Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (73-дарс). Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишдаги ижозат

13:40 / 18.02.2020 5779 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

Араблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш лаҳжасига ҳам ўз таъсирларини ўтказишди. Бошқа тиллардаги каби таъсирланиш ва таъсир ўтказиш Қурайш тилида ҳам содир бўлди. Тилшунослик илмини ўрганадиган бўлсак, ушбу қонуният барча тилларга ҳам тааллуқли эканини кўрамиз. Зеро, бу ҳамма инсонларга хос хусусият ҳисобланади. Лекин барча қабилалар ўз хоҳишлари билан турли лаҳжалар ичидан Қурайш лаҳжасини танлаб олишларининг сабаби бу лаҳжанинг асоси бой, услуби гўзал, луғат бойлиги кўп, турли сўзларни турли бобларда дақиқ, гўзал, ажойиб таъбир қилишга энг имкониятли бўлганидан эди.

Шундай қилиб, китобатлар, таълифотлар, шеърлар ва хутбалар ёлғиз шу лаҳжада жорий бўла бошлади. Ҳатто қурайшлик бўлмаган шоирлар ҳам ўз она тилларини четлаб ўтиб, жумлалар тузиш ва нутқлар қилишда қурайш лаҳжаси хусусиятларидан фойдаланишга ошиқар эдилар. Қурайш лаҳжаси сайқал топгач, араб қабилаларининг луғатлари маълум маънода унинг таъсири остига тушиб қолган эди. Дарҳақиқат, Ислом зоҳир бўлгач, хос араблар наздида таъбир асбоби бўлган, кучли, танланган ва ўхшаши йўқ тилга тўқнаш келди. Бу тилнинг шомиллиги ва таъсир кучи очиқ-ойдин араб тилида Қуръон нозил бўлиши билан янада кучайди. Ушбу тил ўхшаши йўқ, танланган тил бўлди. Қурайш лаҳжаси Қуръон сабабли кучайган бўлса-да, Ислом ўзидан олдинги лаҳжаларнинг сақланиб қолишига ҳам тўсқинлик қилмади. Турли араб қабилалари ўз иқлимларига қайтишгач, фақат қурайш лаҳжасида эмас, ўзларининг лаҳжаларида сўзлашар, ўзига хос оҳанг ва лаҳжаларининг сифатларини намоён қилишарди.

Ибн Ҳишом шундай дейди:

«Арабларнинг баъзилари бошқаларига шеър айтишар, барчалари ўзларига хос табиат тақозосида гаплашишар, шу сабабли айрим байтларнинг ривоятлари кўпайиб кетган эди».

Тўхтатишнинг имкони бўлмаган ушбу ҳолатнинг қаршисида Қуръони Карим арабларнинг хосларини ва фасоҳатлиларини Қуръонга ўхшаш ёки унинг бир оятига ўхшаш нарсани келтиришга чақирди. Бунда луғавий бирликни қарор топтириш мақсади ҳам бор эди. Шу билан бирга, оммага енгил бўлган етти қуръоний важҳда ўқиш жоизлигини эълон қилиб, қироатларда кенгчиликка, лаҳжаларни эътиборга олишга имкон берди. Оммани ўзлари учун осон ва енгил бўлган жорий тилдан бошқа лаҳжада нутқ қилишга мажбурламади.

Ибн Жазарий қуйидаги жумлаларни айтганда мана шуларни мулоҳаза қилган кўринади:

«Қуръони Каримнинг етти ҳарфда ворид бўлиши ушбу умматга енгиллик учун ҳамда уларга осонликни хоҳлаб, шарафларини улуғлаб, кенглик, раҳмат қилиб, фазлларини хослаб, Ҳақнинг ҳабиби, халойиқнинг афзали, умматнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадларига ижобат ўлароқ бўлгандир».

Ибн Жазарий буларни ўз сўзи билан кенгайтириб, шундай дейди:

«Дарҳақиқат, анбиё алайҳимуссалом ўзларининг хос умматларига юборилган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса халойиқнинг барчасига – қизил танлию қора танлисига, арабу ажамига мутлақ юборилдилар. Тилларида Қуръон нозил бўлган арабларнинг луғатлари тарқоқ ҳолда эди. Уларга бир лаҳжадан бошқасига ёки бир ҳарфдан бошқа ҳарфга ўтиш қийин кечар, балки гоҳида баъзилари таълим ва муолажа орқали ҳам бунга қодир бўлмас эдилар».

Ушбу лаҳжалар ихтилофи бўлмиш охирги важҳнинг аҳамияти баъзи уламоларни «етти ҳарф»ни лаҳжалар турида чегаралаб қўйишга олиб борди. Айрим уламолар эса аксинча, ушбу важҳни мутлақ унутдилар. Ибн Қутайбанинг гапига кўра, «Булар (лаҳжалардаги ихтилофлар) лафз ва маънода турланадиган ихтилофлардан эмас. Чунки талаффуздаги турлилик лафзни ўзликдан чиқариб юбормайди».

