Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (97-дарс). Муташобиҳнинг қисмлари

17:33 / 04.08.2020 3718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ўртинчи қисм)

Лафз ва маъно жиҳатидан муташобиҳ

Бу турдаги муташобиҳ икки нав бўлади.

Биринчи нави – умумийлик ва хосликда турлича бўлиш. Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Бас… мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар…» (5-оят)

Ушбу жумладаги «мушрик» ва «ўлдиринглар» лафзлари умумийдир. Агар мана шу умумийликка қараладиган бўлса, уруш пайтида номи мушрик бўлса, исталганича услуб билан қатл қилиш мумкин бўлиб қолади. Аммо Суннати мутаҳҳара бу умумийликни хослаган ва аёлларни, роҳибларни, қариларни, болаларни, беморларни ва мусулмонларга қарши уруш қилмайдиган мардикорларни ўлдириш ҳаром қилинган. Шунингдек, мусла, қулоқ-бурунни ҳамда бошқа аъзоларни қиймалаб ва оловда куйдириб ўлдиришдан қайтарилган. Демак, «ўлдиринглар» лафзидан умумий маъно эмас, балки шариат рухсат берган хос маъно англанадиган бўлган.

Иккинчи нави – оятни тафсир қилишда у нима ҳақда нозил бўлган бўлса, ўша нарсаларнинг тафсилотига ва ботил қилиниши кўзланган жоҳилият одатларига қайтишга ҳожат тушиши.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, «насий» куфрда зиёда бўлиш, холос. У билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Натижада Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги чиройли кўрсатилди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (37-оят).

Ояти каримадаги «насий» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифодалайди. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни араб мушриклари ҳам мазкур тўрт ой ҳаром ойлар эканини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтарди. Агар бирор киши шу ойларда отасининг қотилини учратиб қолса, унга тегмас эди. Аммо борди-ю, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар. Мисол учун, муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, «Бу йил унинг ҳаромлигини сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз», деб, муҳаррамда уруш қилишар, сафар ойида эса уруш қилишмас эди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди. Оятда уларнинг мана шу тасарруфларига баҳо ва шарҳ берилмоқда.

«Албатта, «насий» куфрда зиёда бўлиш холос».

Мушриклар аслида эътиқод масаласида кофир эдилар. Энди шариат масаласида ҳам, яъни ҳалол-ҳаромни белгилашда ҳам Аллоҳнинг айтганига хилоф қилиб, куфрда зиёда бўлдилар. Уларнинг бу иши куфр устига куфр бўлди.

«У билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар».

Куфр келтирган мушриклар «насий» билан, ундаги алдов, кўзбўямачилик ва ҳийла билан янада адаштирилдилар.

«Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар».

Яъни улар Аллоҳ ҳаром, деган ойларнинг сонига мослаб, тўртта қилиш учун бир йил бир ҳаром ойни ҳалол этиб, ўрнига бошқа ойни ҳаром қилсалар, келаси йили ҳалиги ойни яна ҳаром қилиб, ўрнига ҳаром бўлган ойни яна ҳалол қилаверадилар. Уларга бир йилда тўрт ой ҳаром ойи бўлса бас, қайси ой бўлишини ўзлари танлаб олаверадилар.

«Натижада Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар».

Бу эса катта жиноят ва куфр устига куфрдир. Аслида ҳалол ёки ҳаром қилиш фақат Аллоҳнинг ҳаққидир. Аммо мушриклар ўзларича ҳалол ва ҳаром қилишга журъат қилаверадилар. Чунки

«Уларга амалларининг ёмонлиги чиройли кўрсатилди».

Уларга ёмон амаллари яхши бўлиб кўринди. Гуноҳлари тоат бўлиб кўринди. Бўлмаса, Аллоҳ урушни ҳаром қилган ойда уруш қилишармиди? Ўзларининг «насий»лари уларга яхши амал бўлиб кўринди. Улар бу билан ўзларини Аллоҳ таолога итоат қилаётгандек сездилар. Аслида эса бу катта гуноҳ. Аллоҳ ҳаром этган нарсани ҳалол, ҳалол деган нарсани ҳаром қилиш билан куфр устига куфр келтирган эдилар. Қоида бўйича эса

«Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Чунки уларнинг ўзлари шунга лойиқ ишларни қилдилар.

Ушбу оят ҳам лафз, ҳам маъно жиҳатидан муташобиҳ бўлган оятлардан биридир. Чунки ундаги баъзи лафзлар кам ишлатиладиган ғариб лафзлардандир ва унда балоғатли қисқалик бор. Мисол учун, «насий» сўзини ҳар қандай араб ҳам шарҳсиз тушуниши қийин. Шунингдек, оятда қисқа иборалар билан қамарий йил ҳисобининг ҳақиқати ва жоҳилият аҳлининг ундаги адашуви баён қилинган, холос. Бу борада улар қиладиган ишларнинг тафсилоти келмаган. Шунинг учун уларни англаб етиш учун тафсилотини қўшимча равишда ўрганишга ҳожат тушади. Чунки Қуръони Карим тарих китоби ҳам эмас, одамларнинг урф-одатини ўрганадиган китоб ҳам эмас. Шунингдек, оятда келган ҳукмни чиқариш учун мазкур нарсаларнинг кераги ҳам йўқ. У каби шарҳловчи кичик нарсалар Суннатда баён қилинган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«…Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, яхшилик тақводорлик қилган кишидадир. Ва уйларга эшикларидан келинг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (189-оят).

Ушбу ояти каримада уйларга уларнинг орқасидан эмас, эшикдан кириш кераклиги ҳақида сўз бормоқда. Бу ҳақда ҳукм тушганининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор, аввал ўша сабабларни тушунмагунча, оятнинг маъносини ҳам англаб етиш қийин бўлади. Ана ўша сабаблар Суннатда тушунтирилган.

Имом Бухорий ва имом Муслим ўз саҳиҳ китобларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ансорийларда ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одати бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганида уйининг эшигидан кирди. Бу иши туфайли у гўё айбдордек бўлди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас…» ояти нозил бўлди».

Бу ҳақда тўлароқ маълумот қуйидагичадир: Ансорийларнинг тушунчасига кўра, ҳаж қилиб, гуноҳидан покланиб, уйига қайтган одам ҳаждан қайтиб, уйига биринчи киришида турли гуноҳлар қилиб юрган пайтида кириб-чиқиб юрган эшикларидан кирмай, уйнинг орқасидан дарча очиб киришлари яхшилик эди. Улар шу тасаввурларга амал қилишарди. Иттифоқо, улардан бирлари ҳаждан келиб, уйининг орқасидан дарча очиб эмас, балки тўғри эшикдан кирибди. Бу иш бошқаларга айб бўлиб кўринибди. Табиийки, «Бу эски одат хусусида мусулмончиликнинг ҳукми нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлади. Оят ўша бўлиши эҳтимол тутилган саволга жавоб тариқасида ва бўлиб ўтган ҳодисага баҳо сифатида нозил бўлган.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
173. Уларга кишилар .Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар,, деганда, иймонлари зиёда бўлди ва .Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам давоми...

8485 05:00 / 23.01.2017
136. Эй иймон келтирганлар Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг давоми...

5751 05:00 / 23.01.2017
130. Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Роббингга қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин тасбиҳ ва ҳамд айт. Шунингдек, кечанинг бир қисмида ва кундузнинг давоми...

17762 05:00 / 23.01.2017
Имом Бухорийнинг ривоятларида Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дейди .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни чодир ичида туриб .Аллоҳим Сендан Ўзинг берган давоми...

6278 15:10 / 04.02.2019