Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (102-дарс). Муташобиҳ сифатлар ва халафлар

13:09 / 08.09.2020 4241 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилдилар ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошладилар. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирданига ва бутунлай узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда, Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. Улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлар эдилар. Ана шундай масалаларнинг энг катталаридан бири Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб, мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки бошқа У пок Зотга нисбат берилган сифатларда кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди. Анчагина тоифалар бу масалада куфрга кетдилар.

Энди салафи солиҳларнинг Имом Молик каби «Бу масалада савол бериш бидъатдир», деб фатво чиқаришлари билан иш битмайдиган ҳол юзага келди. Балки бунга ўхшаш масалаларда савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади.

Ана шундай нозик бир пайтда ақийданинг софлигини сақлаб қолиш борасида Абулҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломалар беқиёс хизмат қилдилар. Бошқа нозик масалалар қатори, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид масалада ҳам ҳал қилувчи ечим топдилар. Бузғунчилар «Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши унга баробарлашишидир», деган бўлсалар, халаф – кейинги уламоларимиз «Йўқ, унда Аллоҳга нуқсон нисбати берилган бўлади, шунинг учун «истиво»ни Аллоҳ таолонинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушунмоқ керак», дедилар. Шу тариқа «Истиво қувват ва султон ила эга бўлмоқдир» деган таъвил қилинди. Бунда ҳам худди салафи солиҳларга ўхшаб, Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш қасд қилингандир.

Салаф уламоларимизнинг ҳам, халаф уламоларимизнинг ҳам мақсадлари бир бўлган. Фақат улар мақсадга етиш учун ўз замонларига ва шароитларига мос йўл тутишган, холос. Сиз билан бизлар ҳам бу масалада жуда эҳтиёт бўлиб, ихтилоф қилмай иш тутмоғимиз лозим.

Бу борада айниқса имом Абулҳасан Ашъарийнинг тутган йўлларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ зарур деб биламиз. У киши ўзларининг «Ал-Лумаъ» номли китобларида халаф уламоларининг йўлини тутган бўлсалар, сўнгги китоблари «Ал-Ибана»да эса салаф уламолари йўлини тутганлар. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра Абулҳасан Ашъарий «Ал-Ибана»ни аввал, «Ал-Лумаъ»ни кейинроқ ёзганлар. Шунга биноан Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги масалада салаф уламолари йўлидан халаф уламолари йўлига ўтиш ҳалқаси бўлган, дейишимиз мумкин.

Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари – турлича тушуниш мумкин бўлган матнларни Аллоҳ таолонинг айблардан поклигини англатувчи бир хил тушунчадан бошқага буриб бўлмайдиган матнлар англатадиган маънога мослаб таъвил қилиш бўлган.

Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари мусулмонлар оммасини «мушаббиҳа», «муъаттила» ва «мужассима» деб аталган тоифаларнинг бузғунчи фикрларидан сақлаш учун шу йўлни тутишга мажбур бўлганлар.

«Мушаббиҳа»лар Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатишни ўзларига эп кўрган нобакорлардир.

«Муъаттила»лар Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки У Зотнинг Пайғамбари алайҳиссалом зикр қилган сифатларини инкор қилган нобакорлардир.

«Мужассима»лар Аллоҳ таолога жисм нисбатини берган нобакорлардир.

Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари оятда зикр қилинган «қўл»ни қувват ва карам деб таъвил қилганлар. «Кўз»ни иноят ва риоят деб таъвил қилганлар. Шунингдек, ҳадиси шарифда «Қалблар Роҳманнинг икки бармоғи орасидадир» деб келган «икки бармоқ»ни ирода ва қудрат деб таъвил қилганлар.

Бир ҳадисда «Албатта, Аллоҳ Одамни ўз суратида яратгандир», деб келган. Бунга сиртдан маъно берган кишилар Одам Аллоҳнинг суратида яратилган, деб тушунадилар. Аммо халаф уламолар буни «Аллоҳ Одамни ўзига хос суратда яратди» деган маънога мослаб таъвил қилганлар. Бундан эса Аллоҳ Одамни халқ қилган вақтда уни ўзига хос суратда яратган, у давр ўтиши билан ўзгариб қолмаган, деган маъно келиб чиқади.

Худди шу ҳадиснинг маъносини англатувчи бошқа бир ҳадисда келган «Албатта, Аллоҳ Одамни Роҳманнинг суратида яратгандир» деган маънони халаф уламолари «Роҳманнинг сифатида яратгандир» деб таъвил қилганлар. Араб тилида «сурат» сўзи «сифат» маъносини ҳам англатади. Шунда «Аллоҳ таоло Одамни яратганда, уни илм ва идрок каби Ўзида бор сифатлар билан қўшиб яратган» деган маъно келиб чиқади.

