Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (38-дарс). Абу Ҳанифанинг устозлари

21:28 / 17.06.2019 4865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юқоридаги сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир» ҳадисини ривоят қилганларини, шунингдек, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлари ва кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуд ҳузурида Қуръони Каримни ёд олганлари зикр қилиб ўтилган эди.

Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи тобеъинлардан илм олгани ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. У киши қуйидаги зотлардан илм олганлар:

1. Шаъбий. Асарга кўп эътибор берган зот эди.

2. Икрима розияллоҳу анҳу. У киши ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

3. Нофеъ розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

4. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу. Ибн Аббоснинг илми ўша кишида эди. Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи у киши билан Маккада учрашган ва илм олиб, муноқашалар қилган.

Кейинчалик Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи фиқҳга ружуъ қўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

«Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим».

5. Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтилганидек, Ҳаммод ибн Сулаймон эди. Имоми Аъзам у кишидан фиқҳни тўлиқ эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар.

«Тарихи Бағдод» китобида имом Зуфардан Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳининг Ҳаммод ҳақидаги қуйидаги хотиралари ривоят қилинади:

«Мен устозим Ҳаммодни ўн йил лозим тутдим. Кейин эса менинг нафсим бошлиқликни истаб, менга қарши қўзғолон қилди. У зотдан алоҳида чиқиб, ўзимнинг ҳалқамда дарс беришни истаб қолдим. Бир куни кечаси мақсадимни амалга ошириш учун чиқдим. Масжидга кириб, устозимни кўриб қолдим. Кейин устозимдан ажралгим келмай қолди. Яна у зотнинг илм ҳалқаларида иштирок этишда давом этдим. Ўша кеча у зотнинг Басрадаги бир қариндошлари вафот этганлиги, у мол-давлат мерос қолдиргани-ю, аммо унинг меросхўри йўқлиги ҳақидаги хабар етиб келди. У зот менга ўз ўринларида дарс беришимни буюриб, кетдилар. Ҳаммод раҳматуллоҳи алайҳи ҳалқадан чиқиб кетмаслариданоқ, мендан илгари Ҳаммод раҳматуллоҳи алайҳидан эшитмаган масалалар ҳақида сўрай бошлашди. Берилаётган саволларга жавоб бериб, кейин уни ёзиб қўярдим. Икки ой ўтгандан сўнг устозим қайтиб келдилар. Мен ҳузуримда йиғилиб қолган олтмишта масаланинг жавобини у зотга кўрсатдим. Ўша масалаларнинг қирқтаси у зотнинг фикрларига тўғри келди. Қолган йигирматаси эса у зотга хилоф келди. Шундан буён ўзимга ўзим у зот вафот этгунларича улардан ажралмасликка онт ичдим ва то вафот этгунларича у кишидан ажралмадим»

Шу билан бирга, Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи бошқа устозлардан ҳам дарс олар эдилар. У киши жуда кўп ҳаж қилар, Макка ва Мадинада кўплаб уламолар билан илм мажлислари қурар эдилар. Айниқса тобеъинлардан ҳадис ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар.

Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Али ибн Ҳусайн, Жаъфар Содиқ, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Нафсуззакия ва бошқа улуғ кишилардан ҳам илм олганлар.

6. Зайд ибн Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин розияллоҳу анҳу (ҳ. 112 йилда вафот этган). У киши қироатлар ва улумул Қуръон илмлари, фиқҳ ва ақоид илмларида кўзган кўринган аллома эди. Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи у кишидан икки йил дарс олганлар.

7. Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу. Бу зот Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи билан тенгдош бўлганлар. Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқдек фақиҳни кўрмаганман», деганлар.

8. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу. Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи бу зотга шогирд тушганларини Маккий, Ибн Баззозий ва бошқалар таъкидлаганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эдилар.

9. Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидин (ҳ. 114 йилда вафот этган). Бу зот чуқур илмга эга бўлганлари учун Боқир лақабини олган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у зот билан Мадинаи Мунавварада учрашганлар.

Устозлари Ҳаммод ибн Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи қирқ ёшда эдилар. Устознинг ҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Аллоҳдан қўрқинглар давоми...

4267 23:07 / 02.12.2016
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинган. .Қуръон, лафзининг луғавий маъноси .ўқиш, дегани. Ҳозирги кунда бузилмай, ўзгариш киритилмай қолган давоми...

3822 19:00 / 18.07.2022
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлХолиқ Бу исмнинг маъноси асли ва ўхшаши йўқ нарсанинг ўлчовини мос қилиб яратувчидир.Аллоҳ махлуқотларни яратишдан олдин ҳам Холиқ давоми...

9039 08:23 / 20.04.2017
Юқорида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг илмий фаолиятларини илми каломдан бошлаганлари ва кейин фиқҳга ўтганлари ҳақида сўз юритган эдик. У кишининг давоми...

4276 19:20 / 15.07.2019