Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (19-дарс). Ваҳийни тушуниб етмаслик (давоми)

15:10 / 04.02.2019 6220 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб: «Аллоҳим! Сендан Ўзинг берган аҳдинг ва ваъдангни сўрайман! Аллоҳим! Истасанг, бугундан кейин Сенга ибодат қилинмайди!» дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ у зотнинг қўлларидан тутиб: «Етар, эй Аллоҳнинг Расули, Роббингизга кўп ёлвордингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совутларининг ичида сакрар эканлар, «У жамоа тезда енгилар ва орқаларига қараб қочарлар» оятини ўқиб чиқдилар». 

Бадр урушида сон ва қурол жиҳатидан катта устунликка эга бўлган кофирлар шармандаларча енгилдилар. Уларда тўққиз юз эллик нафар жангчи, етти юзта туя, юзта от, етарлича қурол ва бошқа зарур ашёлар бор эди. Мусулмонлар уч юз ўн уч кишидан иборат эдилар, холос. Аллоҳнинг мадади билан мусулмонлар ғолиб келишди. Мушриклардан етмиш киши ўлди, етмиш киши асирга тушди. Мусулмонлардан эса ўн тўрт киши шаҳид бўлди. Аллоҳнинг ваъдаси юзага чиқди. 

Ушбу ояти карима улкан мўъжиза ҳисобланади. У Маккада нозил бўлган пайтда мусулмонлар оз сонли ва кучсиз эдилар. Ҳеч ким уларнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишларига ишонмас эди. Лекин кўп вақт ўтмай, бу оят ҳаётда – Мадинаи Мунавварада, Бадр урушида ўз ифодасини топди.

Аллоҳ таоло Ҳудайбия йилида мўминларга Масжидул-Ҳаромга киришлари тўғрисидаги берган ваъдасига – хавфдан кейин омонлик ваъдасига хилоф қилмади. Сочларини олиб ва қисқартириб, ибодатларининг қазосини бажаришларига берган ваъдасига ҳам хилоф қилмади.

Воқеа бундай бўлган эди: бир куни саҳобаи киромлар тўпланиб ўтирган эдилар, ҳузурларига Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом келдилар ва уларга тушларида ҳаммалари сочларини олдирган ҳолда, эминликда, қўрқинчсиз Масжидул Ҳаромга кириб бораётганларини кўрганларини айтдилар. Ҳамма бу башоратдан хурсанд бўлди.

Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрани ният қилиб, сафарга чиқдилар. У зот билан бирга муҳожир ва ансорий мусулмонлар, мадиналик араблар – ҳаммаси бўлиб, бир минг тўрт юз киши умрага чиқди. Аммо мушриклар уларнинг йўлларини тўсишди. Охири Ҳудайбияда икки тараф сулҳ тузиб, мусулмонлар ортга қайтишди. Қайтаётганларида, Маккаи Мукаррама билан Мадинаи Мунаввара орасидаги йўлда кечаси Фатҳ сураси нозил бўлди. Унда Аллоҳ таоло жумладан, шундай деган эди:

ﮰﮱﯓﯔﯕﯖﯗﯘﯙﯚﯛﯜ ﯝﯞﯟﯠﯡﯢﯣﯤﯥﯦﯧﯨﯩ ﯪﯫﯬﯭﯮﯯ

«Батаҳқиқ, Аллоҳ Расулининг тушини ҳақ ила тасдиқлади. Албатта, Масжидул Ҳаромга, иншааллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда, қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва (сизга) бундан бошқа яқин фатҳни қилди» (27-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир нечта хушхабарни етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул Ҳаромга кириш албатта насиб этишининг хабарини бермоқда. Ушбу хабарни Аллоҳнинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «иншааллоҳ» – «Аллоҳ хоҳласа» деган иборани ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб,  дунёдаги ҳар бир ишни ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Ҳудайбия сулҳидан кейин кўп ўтмай, бу ваъда амалга ошди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тушлари тасдиқланиб, Маккаи Мукаррама фатҳ бўлди. У ердаги барча аҳоли Исломга кирди. Ислом Арабистон ярим оролининг бошқа тарафларига ҳам тарқалди.