Шу ерда халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни таъвил қилишда ҳавойи нафсларига қараб эмас, араб тили қоидаларига ва энг муҳими, диний таълимотлар асосига қараб иш олиб борганликларини таъкидлашимиз лозим.

Яна бир бор таъкидлаймизки, салафнинг мазҳаби ўз вақтида тўғри ва афзал бўлган. Халафнинг мазҳабини шароит тақозоси мажбур қилган. Иккисининг мақсади ҳам Аллоҳ таолони айблардан ва Ўзига мос бўлмаган сифатлардан поклаш бўлган.

Халаф уламолари мазҳаби бўйича, Аллоҳ таолонинг Зотига боғлиқ матнларга – оят ва ҳадисларга назар солиш, уларни таъвил қилиш жоиздир. Таъвил қилганда уларнинг сиртига хилоф ўлароқ, Аллоҳнинг улуғлигига, тавҳидига ҳамда поклигига мувофиқ ва мақбул таъвил қилинади. Бунда луғат, арабларнинг услублари ишга солинади. Зотан, Қуръони Карим араб тилининг олий услубида нозил бўлгандир.

Таъвилчилар икки гуруҳга тақсимланади:

1. Таъвил қиладилар, аммо мавҳум матндан мурод қилинган сифатни тайин қилмайдилар. Балки уни тайин қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиладилар. Улар Аллоҳ таолога бизга маълум бўлган сифатлардан зиёда сифатларни собит қиладилар. Мазкур сифатлар «зиёда сифатлар» деб аталади. Ушбу қавл имом Абу Ҳанифа ва имом Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳимога нисбат берилади.

2. Бу гуруҳдагилар таъвил қиладилар ва ўзларининг башарий тоқатлари етганича матндан кўзланган маънони ва сифатни тайин қилишга уринадилар.

Ашъарийлардан бўлмиш Абулфатҳ Аҳмад ибн Бурҳон ва бошқалар таъвилни ихтиёр қилганлар. У киши шундай деган экан: «Икки гуруҳ ўртасида «Қуръонда маъноси билинмайдиган нарса бўлиши жоизми?» деган саволда хилоф келиб чиқди. Уларнинг (аксар салафларнинг) наздида жоиздир. Шунинг учун улар таъвилни ман қилганлар ва Аллоҳнинг Ўзи биладиган нарсага суянган ҳолда У Зотни бундай сифатларнинг зоҳирий маъноларидан пок деб эътиқод қилганлар. Бизнинг наздимизда эса жоиз бўлмайди, чунки илмда пешқадамлар буни биладилар».

Иккинчи гуруҳга мансуб уламоларнинг умумий қоидаларига биноан, ҳақиқатини олиш имконсиз бўлган ҳар бир лафзни тўғри келадиган энг яқин мажозга буриш вожибдир. Чунки лафзларни ҳайратга соладиган даражада ташлаб қўймасдан таъвил қилиш лозим. Агар лафз ёки матн фақат бир маънодан бошқа маънони кўтармайдиган бўлса, унга ўша маънони бериш вожибдир ва унга бошқа маъно берилмайди.

Халафларни таъвил қилишга ундаган нарса муташобиҳга ўзининг зоҳири – сиртқи маъносидан англанадиган маънонинг тескарисини юклаш вожиблигидир. Чунки Аллоҳ таолони мазкур зоҳирий маъно ва жисм ила сифатлаш мутлақо мумкин эмаслигига далиллар собит бўлган. Чунки усул қоидаларига биноан, ақл билан нақлнинг орасида тўқнашув бўлиши мумкин эмас. Тўқнашув лафзлар ҳамда мажоз ва ташбиҳни ишлатишда бўлади. Илмни яхши эгаллаб, узоқ вақт иш кўрганлар, унинг масалаларига шўнғиганлар ақл ва нақлда келган нарсаларни муташобиҳни таъвил қилиш орқали бирлаштиришлари мумкин.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу ўринда айрим кишилар Қуръони Карим бутун инсониятга юборилган бўлса, барча халқлар унинг таълимотларидан баҳраманд бўлишлари учун уни ўз алифболарида ёзиб давоми...

3785 13:00 / 08.12.2021
биринчи мақолаУламолар жумҳури Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши уч қисмдан иборат эканини айтганлар.Биринчи қисмҲукм ва тиловатнинг лафзнинг биргаликда насх давоми...

4285 13:00 / 12.05.2020
ВАҲИЙ.Ваҳий, сўзининг луғавий маъноси .Ваҳий, сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Араб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам давоми...

12225 10:40 / 08.10.2018
83. Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларгина Фиръавн ва амалдорзодагонларининг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос. Албатта, Фиръавн ер давоми...

4567 05:00 / 23.01.2017