Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Қуръон» сўзининг луғавий маъноси
Энг аввал «Қуръон» лафзининг асл келиб чиқишини ўрганиб олишимиз, унинг луғавий далолатларига, Қуръон учун ихтиёр қилинган бошқа муҳим исмларга тўхталиб ўтишимиз лозим.
«Қуръон» лафзининг келиб чиқиши хусусида уламолар турли хил фикрларни айтганлар. Баъзилар уни ҳамзали, деса, бошқалар ҳамзасиз, дейдилар. Ҳамзасиз, дейдиган уламолар Шофеъий, Фарро, Ашъарий ва уларга эргашганлардир.
Шофеъий бу борада шундай дейди:
«Албатта, «Қуръон» лафзи маърифа (яъни «ал-» аниқлик артиклига эга сўз) бўлиб, бошқа лафздан чиқариб олинмаган ва ҳамзали ҳам эмас. Балки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган каломга атоқли исм қилиб қўйилган табиий номдир. «Қуръон» лафзи «قَرَأَ» – «қоро’а» феълидан олинмаган. Агар ушбу феълдан олинган бўлганида, ҳар бир ўқиладиган нарса Қуръон бўлиб қоларди. Лекин у Аллоҳнинг Каломига қўйилган номдир, худди Таврот ва Инжил каби».
Фарро эса қуйидагиларни айтади:
«“Қуръон” лафзи «قَرِينَة» – «қорийна» (яъни «яқин») сўзининг кўплик шакли бўлган «قَرَائِن» – «қороин» сўзидан чиқариб олинган. Чунки оятлар бир-бирига ўхшаш, яъни яқиндир. Маълумки, «قَرَائِن» калимасидаги «нун» аслийдир».
Ашъарий ва у кишига эргашганларнинг фикри қуйидагича:
«“Қуръон” лафзи «قَرَنَ الشَّيْءَ بِالشَّيْءِ» – «қоронаш-шай’а биш-шай’и» жумласидаги «قَرَنَ» – «қорона» феълидан чиқариб олинган, яъни «қўшди» маъносини англатади. Чунки суралар ва оятлар бир-бирига яқин бўлиб, уларнинг баъзиси баъзисига қўшилади».
Мазкур «“Қуръон” сўзи ҳамзасиздир» деган учала фикр ҳам тўғри эмаслигини билиш учун луғат ва тил қоидаларини ўрганишнинг ўзи кифоя.
Зажжож, Лиҳёний ва бошқалар «Қуръон» лафзи ҳамзалидир, дейишади.
Зажжож шундай дейди:
«“Қуръон” лафзи «فُعْلَان» – «фуълон» вазнидаги ҳамзали калима бўлиб, «жамламоқ» маъносидаги «قَرْء» – «қоръун» сўзидан олинган. Масалан, ҳовузга сув тўпланганини айтиш учун араблар ушбу «қоръун» калимасини ишлатадилар. Қуръонга шундай ном берилиши ўзидан олдинги китобларнинг самарасини жамлаганидандир».
Лиҳёний қуйидагиларни айтади:
«“Қуръон” калимаси «غُفْرَان» – «ғуфрон» вазнидаги ҳамзали масдар бўлиб, «тиловат қилди» маъносидаги «قَرَأَ» – «қоро’а» феълидан олинган. У «исми мафъул» маъносидаги масдардир. Шу боис ўқиладиган нарса (яъни Қуръон) у билан номланди».
Охирги энг кучли ва тўғри фикрга кўра, «Қуръон» сўзи луғатда «қироат»нинг маънодошидир.
«Қуръон» сўзи араб тилида бир неча маъноларни ифода қилади ва бу маънолар Аллоҳ таолонинг ушбу номдаги Китоби – Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган.
1. «Ўқиш» маъноси.
Буйруқ майлидаги «Иқроъ» – «Ўқи!», «Қироат қил!» маъносидаги сўз билан бошланган бу илоҳий ваҳий мажмуасининг номи «ўқиш», «ўқилмиш», «қироат қилинмиш» деган маъноларни англатувчи масдар – «Қуръон» бўлиб қолди. «Қуръон» ва «қироат» сўзларининг маъноси бирдир. Бу гапнинг далили Қуръони каримнинг Исро сурасидаги оятда келган:
ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ
«Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо эт. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир» (78-оят).
Ушбу оятдаги «фажр Қуръони» деган жумла «тонгги қироат» деган маънони билдиради.
Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида шундай марҳамат қилади:
ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ ﰈ
«Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, Биз уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур» (17-18-оятлар).
Бу оятларда биз «ўқиб бериш», «қироат» дея таржима қилган сўз «қуръан» калимасидир.
Ислом дини бош дастурининг айнан «Қуръон», яъни «Ўқиш» ёки «Ўқилмиш» деб номланишида ҳам катта маъно ўз ифодасини топган. «Бу дин илмга, маърифатга асосланган диндир, бу Калом илмга, маърифатга асосланган Каломдир» деган маъно бор бунда.
2. «Жамлаш» маъноси.
Луғатшунослар «Қуръон» лафзининг «ўқимоқ», «қироат қилмоқ»дан ташқари «жамлаш, ўзида мужассам этиш» маънолари ҳам борлигини таъкидлайдилар.
