Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (54-дарс). Ҳазрати Абу Бакр даврларида Қуръоннинг жамланиши

16:05 / 08.10.2019 3458 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

«Мен Умарга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласан?!» дедим».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳар бир нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб қилишга одатланган, у зот қилмаган нарсани қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни битта китоб шаклида жамламаганлари учун Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам бу ишга журъат қила олмадилар. Аммо Умар розияллоҳу анҳунинг фикрлари бошқача эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум сабабларга кўра қилмаган ишни қилса яхши бўлиши мумкин, деган фикрда эдилар.

«Умар менга: «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. У менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни ўша ишга очди. Умар лозим кўрган ишни лозим кўрдим».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз сўзларида қаттиқ туриб олганлари учун Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам у кишининг таклифларини қабул қилдилар ва ўйланган ишни амалга ошириш учун Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақирдилар.

«Зайд айтади: «Сўнг Абу Бакр менга: «Албатта, сен ёш, оқил одамсан. Сени айблайдиган жойимиз йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Қуръонни излаб топиб, жамлагин», деди».

Демак, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни жамлашга энг муносиб номзодни танлаганлар. Чунки Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуда бир неча нодир сифатлар бор эди.

– Ёш эдилар.

– Оқил эдилар.

– Ёлғон ва туҳмат билан айбланмаган эдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлрида у зотга нозил бўлган ваҳийни ёзиб борар эдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга охирги марта Қуръони Каримни аввалидан охиригача ўқиб берганларида, у зот билан бирга бўлганлар.

Аммо Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг таклифларидан қувониб кетмадилар. Балки у кишини масъулият юки босди.

«Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни жойидан кўчиришни буюрганларида, мен учун Қуръонни жам қилишни амр қилганидан кўра оғир бўлмас эди».

Дарҳақиқат, таклиф қилинаётган иш енгил эмас эди. У жуда ҳам оғир иш эди. Ҳатто катта оғирлик рамзи бўлган тоғдан ҳам оғир эди. Шунинг учун ҳам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бу ишга дарров киришиб кета олмадилар.

«Мен унга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласизлар?!» дедим».

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бу гаплари худди Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга айтган гапларига ўхшаши бежиз эмас. Ўша пайтда ҳар бир шахс шу гапни айтиши турган гап эди. Чунки ҳамма фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган, буюрган ва қилган нарсани қилиб ўрганган эди. Ҳамма муаммоларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳал қилиб беришларига ўрганилган эди. Мусулмон уммати ўз Набийсининг вафотидан кейин биринчи бор катта муаммога дуч келаётган, бу муаммони тўғри ҳал қилиш лозим эди. Энди умматнинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламсиз ижтиҳод қилиши керак эди. Буни биринчи бўлиб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу англаб етдилар. Сўнгра у кишига Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўшилдилар, энди Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга ҳам бу ишнинг тўғрилигини тушунтирмоқдалар.

«У (менга): «Аллоҳга қасамки, бу яхшидир!» деди».

Ҳа, Ислом уммати учун турли сабабларга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қилишда ҳам яхшилик бўлиши мумкин эди.

«Абу Бакр менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг қалбини очган ишга очди».

Бундай пайтда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қилиб бўлмайди», деб туриб олиш яхши эмас эди. Бу ҳақиқатни англаб етган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг амрларига бўйсуниб, Қуръони Каримни жамлашни бошладилар.

«Қуръонни излаб, хурмо дарахти пўстлоқлари, тош парчалари ва одамларнинг қалбларидан жамлай бошладим».

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бу гапларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Карим ёзилган нарсалардан иккитаси – хурмо дарахти пўстлоғи ва тош парчалари тилга олинмоқда. Албатта, Қуръони Карим оятлари бу икки нарсадан бошқа ашёларга ҳам ёзилган эди. Уламолар бу борадаги барча ривоятларни ўрганиб чиқиб, Қуръони Карим оятлари қуйидаги нарсаларга ёзилганини таъкидлайдилар:

– Хурмо дарахти пўстлоғи.

– Тош парчалари.

– Ҳайвонларнинг курак суяклари.

– Хурмо дарахти шохлари.

– Туяга эгар қилинадиган тахталар.

– Қоғоз ва тери парчалари.

– Саҳифа шаклидаги қоғоз ва терилар.

– Турли лавҳлар.

– Сопол парчалари ва бошқалар.

Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим: «Батаҳқиқ, сизларга ўзларингиздан бўлган… Расул келди…» (икки оят)».

Ўша икки оятни ҳамма ёддан билса ҳам, уларнинг ёзилган нусхасини излашга киришилган. «Иккитагина оятнинг ёзилган нусхаси топилмаса топилмабди, келинглар, ёдимизда борини ёзиб қўяверайлик», дейилмаган. Охири ўша икки оятнинг ёзуви Абу Хузайма Ансорий розияллоҳу анҳудан топилган.

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирган Хузайма ибн Собитдагина топдим», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг якка ўзларининг гувоҳликлари икки кишининг гувоҳлиги ўрнига ўтишини таъкидлаганларини ҳам ҳамма яхши билар эди. Бу ҳам бир мўъжиза бўлган.

«Саҳифалар Абу Бакр вафот қилгунича, унинг олдида турди. Кейин Умар ҳаётлигида унинг олдида турди. Сўнг Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳонинг олдида турди».

Бу маълумотлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтган гаплардир. Аммо Қуръони Каримни биринчи бор жамлашдек катта ҳамда масъулиятли ишнинг тафсилотида бошқа гаплар ва ривоятлар ҳам кўп.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот олмоқчи бўлган шахс ўша давоми...

7818 09:18 / 04.11.2017
Аллоҳ таолонинг охирги ва абадий дастури Қуръони Карим одамларни ҳаётнинг барча соҳаларида энг тўғри йўлга ҳидоят қилди.Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат давоми...

3903 02:12 / 28.04.2018
.Ҳозир усмоний мусҳафлар қаерда, деган савол туғилиши табиий.Ушбу саволга етарли жавоб топиш мушкул. Ҳозирда бир нечта Усмоний мусҳафлиги даъво қилинаётган давоми...

4252 19:05 / 03.12.2019
33.Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига давоми...

6304 05:00 / 23.01.2017