Бундан ҳам ажабланарлиси, Аллоҳ таоло Набийсининг шахсини ва обрўсини инсонлардан сақлашни Ўз зиммасига олишидир. Ваҳоланки, ўша даврда у зотни қатл қилишга рағбатлилар атрофларида тўлиб-тошар эди. Шундай таҳликали бир пайтда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни одамлардан Ўзи сақлашини баралла эълон қилди.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

ﭺﭻﭼﭽﭾﭿﮀﮁﮂﮃﮄﮅﮆﮇﮈﮉﮊ ﮋﮌﮍﮎﮏﮐﮑﮒﮓﮔﮕ

«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (67-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, ҳар қандай шароитда, одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муносбатларига қарамай, даъват қилавериш лозимлигини буюрмоқда. Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан. Аммо етказиш осон иш эмас. Ислом даъвати йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўп бўлади. Унга қарши турли иғво-бўҳтонлар уюштирилади, маломатлар тошлари отилади, обрўсига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо бу нарсалардан қўрқма. Чунки сени одамларнинг ёмонликларидан Аллоҳнинг Ўзи асрайди».

Ривоятларда келишича, ушбу ояти карима нозил бўлишидан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турар жойларини саҳобалардан баъзилари қўриқлаб туришар экан. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан сўнг, у зот алайҳиссалом муборак бошларини чодирдан чиқариб, эшик олдида қўриқчилик қилаётган саҳобалар гуруҳига: «Эй одамлар, кетаверинглар, Аллоҳ мени Ўз ҳимоясига олди», деган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни душманга энг яқин масофада турдилар. Ўшанда ўлим у зотга кавушларининг боғичидан ҳам яқинроқ эди, ҳатто Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: «Агар уруш қизиб кетса, биз Расулуллоҳнинг ҳимояларига ўтиб олардик, натижада бирор киши душманга у зотдан яқинроқ бўлмай қолар эди», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотида хачирларини душман томонга ҳайдаб бордилар. Мушриклар юзланиб, у зотни ўраб олишганда, қочмадилар, балки хачирларидан тушиб, гўё ўзларини уларнинг ўқларига тутган ҳолда:

«Мен ҳақ Набийдирман, эмасдир ёлғон! 

Абдулмутталибга эрурман ўғлон!» дедилар. 

Зотурриқоъда Пайғамбар алайҳиссалом дарахт остига тушдилар ва қиличларини унга осдилару, ёнбошлаб, ухлаб қолдилар. Ёнларида ҳеч ким қолмаган эди. Шунда мушриклардан бир киши келиб, қилични олди-да, у зотга ўқталиб: «Мендан қўрқасанми?» деди. «Йўқ», дедилар. «Мендан сени нима тўса олади?» деди. «Аллоҳ», дедилар. У: «Мендан сени нима тўса олади?» деди. «Аллоҳ», дедилар. Учинчи марта ҳам сўраган эди, «Аллоҳ», дедилар. Ҳалиги одамнинг қўлидан қилич тушиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични олиб: «Энди сени мендан ким тўса олади?» дедилар. У киши ўтириб қолди. Сўнгра Исломини эълон қилди.

Ғайб хабарларини бу қадар кескин тарзда айтиш учун ё беҳуда тахминлар ёки ўта ишончли ваҳий бўлиши лозим. Бирор киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда тахминчининг хаёлотларини, уйдирмачилик аломатларини кўрмаган. У зотнинг ростгўй, соғлом ва баркамол инсон бўлганларини дўст ҳам, душман ҳам билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажак ҳақида Аллоҳдан деб айтган хабарлари воқеъликда содир бўлганининг ўзи у кишининг ҳақ пайғамбар эканлари, ростгўй ва ишончли зот бўлганларининг исботидир. У зотни ёлғончи дейиш иймон келтиришдан қочиш учун ўйлаб топилган бўҳтондан бошқа нарса эмас.

(давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳалимий шундай дейди.Ҳар ўн ёки беш оятни ажратувчи белгилар, сураларнинг исмлари ва оятларнинг сонларини Қуръонга ёзиш .Қуръонни холи тутинглар, деган қавлга давоми...

5576 14:00 / 10.03.2020
Бешинчи шарт ndash Қуръонни Қуръон билан тафсир қилмоғи шарт. Чунки бир маъно Қуръони Каримнинг бир жойида умумийроқ зикр қилинган бўлса, бошқа бир жойида давоми...

2411 13:30 / 23.03.2021
Қуръоннинг нозил бўлиш босқичлари ҳақида Қуръони каримнинг ўзида ва Суннатда матнлар келган. Мазкур матнларда .нузул, масдаридан олинган турли сўзлар ишлатилган. давоми...

8509 16:02 / 16.11.2018
11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни давоми...

3871 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

135060 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55338 14:35 / 11.08.2021