Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (90-дарс). Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши

13:30 / 16.06.2020 4630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(олтинчи мақола) 

5. Аллоҳ таоло Мужодала сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Агар Расул билан махфий суҳбат қилмоқчи бўлсангиз, махфий суҳбатингиздан аввал садақа беринг. Бу ўзингиз учун яхшироқ ва покроқдир…» (12-оят)

Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларда нақл қилинишича, мусулмонликни энди қабул қилган баъзилар бекордан-бекорга, ўзларини кўрсатиш учун Набий алайҳиссалом билан бўладиган нажвани, яъни холи, яккама-якка суҳбатни кўпайтириб юборишган. Сўнгра Аллоҳ ушбу оятни нозил қилган.

Ҳазрати Алийдан қилинган ривоятда у киши бундай деганлар:

«Аллоҳнинг Китобида бир оят бор, унга мендан аввал ҳеч ким амал қилмаган ва мендан кейин ҳам ҳеч ким амал қилмайди. Мазкур оят тушганида бир динорим бор эди. Уни ўн дирҳамга майдалаб, Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига ўн марта кириб, ўнта саволимга жавоб олиб чиққанман. Ҳар киришимдан аввал камбағалларга бир дирҳам садақа қилдим. Сўнгра оят насх этилди, яъни унга амал қилиш бекор бўлди».

Аллоҳ таоло Мужодала сурасида кейинги оятда марҳамат қилади:

«Махфий суҳбатингиздан аввал садақалар беришдан қўрқдингизми? Агар қилмаган бўлсангиз, Аллоҳ афв қилди. Бас, намоз ўқингиз ва закот берингиз. Ва Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир» (13-оят).

Мана шу ояти карима ўзидан аввалги, яъни Набий алайҳиссалом билан сирли суҳбат қилмоқчи бўлган одамга садақани вожиб қилувчи оятни насх қилган, амалдан қолдиргандир. Юқорида айтиб ўтилганидек, биринчи оят нозил бўлганидан сўнг, унга фақат ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу амал қилганлар. Маълум вақт ўтганидан кейин ушбу оят тушиб, аввалги оятнинг ҳукми бекор қилинган.

6. Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида марҳамат қилади:

«Эй ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) бедор ўтказ. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл). Ёки унга (яримга) зиёда қил ва Қуръонни тартил билан тиловат қил» (1-4-оятлар).

Имом Муслим Саъид ибн Ҳишомдан ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилади:

«...Эй мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг, (дедим). У киши: «Йаа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен: «Ўқиганман», дедим. У киши: «Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини туширмай, ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди…» деди».

Ўша енгиллик бўлиб тушган, кечалари бедор бўлишнинг ҳукмини насх қилган оят Муззаммил сурасининг охирги оятидир:

«Албатта, Роббинг кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундай қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизларнинг буни ҳеч уддалай олмаслигингизни билиб, сизларга (енгилликни) қайтарди. Энди Қуръондан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини, бошқалари ер юзида кезиб, Аллоҳнинг фазлини исташини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини ҳам билди. Энди ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга «қарзи ҳасан» беринглар. Ўзингиз учун нима яхшилик тақдим қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да яхшироқ ва улканроқ ажрни топасиз. Ва Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (20-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оят билан суранинг аввалидаги оятларга биноан кечаси қоим бўлиш фарзлигини бекор қилди. Шундан сўнг тунда фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди.

7. Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Зинокор эркак фақат зинокор ёки мушрика аёлга никоҳланур. Зинокор аёлга фақат зинокор ёки мушрик эркак никоҳланур. Бу мўминларга ҳаром қилинмишдир» (3-оят).

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир» (32-оят).

Аллоҳ таолонинг: «Зинокор эркак фақат зинокор...га никоҳланур» сўзи ҳақида Ибн Мусайябдан ривоят қилинади:

«Бу насх қилинган. Уни «Ораларингиздаги никоҳсизларни... никоҳлаб қўйинг» насх қилган. Бинобарин, улар мусулмонларнинг никоҳсизларидир».

Байҳақий ривоят қилган.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Осим қироати1 Ундан Абу Бакр Шуъбанинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али алКотиб хабар берган. У айтади.Бизга ибн Мужоҳид хабар берган. У давоми...

1752 13:30 / 16.02.2021
3. Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар давоми...

5548 05:00 / 19.01.2017
9. Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.Аллоҳ таоло Ўзининг давоми...

5635 05:00 / 23.01.2017
бешинчи мақолаИбн Ашта .АлМасоҳиф, китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради.Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр .Унга исм давоми...

3971 14:05 / 22.10.2019