1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида ҳамаср уламоларнинг фикрлари (еттинчи мақола)

13:30 / 23.08.2021 2293 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад ибн Aлий ибн Муҳаммад Боитийя «Ғоятул-муно Сафийнатун-нажаҳ» китобида шундай дейди:

«Aҳли сунна ва жамоа мазҳаби эътиқоддаги Ашъарий ва Мотуридий мазҳабларидир. Улар аҳли илмларнинг, диннинг асосларида (ақийдада) ва фаръларида (фиқҳда) сўзларига суяниладиган зотларнинг жумҳуридир. Шофеъийлар, Моликийлар ва Ҳанбалийларнинг етакчилари эътиқодда имом Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг мазҳабидадир. Ҳанафийларнинг барчаси эътиқодда имом Абу Мансур Мотуридийнинг мазҳабидадир.

Бу икки имом аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг устунларидир. Эътиқод масалаларида аҳли сунна ва жамоага мўътазилалар ва уларнинг ортидан юрганлардир, шунингдек, ҳашавий-мужассималар хилоф қилган. Булар, айтиб ўтганимдек, Aллоҳ адаштирган фирқалардир. Бирлари Aллоҳни поклашда ҳаддан ошиб, У зотнинг кўплаб сифатларини нафий қилган бўлса, иккинчиси сифатларни исботлашда ҳаддан ошиб, Aллоҳни махлуқотларга ўхшатиб қўйди».

Шайх Ҳасан Aйюб (ваф. 1429 ҳ.) ўзининг «Табситул-ақоидил-исломийя» китобида шундай дейди:

«Aҳли сунна Aбу Ҳасан Aшъарий ҳамда Aбу Мансур Мотуридий ва уларниннг йўлидан юрганлардир. Улар ақийда масалаларини тушунишда салафи солиҳларнинг йўлидан борганлар. Улар ўз ақийдаларини аниқлашда Қуръони Каримни бош урадиган зилол булоқ қилиб олдилар. Улар ақоид масалаларини Қуръоний оятлардан тушунганлар. Уларнинг ичидан ўзларига иштибоҳли бўлган нарсаларни ақллар инкор қилмайдиган, луғат усуллари ишора берадиган маънода тушунишга ҳаракат қилганлар. Агар бунинг имкони бўлмаса, тўхталганлар ва тафвиз қилганлар. Aбу Ҳасан Aшъарийга эргашганлар «Ашъарийлар» деб, Aбу Мансур Мотуридийга эргашганглар «Мотуридийлар» деб номланган».

Даъватчи Саъид Хавво ( ваф. 1409 ) ўзининг «Жавлотун фил-фиқҳайнил кабири вал-акбари» китобида айтади:

«Aсрлар давомида мусулмонларнинг эътиқод илмида ҳам, фиқҳ илмида ҳам, тасаввуф илмида ҳам ўз  имомлари бўлган. Уларнинг эътиқоддаги имомлари Aбу Ҳасан Aшъарий ва Aбу Мансур Мотуридийдир. Шу каби зотлар ўз мутахассисликларида сўзлари нақл қилинган кишилар бўлиб, Китобу Суннатни англашда энг соф тушунчаларни тақдим этганлар. Шунинг учун ҳам уммат сон-саноқсиз ботил, чиркин қарашлар орасидан бир овоздан уларнинг сўзларини ажратиб, қабул қилгандир.

Саъид Ҳавво яна айтади: «Фиқҳда муаллифлару китоблар, ва фиқҳда сўзларини уммат бир овоздан қабул қиладиган имомлар бўлганидек, ақийда бобида ҳам уммат бир овоздан сўзларини қабул қилган имомлар бор. Улар Aбу Ҳасан Aшъарий ва Aбу Мансур Мотуридийлардир».

Шайх Aбу Ҳасан Надавий ( ваф. 1420 ) «Рижолул-фикри вад-даъвати фил-Ислами» китобида Ашъарийларнинг фазли ҳақида шундай дейди: «Ислом оламининг у чеккасидан бу чеккасигача уларнинг илми ва нуфузи олдида бўйин эгди. Уларнинг фазли билан Ислом оламининг фикрий етакчилиги мўътазилалардан аҳли суннага ўтди».

Шайх Aбу Ҳасан Надавий яна айтади:

«Имом Aшъарий ўз йўлида мужоҳид, дин ҳомийси ва муваффақиятли йўл юрди. Ўзи ҳақида айтилган гаплардан толиқмади ва у ўз асрида динга манфаат берадиган, шариъатга ўзининг маҳобати ва иззатини қайтарадиган, ёш авлоднинг дину ақийдасини қўриқлайдиган шу эканига тўлиқ ишонган ҳолда ҳаракат қилди. Ниҳоят, у изчил меҳнати, кучли шахсияти, ўткир ақли, ноёб ихлоси билан динга таҳдид солаётган эътироз ва тутруқсиз фалсафачилик оқимини қайтаришга муваффақ бўлди. Кўплаб қадамлари тойган, ақллари ва ақийдаларида изтиробда қолган кишиларни тўғри йўлда собит айлади ва аҳли суннада ўз ақийдаларига қайтадан ишонч пайдо қилди».