Аввалги араблар «قَرَأَ» лафзини «тиловат» маъносидан бошқа маънода ҳам, мисол учун, «жамлаш, ўзида мужассам этиш» маъносида ҳам ишлатар эдилар. Бунга Амр ибн Кулсум Тағлибийнинг турмуш қурмаган бокира қизни сифатлаб, «لَمْ تَقْرَأْ جَنِينًا» – «ўзида ҳомила мужассам этмаган» деган гапи мисол бўла олади.
«Қуръон» лафзида «жамлаш» маъноси борлигида Аллоҳнинг охирги каломи ҳарфлар ва сўзларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланишидан, оят ва сураларнинг бирикишидан ҳосил бўлганига ҳамда бу Китоб ўзида дунёю охират яхшиликларини жамлаганига ишора бор. Бунда яна Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маънолари, ҳикматлари ва ҳукмларини ўзида мужассам этганига имо қилиш ҳам бор.
3. «Ёдлаш» маъноси.
Шу билан бирга, унинг «Қуръон» деб номланишида қалбларда ёд сақланишига ҳам ишора бор. Чунки «Қуръон» сўзи «қироат» сўзидан келиб чиққан ва «қироат» калимасида «хотирада сақламоқ» деган маъно ҳам бор.
«Қуръон» сўзининг истилоҳий маъноси
Мана, салкам ўн беш асрдан буён кўпчилик «Қуръон» лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг муқаддас Китоби эканини тан олиб келмоқда. Лекин Қуръони каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки у кимларнинг муқаддас Китоби эканини билишнинг ўзи билан бўлмайди. Бу муқаддас Китобнинг қандай китоб эканини билиш учун ҳам илм эгаларининг махсус таърифига мурожаат қилишга тўғри келади.
«Улуми Қуръон» илми мутахассислари Қуръони каримни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотур ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган ожиз қолдирувчи каломидир».
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун уни бир оз шарҳлашимизга тўғри келади.
«Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган» деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа пайғамбарларига нозил қилган Забур, Таврот, Инжил ҳамда турли саҳифалари Қуръони карим бўлмаслиги келиб чиқади. Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилмагани учун Қуръони карим бўла олмайди.
«Тавотур ила нақл қилинган» деган иборадан тавотур ила нақл қилинмаган калом Қуръони карим бўла олмаслиги келиб чиқади. «Тавотур» деганда каломнинг ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражадаги кўп сонли кишилар томонидан нақл қилиниши тушунилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли, яъни бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган одамлар бўлиб, кўпликлари сабабли ёлғонга келишиб олишга ҳам имконлари йўқ бўлади.
Қуръони каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача ҳар бир сўз айнан ана шу тарзда нақл қилинган. Қуръони каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг амини – ишончли соҳиби бўлмиш Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. Ушбу нақл қандай кечишини, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандай етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари билан кўриб турганлар.
Бунинг устига, ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Менга котибларни чақиринглар», дер эдилар. Котиб саҳобалар келганларидан сўнг, уларга ояти карималарни Жаброил алайҳиссаломдан қандай қабул қилиб олган бўлсалар, шундай қилиб ўқиб берар эдилар. Котиблик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзар, бошқа саҳобалар эса ана шундай эҳтимом ила ёд олар эдилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир калимаси, ҳар бир ҳарфининг мисли кўрилмаган эътибор билан қабул қилиб олиниши, ёдланиши, ёзилиши ҳамда амал қилинишига васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Аллоҳ таоло эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг ўзида Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишни буюрган. Қуръони карим оятларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига жойланиб, тилларидан жорий бўлишини ҳамда унинг тафсирини баён қилиб беришни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган.
Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ҳам шогирдларига оятларни юқорида зикр қилинганидек, ҳарма-ҳарф етказганлар. Қуръони карим ўша даврдан ҳозиргача худди ўша тарзда сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келмоқда.
«Ибодатда ўқиладиган» деган қайддан «намозда ўқиладиган» деган маъно келиб чиқади.
Қуръони карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий Китобни ажратиб турувчи сифатлардан биридир.
«Ожиз қолдирувчи калом» деган сифат ҳам фақатгина Қуръони каримнинг ўзига хос хусусиятлардан биридир.
Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан, ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам, унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўзида одамларни, агар қодир бўлсалар, Қуръони каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар, бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар, чиқа олмаяптилар, чиқа олмайдилар ҳам.
Аллоҳ таоло Қуръони каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизалари қилди. Аввал ўтган пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди. Ўша пайғамбарлар алайҳимуссалом бу дунёдан ўтишлари билан у зотларга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди. Бинобарин, уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у зотга асосий мўъжиза сифатида қиёматгача боқий қоладиган, у зотнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган маънавий мўъжиза – Қуръони карим берилди.
Қуръони каримнинг ушбу таърифи араб тили уламолари, фақиҳлар ва усули фиқҳ олимлари орасида иттифоқ қилинган таърифдир.
«Қуръон илмлари» китобидан