Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (11-дарс). Қуръоний ваҳий ҳолати

10:33 / 10.12.2018 7034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида дейди:

ﭦﭧﭨﭩﭪﭫ

«Албатта, Биз устингга оғир Сўзни ташлармиз» (5-оят).

Яъни «Қуръонни ташлаймиз». Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Унинг қалбга таъсири оғир. Ҳашр сурасининг 21-оятида Аллоҳ таоло: «Агар ушбу Қуръонни тоққа нозил қилганимизда, унинг Аллоҳдан қўрққанидан титраб-қақшаб, парчаланиб кетганини кўрар эдинг», деган. Ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган буюк ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар.

Юқорида ўтганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳиҳ ҳадисларида ваҳийнинг қалбларига нозил бўлиш ҳолатларини баён қилиб берганлар:

«Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида гавдаланиб сўзлайди, мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан».

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишининг икки хил кўринишини сўзлаб бермоқдалар:

Биринчи суратда оғир сўз – Қуръони карим оятлари қалбларига нозил бўлар экан, худди қўнғироқнинг жарангига ўхшаб келади. Бунда у зот идрок этиладиган сўзни диққат билан тинглайдилар. Ваҳий тўхтаган пайтда сўзларни тўла англаб, ёдлаб олган бўладилар.

Иккинчи суратда Жаброил алайҳиссалом у зотга инсон суратида кўринадилар. Кўриниши худди оддий инсон шаклида бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ваҳий осонроқ кечади.

Биринчи ҳолатда инсоннинг фариштанинг ҳолатига мослашиши, иккинчисида эса фариштанинг инсоннинг ҳолатига мослашиши талаб қилинади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчиси енгилроқ кечади, унда хотиржамроқ бўладилар, қўрқув босмайди. Биринчи суратда эса таъсир, босим шиддатлироқ, ваҳий оғирроқ бўлади.

Қуръон оятларининг қўнғироқ жарангига ўхшаб тушиш жараёни у зот учун ниҳоятда оғир кечарди. Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар: «Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, ваҳийнинг салобатидан, юкидан соним ёрилиб кетай деди». Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай, чўкиб қолар эди. Ваҳий тушган пайтда кунлар совуқ бўлса ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг нафас олишлари тезлашиб, терлаб кетар эдилар.

Мўъминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо бу хусусда шундай деган эдилар: «Дарҳақиқат, у зотга қаттиқ совуқ кунда ваҳий нозил бўлаётганини, сўнг у зотдан ариганида пешоналаридан тер оқаётганини кўрганман».

Иккинчи суратда ваҳийнинг босими енгил ва тушиши латифроқ бўлади. Бунда қўнғироқ овозлари ва пешона терлари бўлмайди. Балки берувчи ва олувчининг шакли бир-бирига ўхшайди. Бу вақтда ваҳийни нақл қилувчи ишончли фаришта учун ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам иш енгил кўчади. 

Икки суратда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ваҳий қилинган нарсани сингдириб олишга ўта ҳарис бўладилар. Биринчи сурат хусусида у зот шундай деганлар:

«Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан».

Иккинчи сурат хусусида ҳам:

«Мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу гаплари билан қалбларидаги тўла сингдириб олиш қуввати ваҳийдан олдин ҳам, ваҳий асносида ҳам, ваҳийдан кейин ҳам бор бўлишини исбот қилмоқдалар. Ваҳий енгилроқ кечган тақдирда ҳам, оғирроқ кечган тақдирда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ёдлаб, ўзларига сингдириб олар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мукаммал сингдиришни ваҳий нозил бўлиши босқичларини ўз ичига олган узун қуръоний даврда бирор марта ҳам ўзларининг қабул қилиб олувчи, буйруқ кутувчи инсоний шахсиятларига аралаштириб юбормадилар. У зот ваҳийда келган нарсани ўзларига сингдирар эканлар, Аллоҳнинг ҳузурида заиф инсон ҳолларида турардилар. Ҳатто Аллоҳ таоло ўзлари ва қалбларининг орасини тўсиб қўйишидан қўрқардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дуоларида Роббларига ёлвориб:

«Аллоҳим, эй қалбларни буриб қўювчи Зот! Менинг қалбимни итоатингга бургин. Аллоҳим, эй қалбларни айлантирувчи Зот! Менинг қалбимни динингда собит қилгин!» дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийнинг дастлабки нозил бўлиш пайтида баъзи оятларнинг қалбларидан унутилиб қолишидан қўрқиб, уларни ваҳий асносида тиллари ва лабларини қимирлатиб, Жаброил алайҳиссаломга ҳарфма-ҳарф эргашиб талаффуз қилар эдилар. Аллоҳ таоло ваҳийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилларига муҳрлаб, тилларига жорий қилишни, ҳатто уни изоҳ ва баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хотиржам бўлишга буюрди. 

Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади:

ﯸﯹﯺﯻﯼﯽﯾﯿﰀﰁﰂﰃﰄﰅﰆ ﰇﰈﰉﰊﰋﰌﰍ

«Сен шошилиб, у билан тилингни қимирлатма. Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур. Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда» (18-19-оятлар).

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятлар маъносида қуйидагиларни айтганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил бўлаётган оятларда оғирлик сезар эдилар. Бирор нарсани ўтказиб юбормасдан, ёдлаб олиш мақсадида унга тиллари ва икки лабларини қимирлатиб турар эдилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятларни нозил қилди. Ана шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келсалар, бошларини қуйи солиб, жим тинглайдиган бўлдилар. Жаброил кетгач, Аллоҳ қандай ваъда қилган бўлса, ўшандай ўқийдиган бўлдилар».

Аллома Исмоил ибн Касир худди шу оятлар тафсирида қуйидагиларни ёзади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қабул қилиб олишга шошилар эдилар. Фариштанинг қироатидан олдинга ўтиб кетиб қолардилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла у зотни тинчланишга амр этди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларида жамлаб бериш, баён қилиб бериш, очиқлаб бериш кафолатини олди. Биринчи ҳолат – уни қалбларида жамлаш. Иккинчи ҳолат – тиловати. Учинчи ҳолат – тафсири ва маъносини изоҳ қилиш».

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳийни қабул қилишда шошилишдан қайтариб, юқоридаги маънони таъкидлаб, шундай дейди:

ﭖﭗﭘﭙﭚﭛﭜﭝﭞﭟﭠﭡﭢﭣ ﭤ

«Сенга ваҳийси битмасидан, Қуръонга ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин» (114-оят).


«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб берУшбу давоми...

5275 05:00 / 23.01.2017
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

3687 05:00 / 23.01.2017
Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир.Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима давоми...

4810 17:40 / 30.04.2018
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

4305 05:00 / 23.01.2017