Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (70-дарс). Барчаси Роббимиз ҳузуридандир

13:56 / 28.01.2020 5707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.

Аввало, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини ўша ҳадиси шарифлардан очиқ-ойдин тушуниб олишимиз қийин. Бунинг устига, «етти ҳарф»дан айнан нима кўзда тутилганини ҳам мазкур ҳадиси шарифлардан билиб олиш мушкул. Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг даврларида яшаган саҳобаи киромлар бу нарсаларни яхши билганлар. Улар ўша ўзлари яхши билишларига эътимод қилиб, ўзаро муомала қилганлар.

Шу ўринда «Ўзлари тушунган бўлсалар яхши, аммо келажак авлодлар учун бу масалани баён қилиб қўйсалар бўлмасмиди?» деган савол туғилади. Ўзлари учун оддий бўлган масалани келажакда бошқалар тушунмай қолишлари мумкинлигини ким ўйлабди, дейсиз. Бундан ҳам муҳими, улар бунга ўхшаш оддий нарсаларга вақт ҳам топмаганлар. У азизлар бутун дунёни Ислом ҳидоятига бошлашдек улкан иштиёқ билан яшаганлар. Улар ўзлари етишган улкан бахтга ўзгалар ҳам тезроқ эришиши ҳақида бош қотирар эдилар. Бунақанги баҳсларга вақтлари ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ эди.

Ҳофиз Абу Ҳотим ибн Ҳиббон Бустий: «Одамлар бу масалада ўттиз беш хил фикр айтишган», дейди.

Имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-Итқон фи улуми Қуръан» номли китобларида бу масалада қирқ хил фикр борлигини келтирганлар. Лекин бу фикрларнинг аксарини саҳиҳ нақл ҳамда соғлом мантиқ қўллаб-қувватламайди. Бу хусусдаги хато «етти ҳарф»нинг маъносини узил-кесил тайин қилишни хоҳлаш оқибатида келиб чиққан. Бироқ Ибн Арабий айтганидек, «етти ҳарф»нинг маъноси хусусида матн ҳам, асар ҳам келмаган. Кишиларнинг ихтилофи уни тайин қилишдадир.

Шу ерда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини тушуниш учун ҳаракат қилиб айтилган фикрлардан баъзиларини келтириб ўтсак, фойдадан холи бўлмаса керак. Чунки бизда ҳам баъзи бир кишилар худди шу гапларни гапиришга ва ёзишга ўтмоқдалар.

«Етти ҳарф»дан мурод нима эканини баён қилмоқчи бўлганлар ўзларича турли фикрларни айтганлар. Ана шу фикрлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

1. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши араб тилининг етти лаҳжасида нозил бўлишидир.

Бу фикрни олға сурганлар ўша араб лаҳжаларини санаб ҳам ўтадилар. Баъзилар уларни қуйидаги лаҳжалардан иборат, дейишади:

1. Қурайш;

2. Ҳузайл;

3. Тамим;

4. Азд;

5. Рабиъа;

6. Ҳавозин;

7. Саъд ибн Бакр.

Бошқалари эса аввалгиларга хилоф равишда қуйидаги лаҳжаларни санаб ўтадилар:

1. Ҳузайл;

2. Кинона;

3. Қайс;

4. Зобба;

5. Таййимур-Рибоб;

6. Асад ибн Ҳузайма;

7. Музор.

Аммо Қуръони Каримда ушбу зикр қилиб ўтилган қабилалардан бошқаларнинг ҳам лаҳжалари бордир. Уларнинг барчаси Қурайш луғатида ўз аксини топган. Абу Бакр Воситий ўзининг «Ал-Иршад фил-қироатил-ашр» китобида бу лаҳжаларни қирқтагача етказган.

