Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 ражаб | 2026 йил 13 январь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қироат қил ва кўтарилавер | Қуръони Карим дарслари (185-дарс)

19:00 / 12 январь 111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَجِيءُ الْقُرْآنُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيَقُولُ يَا رَبِّ حَلِّهِ، فَيُلْبَسُ تَاجَ الْكَرَامَةِ، ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ زِدْهُ، فَيُلْبَسُ حُلَّةَ الْكَرَامَةِ، ثُمَّ يَقُولُ يَا رَبِّ ارْضَ عَنْهُ، فَيَرْضَى عَنْهُ، فَيُقَالُ لَهُ: اقْرَأْ وَارْقَ وَتُزَادُ بِكُلِّ آيَةٍ حَسَنَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ صَحِيحٍ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни Қуръон келиб:

«Эй Роббим! Унга сарпо кийдир», дейди.

Бас, унга каромат тожи кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим! Унга зиёда қил» дейди.

Шунда унга каромат сарпоси кийдирилади.

Сўнгра у яна:

«Эй Роббим! Ундан рози бўл» дейди.

Бас, У Зот ундан рози бўлади.

Сўнгра унга:

«Қироат қил ва кўтарилавер. (Сенга) ҳар бир оят учун бир ҳасана зиёда қилинади», дейилади».

Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда бошқа ҳадиси шарифларда айтилган Қуръони Каримнинг ўзини ўқиган қорига шафоат қилишининг тафсилотларидан бири баён қилинмоқда.

Ҳа, Қуръони Карим қиёмат куни ўз қорисига каромат тожи кийдирилишига, каромат сарпоси кийдирилишига, Аллоҳ таолонинг ундан рози бўлишига ва жаннат мартабаларида кўтарилишга ёрдам берар экан.

Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни иложи борича кўпроқ ўқишга, кўпроқ ёд олишга, кўпроқ ўрганишга ва унга кўпроқ амал қилишга ҳаракат қилмоқ лозим.

وَلِأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَرَأَ الْقُرْآنَ وَعَمِلَ بِمَا فِيهِ أُلْبِسَ وَالِدُهُ تَاجًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، ضَوْءُهُ أَحْسَنُ مِنْ ضَوْءِ الشَّمْسِ فِي بُيُوتِ الدُّنْيَا لَوْ كَانَتْ فِيكُمْ فَمَا ظَنُّكُمْ بِالَّذِي عَمِلَ بِهَذَا.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсага амал қилса, унинг ота-онасига қиёмат куни тож кийдирилади. Агар у орангизда бўлса эди, унинг зиёси бу дунё уйларидаги қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқ бўлар эди. Энди бунга амал қилганга нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.

Шарҳ: Яъни Қуръони Каримни ўқимаган ота-онага шунчалик такрим ва ташриф бўлса, Қуръони Каримни ўқиган ва унга амал қилганнинг ўзига қанчалар такрим ва ташриф бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Шундай бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир боласига Қуръони Каримни ўқитишга ўтсин.

Шундай бўлганидан кейин ҳар биримиз Қуръони Каримни ўқишга ва унга амал қилишга ўтайлик.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الَّذِي لَيْسَ فِي جَوْفِهِ شَيْءٌ مِنَ الْقُرْآنِ كَالْبَيْتِ الْخَرِبِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди», дедилар».

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан ҳеч нарсани ёдламай юрган одамни ажойиб ўхшатиш ила сифатлабдилар: хароба уйга ўхшатибдилар.

У ҳам сиртидан уйга ўхшаб кўринади. Девори бор, яна уйда бўладиган баъзи нарсалари ҳам бор. Аммо аслида у тўлақонли уй эмас. Хароба. Ичига назар солган одам ундан ҳазар қилади. Унинг ичи ифлос, қаралмаган, турли ахлатлар билан тўлган.

Қуръондан бирор нарса ёдламаган одам ҳам сиртидан одамга ўхшайди. Аммо ичи....

Хароба уйга ўхшаб қолмаслик учун Қуръони Каримдан ёд олишимиз керак. Ундан қанча кўп ёд олсак, ичимиз шунча обод ва гўзал бўлиб бораверади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لَا أَقُولُ ﭑ  حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мисли(га кўпайтирилур). «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Балки «Алиф» бир ҳарф, «Лаам» бир ҳарф, «Мийм» бир ҳарф», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Карим қироати битмас-туганмас савоб манбаи экани баён қилинмоқда. Қуръони Каримни ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан, ҳар бир савоб ўнга кўпайтириб бериларди. Бундан Қуръони Каримни ўқиган одам учун ҳар бир ҳарфни ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидандир.

Бас, шундай бўлганидан кейин бир ҳарф бўлса ҳам, Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَقُولُ اللهُ تَعَالَى مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِي عَنْ مَسْأَلَتِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِينَ، وَفَضْلُ كَلَامِ اللهِ تَعَالَى عَلَى سَائِرِ الْكَلَامِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан афзаллиги худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан афзаллигига ўхшайдир», дейди», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси қудусий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтган гапларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар.

Бир одам Қуръони Карим қироати билан ва Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлиб, ўз ҳожатларини сўраб дуо қила олмай қолди.

Унинг ҳожати бор эди. Аммо Қуръони Карим тиловат қилиш билан овора бўлиб ёки бўлмаса, зикруллоҳ билан овора бўлиб, ўша ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрай олмади.

Ана ўша одамга Аллоҳ таоло Ўзидан ҳожатини ёлвориб сўраб, илтижо қилганларга берганидан кўра афзал нарсаларни берар экан.

«Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», дейди.

Бундай афзалликнинг сабаби бор. Чунки

«Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан афзаллиги худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан афзаллигига ўхшайдир».

Тасаввур қилиб кўринг-а! Аллоҳ таоло билан У Зот яратган махлуқотларнинг орасида қанчалар фарқ бор! Буни тасаввур қилиш қийин. Аллоҳ таоло Олий Зот. Махлуқотлар арзимас нарсалар.

Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Карим ҳам бошқа каломларга нисбатан ана шундай юқори ва олийдир. Уни тасаввур қилиш ҳам қийин. Ана шундай олиймақом каломни ўқиш бахтига сазовор қилгани учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога ҳар қанча ҳамду сано айтсалар, шунча оз.

Бас, шундай бўлганидан кейин Аллоҳ таолонинг каломи бўлган Қуръони Каримни иложи борича кўп ўқиб-ўрганмоғимиз, ёдламоғимиз ва унга амал қилмоғимиз зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 30-жуз

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Тафсир, сўзи луғатда .баён қилиш,, .очиб бериш, ва .равшан қилиш, маъноларини англатади.Уламолар истилоҳида бу илм қуйидагича таърифланади.Тафсир ndash Қуръони давоми...

3501 14:00 / 09.03.2021
Кўпчилик бу одамни танимайди. Бу киши Мисрнинг кўзга кўринган қориларининг тиловатларини ёзиб олган ва Қуръони Каримнинг овозли шаклини жамлаган инсондир.Бу давоми...

15527 15:00 / 03.01.2022
Дарҳақиқат, Қуръони Карим халқлар орасида очиқойдин, барчанинг кўз ўнгида нозил бўлди. Териларга, тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига ва шу каби ёзиш мумкин давоми...

7593 19:40 / 17.09.2019
Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига шубҳа ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон давоми...

5645 05:00 / 23.01.2017