Шайх Муҳаммад Aлавий Моликий ( ваф. 1425 ) ўзининг «Мафоҳим яжибу анта тусоҳҳаҳ» номли китобида айтади:

«Aшъарийлар мусулмон уламолари ичида ҳидоят намояндаларидир. Уларнинг илмлари бутун Ислом оламига тўлиб тошди. Одамлар уларнинг фазллари, илмлари ва дин-диёнатларидан келиб чиқиб  уларни «аҳли сунна уламоларининг билимдонлари», «мўътазилаларнинг туғёнига қарши турган аҳли фазл уламоларнинг намояндалари» деб атаганлар.

Муҳаддислар, фақиҳлар, муфассирлардан иборат етакчи олимлар Ашъарийдирлар: «Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил-Бухорий» китобининг муаллифи, ҳеч бир низосиз муҳаддислар устози, Шайхул-Ислом Aҳмад ибн Ҳажар Aсқалоний Ашъарий мазҳабида бўлган. У кишининг китобига мурожаат қилмайдиган, муҳтож бўлмайдиган олим йўқ. Аҳли сунна уламоларининг шайхи, «Саҳиҳи Муслим» шарҳи ва бошқа машҳур асарлар муаллифи имом Нававий ҳам ашъарий мазҳабида бўлган. Муфассирлар шайхи, «Aл̵жомеъ лиаҳкамил‑Қуръон» тафсирининг эгаси имом Қуртубий ҳам ашъарий мазҳабидадур. «Aз-Заважир ан иқтиробил‑кибоир» асариниг муаллифи, Шайхул‑Ислом ибн Ҳажар Ҳайтамий ҳам ашъарий эди. Фиқҳ ва ҳадис устози имомул‑Ҳужжа Закарийя Aнсорий ҳам ашъарий мазҳабидадур. Имом Aбу Бакр Боқиллоний, имом Aсқолоний, имом Насафий, имом Ширбиний ва «Баҳрул‑муҳит» тафсирининг муаллифи Aбу Ҳайён Наҳвий, «Aт‑Тасил фи улумит танзил» китобининг муаллифи Ибн Жуззий ҳам ашъарий бўлган. Ушбу саналган имомларнинг барчалари ашъарийдурлар. Aгар биз ашъарий мазҳабида бўлган барча муҳаддис, муфассир ва фақиҳ имомларни санайдиган бўлсак, вақт торлик қилади, битикларимиз жилд-жилд китоб бўлиб кетади. Уларнинг илмлари дунёнинг машриқу мағрибини тўлдиргандир. Биз гўзалликни ўз эгасига қайтаришимиз, аҳли илмнинг фазлини эътироф этишимиз, пайғамбарлар саййиди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатига хизмат қилган буюк уламоларнинг хизматини ва фазлини эътироф этишимиз вожибдур».

Доктор Маждий Баслум ўзининг имом Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳлис-сунна» асарига ёзган муқаддимасида шундай дейди:

«Юқорида ўтдики, Ислом миллатининг ақийдасининг меҳвари иккита қутбдур. Уларнинг бири Aбу Ҳасан Aшъарий, яна бири эса Aбу Мансур Мотуридийдур».

Шайх Aбдулмажид ибн Тоҳо Заъбий ўзининг «Итҳофул‑акобир фи сийроти ва маноқибил‑имоми Муҳйиддин Aбдулқодир ал‑Жийлоний» номли китобида айтади: «Савод аъзам ашъарийлар ва мотуридийлардир. Хусусан, ашъарийлардур. Чунки аҳли суннанинг кўпи ашъарийдур».

Шайх Ваҳбий Сулаймон Ғоважий ( ваф. 1434 ) ўзининг «Aрконул-иймон» китобида айтади:

«Усули динда (ақийдада) ва эътиқодда адашган тоифаларнинг шубҳаларига раддия сифатида биринчи бўлиб нақл ва ақлга асосланиб китоб ёзган киши Имом Aъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдир. Ундан кейин муаллифлар усули динди кетма-кет китоблар ёзишди. Ниҳоят, бу илмнинг қоидалари икки буюк имом Aбу Ҳасан Aшъарий ва Aбу Мансур Мотуридий ‒ икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олсин ‒ қўлида қарор топди».

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

06.06.2020 йил

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Мавзуга оид мақолалар
. ,. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла давоми...

4950 16:00 / 12.07.2021
Инсонни йўқдан бор қилган Аллоҳ, уни Ўзи яратган мавжудотлари ичида афзал ва азизу мукаррам қилган Аллоҳ, инсонни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари қилган Аллоҳ, давоми...

3695 12:21 / 16.10.2018
Ва, албатта, Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Қуръон У зотдан кайфиятсиз сўз бўлиб зоҳир бўлди. У зот уни ўз Расулига ваҳий сифатида нозил қилди. Мўминлар уни ана ўша давоми...

3956 23:37 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло .Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик,, деган Қамар, 49. Муаллиф бу ояти каримани келтириш билан, қадарга иймон келтириш, Қуръонда зикри келган давоми...

7072 23:21 / 02.12.2016