Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (41-дарс). Қуръони карим эъжози

16:00 / 12.07.2019 5256 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири уни яратиб, ўз ҳолига қўйиб қўймаганидир. Балки яратиш билан бирга, уни икки дунёда саодатманд қилишни ҳам Ўз зиммасига олди. Чунки ақли қанчалик ўткир бўлса ҳам, илми қанчалик ривожланса ҳам, инсон доимий равишда раббоний ҳидоятга муҳтож бўлиб туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло раҳмат ва лутфу карам кўрсатиб, инсонларга башорат ва огоҳлантириш берувчи пайғамбарларни юбориб туришни ирода қилган.

Одамлар ёлғончига чиқаришлари эҳтимоли катталигидан Аллоҳ таоло Ўз расулларини мўъжизалар билан қўллаб туришни ирода қилган. Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизалари бўлган. Ушбу илоҳий Китобнинг мўъжизакорлигини ўрганиш «Улуми Қуръон» илмининг мавзуларидан бирига айланган.

«Мўъжиза» сўзи араб тилида «ожиз қолдирувчи» деган маънони билдиради. Уламолар истилоҳида эса қуйидагича: «Пайғамбарлик даъвосини қилаётган шахснинг Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланишига далолат қилувчи ғайриоддий иш мўъжизадир».

Ушбу таърифдан мўъжизанинг шартлари келиб чиқади.

Мўъжиза Аллоҳ таолонинг иши бўлиши, инсоннинг иши бўлмаслиги шарт.

Мўъжиза одатдан ташқари иш бўлиши, одамлар одатланиб қолмаган иш бўлиши шарт.

Мўъжиза унга қарши чиқиш имкони йўқ иш бўлиши, одамлар унга ўхшаш нарсани қила олмасликлари шарт.

Мўъжиза пайғамбарликни даъво қилувчидан содир бўлиши, ундан бошқадан содир бўлмаслиги шарт.

Мўъжиза пайғамбарликни даъво қилувчининг даъвосига мувофиқ бўлиши ва пайғамбарликни даъво қилганидан кейин содир бўлиши шарт.

Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарларга ҳам уларнинг ҳақ эканликларини тасдиқловчи мўъжизалар берди. Баъзиларига қавмларининг талабларига биноан ҳам мўъжиза кўрсатди. Ҳар бир пайғамбар ўзига берилган бош мўъжиза билан бошқаларидан ажралиб турадиган бўлди. Уларнинг ҳаммаси моддий ва ҳиссий мўъжизалар бўлиб, замонларига, шароитларига мос эди. Шу билан бирга, у мўъжизалар пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг шахслари ва ҳаётлари билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайғамбарларнинг ҳаёти тугаса, шахси бу дунёдан кетса, мўъжиза ҳам тамом бўлар эди.

Ҳар бир пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўъжизаси бўлган.

Фиръавн қавми математика, табиат ва айниқса сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга юборган пайғамбари Мусо алайҳиссаломга берган мўъжизасини шуларга мос қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб юборди.

Ийсо алайҳиссалом келганда эса кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўъжизасини берди.

Ҳақиқатни айтганда, аввалги пайғамбарларнинг мўъжизалари вақтинчалик мўъжизалар эди. Чунки бу мўъжизалар пайғамбарлар тириклик вақтида ўз таъсирини ўтказиб туриб, улар вафот этганларидан сўнг йўққа чиқар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги шариати учун боқий мўъжизани ихтиёр этди. Бутун оламлар учун сўнгги ва умумий Пайғамбар қилиб танлаган ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзининг Каломини бош мўъжиза сифатида нозил қилди.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари охирги шариат бўлгани, у зотнинг рисолалари қиёматгача туриши лозимлиги учун Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларини моддий эмас, маънавий қилди, муваққат эмас, абадий қилди. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларидир. Бу мўъжиза у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва шахсларига боғлиқ эмас. У кишидан кейин ҳам қиёматгача абадий мўъжиза бўлиб тураверади.