Юқоридаги икки фикр ҳам ғулувдир. Юқорида ўтган олти важҳнинг аҳамияти еттинчи важҳнинг ўзи билан кифояланишга йўл бермайди. Шунингдек, баъзи товушларни талаффуз қилишдаги лаҳжалар ихтилофи саҳобалар орасида воқеъ бўлган ишдир. Балки, бу тилга олинган ихтилоф турларининг энг кучлиси бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун ҳам бошқа важҳлар билан кифояланиш жоиз бўлмаганидек, лаҳжалар ихтилофини эсламай қўйиш ҳам тўғри эмас.

Олдингиларнинг «етти важҳ» масаласидаги камчиликлари бизни алоҳида йўл тутишга, уларнинг барчасига хилоф қилишга ундайди. Биз бу масалада Абу Фазл Розийнинг мазҳабини ихтиёр қилмадик. Муҳаммад Абдулазим Зарқоний ўзининг «Манаҳилул-ирфан фи улумил-Қуръан» китобида ушбу мазҳабни Ибн Қутайба, Абулхойр ибн Жазарий, Қози Абу Бакр ибн Таййиб Боқиллонийнинг мазҳабларидан устун қўйган. Биз ушбу зикр қилиб ўтганларимизнинг мазҳабларини ҳам ихтиёр қилмадик. Абу Фазл Розийнинг мазҳабини олмаганимизнинг сабаби шуки, у киши «Ал-Лавоиҳ» номли китобида ҳарфлардаги ихтилоф важҳини мутлақо зикр қилмаган (мисол учун, «يَعْلَمُونَ» ва «تَعْلَمُونَ» кабиларни). Ваҳоланки, ҳарфларнинг ихтилофи у зикр қилиб ўтган бошқа олти важҳнинг бирортасига дохил бўлмайди. Сўнгра у феълларнинг мозий, музориъ, амр каби тусланишини алоҳида важҳ деб ҳисоблаган. Ваҳоланки, бу важҳ эъробдаги ихтилофлар важҳига дохил бўлади.

Қолган уч мазҳабни ҳам олмаганимизнинг сабаби сифатида уларнинг барчаси амалий тарзда лаҳжалардаги ихтилоф важҳини эсламаганларини кўрсатиш кифоя. Уларнинг баъзилари лаҳжалар ихтилофини назарий жиҳатдан мудофаа қилган бўлсалар-да, лекин амалий жиҳатдан бу мавзуга тўхталмаганлар.

Биз ушбу етти важҳни танлаб олар эканмиз, Қуръонни адо қилишда бу ихтилофларнинг барчаси топилади, демоқчимиз. Лекин бу билан битта калиманинг ўзида ушбу етти важҳ топилиши лозим, демаймиз. Гоҳо ҳар бир калимада бир, икки ёки ундан кўп важҳ топилиши мумкин. Ушбу ихтилофлардан бирининг юзага чиқиши етти важҳдан бирининг юзага чиқиши демакдир.

Биз олдинги уламоларнинг фикрларини жамлаб, уларнинг орасини мувофиқлаштириб, ихтилофлар важҳини еттитага етказар эканмиз, бу еттилик кўпчилик айтган нарсадир. Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етти ҳарфда нозил бўлганда, у зот саҳобаи киромларнинг орасида эдилар. Саҳобаларга у зотнинг ўзлари таълим берар ва ўргатардилар. Уларнинг кўпчилиги ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий зотлар бўлиб, «етти ҳарф»дан кўзланган мақсадни белгилашга эҳтиёжлари йўқ эди. Энг муҳими, Қуръон жумлаларининг барчаси етти важҳдан ошиб кетмаслигини билишарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган турли қироатларни амалий суратда адо қилар эдилар. Ана шу илм бизгача етиб келди. Биз эса Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлганини матнлар орқали аниқ биламиз. Бироқ ушбу «етти ҳарф» айнан нима эканини фақат истинбот ва умумий далиллардан хулоса чиқариш орқалигина била оламиз.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар .Анавилар Роббилари шаънига ёлғон давоми...

3277 05:00 / 23.01.2017
12. Мўмин ва мўминаларни уларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида нурлари ҳаракат қилаётган ҳолда кўрган кунингда, Сизларга бугунги куннинг хушхабари, дарахтлари давоми...

3826 05:00 / 23.01.2017
88. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик.Ўзи кофир бўла туриб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсган давоми...

4064 05:00 / 23.01.2017
Уламолар мусҳаф расмининг сақланишидаги бир қанча фойдаларни ҳам зикр қилганлар.1.Юқорида зикр қилинган хатар ва зарарлардан омонда бўлиш.2.Ислом умматининг давоми...

2696 13:00 / 20.11.2021