрганларимиз бор. Қалбини ўлдириб қўйиб, буни ўзи ҳам билмай юрганларимиз бор.

Илм нурдир, гуноҳ зулмат. Илм қалбни ёритади, гуноҳ қорайтиради. Қалб ёришса уйғоқ бўлади, қорайса ғафлатда қолади. Илм олайлик, амал қилайлик. Тоатда бўлайлик, гуноҳ қилмайлик. Хато қилсак, тавба қилайлик, истиғфор айтайлик. Ҳақиқий тирик бўламиз, қалбимиз ва жисмимизда ҳаёт бор ҳолда.

Аллоҳ У билан орамизни ислоҳ қилишлигимизда бизларга Ўзи ёрдам берсин. Ва бандалари билан орамизни ислоҳ қилиб қўйсин.

Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир.

Охунжон Охунов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир яқин биродаримизнинг айтганларини, иншааллоҳ, манфаатли бўлар, дея, сизларга ҳам етказишни ният қилдим. У киши айтади.Сизларга баъзи бир нарсаларни айтиб давоми...

2812 10:05 / 28.10.2019
Эрхотин орасида жанжал чиқди. Жаҳлдан ақлини йўқотиб, тилини тиёлмаган эр хотинигаmdash Сендан ажраламан Ва сени фақат бахтсиз, нурсиз ва омадсиз бир кунда давоми...

6183 13:45 / 26.09.2019
337Бир оз айтай ҳолатларин, Расулуллоҳ одатларин,Пайғамбари бўлмай аввал, ҳамма севган одобларин,Қандай юмуш қилсалар ҳам, келар доим омадларин,Бунга сабаб давоми...

2206 19:05 / 05.10.2019
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз давоми...

2272 09:10 / 05.09.2019