Лекин бу дегани, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа мўъжиза бермаган, дегани эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг анбиёларининг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган набийлар алайҳимуссаломга берган мўъжизаларининг кўпини берган. Лекин бу мўъжизаларга у кишининг пайғамбарликларини тасдиқловчи аломатлар сифатида қаралган эмас. Пайғамбаримизга берилган мўъжизалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Мисол учун, исро ва меърож ҳодисалари аввалги пайғамбарларга берилган мўъжизалардан кам эмас. Аммо бунга пайғамбарликни тасдиқловчи алоҳида мўъжиза деб эмас, балки ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога яқинликларининг оддий мисоли сифатида қаралган.

Қуръон мўъжизаси – ожиз қолдириши деганда, одамларнинг унга ўхшаш нарса келтиришдан ожиз қолишлари кўзда тутилади.

Қуръони Карим ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос равишда нозил бўлди. Ҳар қандай соғ­лом фикрли киши Қуръонни турли бузғунчи фикрлардан холи бўлган ҳолда ўрганса, албатта, унинг илоҳий мўъжизакор китоб эканини тан олиши турган гап. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан ўтганларидан кейин ҳам Қуръон мўъжизакор ҳолида турибди ва қиёматгача тураверади.

Қуръон нозил бўлишидан олдин ва хусусан, Қуръон нозил бўлаётган пайтда арабларда сўз усталиги, адабиёт, шеър ва ваъзхонлик ниҳоятда юқори даражада эди. Йил давомида улар бир неча сайл ва маросимлар ўтказиб туришар эди. Хусусан, Укоз деган жойда шеър айтиш ва ваъз­хонлик қилишда катта-катта мусобақалар ўтказилиб, машҳур ва етук шоирлар мусобақа қатнашчиларига баҳо қўяр эдилар.

Арабларнинг бундай сўз усталигига икки сабаб бор эди: улар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бош­қа қабилалар олдида устунлигини кўрсатиш учун ўзининг уста шоирига эга бўлишга интилар эди. Шу билан бирга, бу шоир бош­қа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият берар, шоирларни ва сўз усталарини ниҳоятда қадрлар эдилар.

Шундай бир пайтда Қуръони Карим ўзининг ажойиб услуби, шифобахш ҳикматли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон ярим оролидаги халқларнинг қалбига йўл топди.

Албатта, Қуръон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асарларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффақиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қуръон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қолдилар. Қуръонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди.

Мушрикларнинг катта раҳбарларидан бўлмиш Валид ибн Муғийра ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон тиловатини эшитганидан кейин кўнгли эриб, ўз қавми – Бану Махзум қабиласига бориб: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас. Унда бир ҳаловат бор, унда бир лаззат бор. Унинг усти серҳосил, ости сербарака. Албатта, у олий бўлади, ҳеч нарса ундан олий бўла олмайди», деган эди.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қироат, сўзи арабча масдар бўлиб, луғатда .жамлаш, ва .қўшиш, деган маънони билдиради. Зотан, қироат қилган шахс ҳарфларни жамлаган ва бирбирига қўшган бўлади. давоми...

5238 13:20 / 17.11.2020
Қуръони Каримни араб ҳарфлардан бошқа алифбода ёзиш ҳақида Яқин кишиларимиздан бири менга бир китобни узатар экан, .Бу ҳам Қуръонми, деб сўраб қолди. Қарасам, давоми...

8536 13:00 / 16.11.2021
Халаф уламолар мазҳабига кўраиккинчи мақола 2. Аллоҳнинг юзи ndash зоти.Юз жонзотлардаги маълум аъзо бўлиб, у оғиз, бурун ва икки кўзни ўз ичига олгандир. Албатта, давоми...

4027 13:04 / 03.11.2020
3. .Муҳаммад Қуръонни одамлардан ўрганган,, деган даъво.Араб мушрикларидан бир гуруҳи Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонлардан бири ўргатишини давоми...

5860 16:40 / 11.02.2019