Кўплаб уламолар «Етти ҳарф»дан мурод арабларнинг етти лаҳжасидир, деган гап мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаганлар. Аввало, қайси лаҳжалар кўзда тутилгани маълум эмас. Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганлиги ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бирида Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу билан ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар ва у зот Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини айтадилар. Ҳолбуки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам, Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида сўзлашадиган одам эдилар. Агар гап лаҳжада бўлганида, улар ихтилоф қилмас эдилар.

2. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши етти қироатда нозил бўлишидир. Шунинг учун ҳам Ислом оламида етти хил қироат тарқалган.

Халил ибн Аҳмаддан ҳикоя қилинганидек, «Етти ҳарф»дан мурод қироатлардир», деган фикр, хусусан бу гапни айтувчи машҳур етти қироатни назарда тутаётган бўлса, шубҳасиз, бу энг заиф фикрдир.

Бу ниҳоятда кулгили гап. Чунки етти қироат деган гап анча кейин чиққан. Бунинг устига, аввал қироатлар кўп бўлган. Фақат улардан энг машҳурларини танлаб олишга ҳаракат қилинган пайтда уламолар етти қироатни ихтиёр қилганлар, холос.

3. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши муайян ададни тақозо қилмайди. Арабларда «етти» сўзи гоҳида чекланмаган ададга нисбатан ишлатилади.

Бу гап ҳам тўғри эмас. Чунки Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда гап айнан олти билан саккизнинг орасидаги етти адади хусусида кетади.

Баъзилар «Еттидан мурод ҳақиқий адад эмас, балки осонлаштириш, енгиллаштириш ҳамда кенгликдир. Етти сўзи бирликларда «етти», ўнликларда «етмиш», юзликларда «етти юз» шаклида мутлақ кўпликни ифода қилиш учун ишлатилади», дейдилар. Бу каби фикрларнинг Қози Иёзга ҳам нисбат берилиши ниҳоятда ғарибдир. Ваҳоланки, у киши саҳиҳ ривоятларга ортиқча сўз қўшмас эди. Лекин Суютий матнларга суяниб, бу сўзни кучли тарзда рад қилган.

Демак, «етти» лафзидан кўплик эмас, балки аксар уламолар тушунганларидек, аниқ сон мақсад қилинган. Ушбу муайян адад хусусида баҳс юритиш натижасида қийинчиликка дучор бўлишади.

Ибн Ҳиббон айтганидек, «Етти – кўпчиликнинг наздида аниқ ададдаги сондир».

4. Қуръони Карим хусусидаги «етти ҳарф»дан мурод «етти илм»дир.

Баъзилар «Қуръони Карим етти ҳарфда нозил қилинган, дегани унда етти катта илм баён қилинганидир», дейишади. Улар ўзларича мазкур етти илм қуйидагилардан иборат эканини айтганлар:

1. Илмул-иншаъ вал-ийжад (мавжудотнинг пайдо қилиниши, яратилишига доир илм);

2. Илмут-тавҳид ват-танзиҳ (Аллоҳ таолонинг тавҳиди танзиҳига доир илм);

3. Илму сифатиз-зат (Аллоҳ таолонинг Зотига доир илм);

4. Илму сифатил-феъл (Аллоҳ таолонинг ишларига доир илм);

5. Илму сифатил-афву вал-азаб (Аллоҳ таолонинг кечируви ва азобига доир илм);

6. Илмул-ҳашр вал-ҳисаб (қиёматда қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга доир илм);

7. Илмун-нубувва (пайғамбарлик ҳақидаги илм).

Бу албатта, ҳадиси шарифни ўзларича чуқур, ботиний тарзда тафсир қилишларидир. Аллоҳ таоло бу маънода ҳеч қандай далил нозил қилмаган.

5. Бошқа бир тоифанинг фикрига кўра «етти ҳарф»дан мурод қуйидаги етти нарсадир:

1. Мутлақ ва муқайяд;

2. Ом ва хос;

3. Насс ва муаввал;

4. Носих ва мансух;

5. Мужмал ва муфассар;

6. Истисно;

7. Унинг қисмлари.

