Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Шайх» дегани «одамларнинг тавбасини қабул қиладиган зот» дегани эмас. Балки «Аллоҳ таолога тавба қилишнинг осон йўлларини ўргатадиган устоз» деганидир.
«Шайх» дегани «амалларнинг фарзу вожибини янгидан жорий қиладиган зот» дегани эмас. Балки «барча амалларни шариат кўрсатганидек адо этишни ўргатадиган устоз» деганидир.
«Шайх» дегани «ғайбдан хабар берадиган зот» дегани эмас. Бал-ки «кишиларни ғайбни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмаслигига эътиқод қилишга чақирадиган устоз» деганидир.
«Шайх» дегани «гуноҳ қилишдан холи маъсум зот» дегани эмас. Балки «кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ҳеч бир маъсум йўқлигини таълим берадиган устоз» деганидир.
«Шайх» дегани «ўз муридларини қиёмат куни шубҳасиз қутқа-риб оладиган зот» дегани эмас. Балки «уларни қиёмат куни учун бу дунёда тайёргарлик кўришга ўргатадиган устоз» деганидир.
Бас, шундай экан, кишиларни тасаввуф илмига ўргатиш учун етук устоз лозимдир.
Хўш, тасаввуф илмидаги етук устоз қандай сифатларга эга бўлиши керак?
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади:
«Кимни залолатга кетказса, унинг учун муршиди валийни топа олмассан» (17-оят).
Ушбу ояти каримада бир неча дақиқ маънолар бор.
Биринчиси: агар Аллоҳ таоло бировни залолатга кетказса, уни муршиди валий ҳам қутқара олмайди.
Иккинчиси: муршиди валий одамларнинг ҳидоятига сабаб бўлиши мумкин.
Учинчиси: агар муршиди валий бор бўлса, Аллоҳ таолонинг йўлига даъват мукаммал бўлади. Агар инсон ўзига тўғри йўлга иршод қилувчи устозни топса, унинг Аллоҳ таолонинг йўлига кириши ва ўша йўлда юриши осонлашади.
Бундан динни, хусусан, тасаввуф илмини кишиларга ўргатиш учун муршиди валий лозимлиги келиб чиқади.
Аҳли тасаввуф: «Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар билан бирга бўлинглар» (Тавба сураси, 119-оят), деганда далил қилган содиқлар сўфийлардир», дейдилар.
Ушбу тушунчани баъзи аҳли тасаввуф муболаға тарзида бўрттириб, «Сўфийлардан бошқалар содиқ эмасдир» деган қоидага айлантириб оладилар. Аммо ушбу оятдаги «содиқлар» иборасидан «сўфийлар» деган маъно чиқишига уларнинг ҳеч қандай далиллари йўқ.
Ояти каримадаги «содиқлар» кимлигини билиш учун эса яна Қуръони каримнинг ўзига мурожаат қилиш керак.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилиб айтадики:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина тақводорлардир» (177-оят).
Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар, балки яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар.
Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устин турувчи жиҳат белгилаши керак.
Ислом динида яхшилик – Аллоҳ таоло яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани юқоридаги оятда тўлиқ таърифлаб берилган.
Келинг, аввал ушбу ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
«Лекин яхшилик – Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган ҳамда намозни тўкис адо этган, закотни берган киши ҳамда аҳд қилганда, аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик ва шиддат вақтида сабр қиладиганларникидир», демоқда.
(давоми бор)
“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан