Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 жумадис сони | 2025 йил 16 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим таълимотларини ўрганиб бориш | Қуръони Карим дарслари (181-дарс)

19:00 / 15 декабрь 214 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْمَاهِرُ بِالْقُرْآنِ مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ الْبَرَرَةِ، وَالَّذِي يَقْرَأُ وَهُوَ يَشْتَدُّ عَلَيْهِ لَهُ أَجْرَانِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қуръонга моҳир бўлган киши «ҳурматланган ва ўта яхши элчи(фаришта)лар» билан бирга бўлади.

Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Қуръони Каримга моҳир бўлиш учун тарғиб қилинмоқда.

Қуръони Каримга моҳир бўлганлар учун олий мақом ваъда қилинмоқда.

Қуръони Каримга моҳир бўлганлар Қуръони Каримга масъул қилинган, Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам ва ўта ҳурматли фаришталар билан бирга бўлишлари таъкидланмоқда.

«Қуръонга моҳир бўлган киши «ҳурматланган ва ўта ‎яхши элчи(фаришта)лар» билан бирга бўлади‎».

«Мазкур фаришталар кимлар?» деган савол туғилади. Ўша фаришталарнинг васфи Қуръони Каримда келган. Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятлари ва уларни нақл қилувчи фаришталар ҳақида «Абаса» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Мукаррам саҳифалардадир. Олий қадардирлар, поклангандирлар. Элчи(фаришта)ларнинг қўлларидадир. Ҳурматланган ва ўта яхшиларнинг», деган («Абаса» сураси, 13-16-оятлар).

Келинг, энди ушбу ояти карималарни бир бошдан ўрганиб чиқайлик. Демак, Қуръони Карим оятлари «мукаррам саҳифалардадир‎».

Яъни Қуръони Карим оятлари Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматланган саҳифаларда туради.

«Олий қадарлардир, покланганлардир», яъни мазкур Қуръони Карим оятлари турадиган саҳифаларнинг мартабаси улуғдир ва поклангандир.

Чунки Қуръон оятлари ўта мўътабар ва муҳтарамдир. Уларни мартабасига, бойлигига ва мансабига қарамай, хоҳлаган кишига ўргатавериш уларнинг қадрлари пастлигидан эмас.

Аксинча, бу иш Қуръон оятлари Аллоҳ таолонинг Лавҳул Маҳфузидаги азизу мукаррам саҳифаларда бўлганидандир. Аллоҳнинг наздида ҳамма бандалар тенг эканидандир.

Аллоҳнинг ҳузурида бандаларнинг қадр-қиймати мол-мулкларига ва мансабу насабларига қараб эмас, иймон-эътиқодига, Қуръон оятларини ўрганишни хоҳлашларига қараб белгиланади.

Шу билан бирга, Қуръон оятларини мазкур ҳурматланган, олий қадар ва покланган саҳифалардан бошқа томонга нақл қилиш ҳам ўзига яраша олий мақомга сазовордир.

Қуръони Карим оятлари бошқа жойдан чиққан саҳифалар каби, дуч келган одам томонидан нақл қилинавермайди, чунки улар «Элчи(фаришта)лар қўлларидадир. Улар ҳурматланган ва ўта яхшилардир».

Ҳа, Қуръони Карим оятлари элчи фаришталар қўлида. У элчи фаришталарнинг сифатлари ҳурматланган ва ўта яхшидир.

Улар аввало фаришталардир, фаришталар эса Аллоҳнинг амридан заррача ҳам четга чиқмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз ва бекаму кўст бажарадиган зотлардир.

Шунинг учун ҳам Қуръони Карим оятларини нақл ва муҳофаза қилишда ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Иккинчидан, мазкур фаришталар оддий фаришта эмас, элчи фаришталардир. Элчилик сифатлари ҳам уларнинг Қуръони Карим оятларини муҳофаза қилишда ва нақл этишда яна ҳам аниқлик билан, яна ҳам эҳтиёткорлик билан, яна ҳам омонат билан ҳаракат қилишларини таъминлайди.

Учинчидан, мазкур фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳузурида алоҳида «ҳурматланган» фаришталардир.

Аллоҳ таоло кўплаб фаришталар ичидан буларни алоҳида ҳурматлаган. Ана шу илоҳий ҳурматлаш ҳам уларнинг Қуръони Карим оятларини муҳофаза ва нақл қилишда алоҳида аниқлик, эҳтиёткорлик ва омонат билан тасарруф қилишлари учундир.

Тўртинчидан, Аллоҳ таоло томонидан қўлларига Қуръон оятлари ишониб топширилган фаришталар «ўта яхши» фаришталардир.

Фаришталарнинг ҳаммаси Аллоҳнинг энг яхши қуллари эканига ҳеч шубҳа йўқ. Аммо Қуръон оятларига масъул қилинган фаришталар энг яхши қуллар ичида ҳам «энг яхши»лари экани билан алоҳида эътиборга сазовордир.

Демак, Қуръон туфайли, Қуръон оятлари хизмати туфайли бу хизматга лойиқ топилган фаришталарнинг қадр-қийматлари, обрў-эътиборлари ва мартабаю даражалари ҳам ортган.

Худди шу ҳолат инсонларга нисбатан ҳам бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Карим билан Ўзи хоҳлаган бандаларининг шону шарафини кўтарган.

Аввало, Қуръон оятларини олий – самовий мақомдан, Руҳул Амийндан, яъни Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олиши учун Аллоҳ таоло башариятнинг энг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олган.

У зотдан илоҳий Каломни – қиёматгача икки дунё бахти йўлини инсониятга кўрсатиб борувчи Дастурни қабул қилиб олган саҳобалар жамоаси эса инсоният тарихидаги энг яхши, энг тақводор, энг аҳли солиҳ ва энг ишончли авлоддир.

Улардан кейинги авлодлардан ҳам энг яхши кишилар Қуръонни ёдлаш, уни муҳофаза қилиш, унинг хизматида бўлиш бахтига муяссар бўлиб келмоқдалар.

Бу улкан мартабага муяссар бўлиш эса кишининг молу мулки, мансаби, насли-насабига қараб эмас, иймон-эътиқоди ва Қуръон хизматига бўлган хоҳиш-иштиёқига қараб бўлмоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон билан мўмин-мусулмонлардан ихлосли кишиларнинг қадр-қийматлари ва обрў-эътиборлари кўтарилади.

Бас, шундай экан, ушбу ҳадиси шарифда зикри келган улуғ мақомга, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам бўлган ва ўта яхши бўлган фаришталар билан бўладиган мақомга эришишни орзу қилганлар Қуръони Каримга моҳир бўлишга қаттиқ ҳаракат қилишлари лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифнинг давомида:

«Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар».

Аллоҳ таоло турли бандаларига турли қобилият ва турли имкониятлар берган. Бандалар ичида ўткир қобилиятли ва яхши имкониятли бўлганлари Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Қуръони Каримга моҳир бўлиб, мазкур олий мақомга эришадилар.

Аммо баъзи бандалар ўткир қобилиятли бўлмасликлари ва яна бошқалари имкониятли бўлмасликлари мумкин. Уларнинг рағбатлари бўлса ҳам Қуръони Каримга моҳир бўла олмайдилар. Унда нима қилиш керак?

Бундай ҳолда ҳам Қуръони Каримни ўрганишга ҳаракат қилавериш керак. Чунки бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни ўқишда қийналган кишига қийналмаган кишидан кўра икки баробар кўп ажр берилиши ваъда қилинмоқда.

Ушбу маънолардан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, Қуръони Каримни кўпроқ ўрганишга уриниши керак бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил,, деган.Шарҳ Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни донадона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини давоми...

5600 05:00 / 19.01.2017
42. Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос.43. Улар бошларини давоми...

4966 05:00 / 23.01.2017
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

4657 05:00 / 23.01.2017
30. Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят давоми...

3991 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

214064 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

133259 14:35 / 11.08.2021