Албатта, бу гап ҳам ҳеч қандай далил ва ҳужжатга асосланмай, хаёлдан айтилган гапдан бошқа нарса эмас. Мазкур истилоҳлар усули фиқҳ атамалари бўлиб, тафсилоти усули фиқҳ китобларида келади.

6. «Етти ҳарф»дан мурод бир ҳадисда зикри келган етти нарсадир.

Бу фикр эгаларининг журъати «етти ҳарф»ни шарҳлашда заиф ҳадисни далил қилишгача етиб боради. Улар куйидаги ҳадисни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарадилар. Гўёки у зот шундай деган эмишлар:

«Аввалги Китоб бир эшикдан бир важҳда нозил қилинган эди. Қуръон эса етти эшикдан етти ҳарфда нозил қилинди: зожир, омир, ҳалол, ҳаром, муҳкам, муташобиҳ, амсол. Ҳалолни ҳалол денг, ҳаромни ҳаром денг, масаллардан ибрат олинг, муташобиҳларига иймон келтиринг ва: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», денг!»

Бу гапга қараганда, Қуръони Каримнинг «етти ҳарф»да нозил бўлиши унинг ичида қуйидаги етти нарсанинг борлигидир:

- Зожир – зажр қилувчи, яъни қайтариқлар борлиги.

- Омир – амр қилувчи оятлар борлиги.

- Ҳалол – ҳалолни баён қилувчи оятлар борлиги.

- Ҳаром – ҳаромни баён қилувчи оятлар борлиги.

- Муҳкам – маъноси бошқасига ўхшамаган очиқ-ойдин оятлар борлиги.

- Муташобиҳ – маъноси бошқасига ўхшаш, тушуниш учун уриниш керак бўладиган оятлар борлиги.

- Амсол – масаллар, ибратли қиссалар борлиги.

Ибн Абдулбарр: «Аҳли илмлар наздида ушбу ҳадис собит эмасдир, бу ҳадиснинг заифлигига ижмоъ қилинган», деган.

7. «Етти ҳарф»дан мурод маънолари бир хил, лафзлари ҳар хил бўлган етти кўринишдир.

Мисол учун:

«أَقْبِلْ، هَلُمَّ، تَعَالَ» – «олдинла», «бу ёққа», «кел»;

«عَجِّلْ، أَسْرِعْ» – «шошил», «тезла»;

«أَنْظِرْ، أَخِّرْ، أَمْهِلْ» – «шошма», «кечик», «вақт бер».

Бу ерда бир сўзнинг маъносини англатиш учун бошқа сўзлар ишлатилмоқда.

Чуқур ўйламасдан айтилган юқоридаги гап кейинчалик Қуръони Каримнинг душмани бўлган баъзи шарқшуносларнинг фитнаси учун шубҳа эшикларини очиб берган. Ушбу тушунчани маҳкам ушлаб олган шарқшунослар «Маънони қироат қилиш назарияси бор» деган шубҳани қўзғаганлар. Шубҳасиз, бу нарса исломий ҳаётдаги энг хатарли назариялардандир. Чунки бундан қуръоний матнларни ҳар кимнинг ҳавойи нафсига топшириб қўйиш, улар эса ўзлари хоҳлаган нарсани исбот қилишга уринишлари келиб чиқади.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз,, деган.Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда давоми...

6759 05:00 / 19.01.2017
133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва давоми...

20717 05:00 / 23.01.2017
Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. ndash Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди ndash Ва билиб давоми...

5065 22:15 / 31.03.2018
Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузуридаги заиф инсон сифатида, у Зотдан ёрдам сўрайдиган, ҳидоят ва мағфират тилайдиган, нимага буюрса, давоми...

7517 13:04 / 17.12.2018
Аудиолар

135062 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55340 14:35 / 11.08.2021