Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 21 жумадис сони | 2025 йил 12 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон ҳақ мўъжизадир | Қуръони Карим дарслари (175-дарс)

19:00 / 03 ноябрь 575 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Сод сурасида шундай марҳамат қилади:

«Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам», деган (1-оят).

«Сод» араб алифбосидаги ҳарфлардан биридир. Аллоҳ таолонинг ушбу ҳарфни талаффуз қилишининг ўзи бир мўъжиза бўлса, бу ва унга шерик бошқа ҳарфлардан таркиб топган Қуръон эса абадий илоҳий мўъжизадир. Оддий алифбо ҳарфларидан таркиб топган Қуръонга ўхшаш китобни ҳеч ким келтира олмаслиги унинг энг улкан мўъжиза эканини кўрсатади.

«Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам».

Тафсирчи уламоларимиз оятдаги «зикр» сўзига икки хил – «эслатма» ва «шон-шараф» маъноларини берганлар. Аслида, Қуръони Карим васфида бу икки маъно ҳам бор. Шунинг учун ҳам Қуръонда «эслатма» ёки «шон-шараф» эмас, балки шу икки маънони бир йўла ифода этадиган «зикр» сўзи ишлатилган. Қуръони Карим мўъжизасининг қирраларидан бири ҳам шудир.

Зикр соҳиби бўлмиш Аллоҳ таолонинг Қуръон ила қасам ичиши бежиз эмас. Аввало, Қуръони Каримнинг шону шарафи улуғланяпти, қолаверса, араб тили қоидалари бўйича, бу қасамдан кўзланган мақсадга эътибор тортиляпти.

Лекин бу ерда асл мақсад очиқ зикр этилмаган. Гапнинг маъносини сўзнинг бориши ва унинг умумий маъносига қараб, «Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ Пайғамбардир, Қуръон ҳақ мўъжизадир», деб тушунса бўлади.

Аллоҳ таоло яна:

«Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслатма олишлари учун Биз ‎сенга нозил қилган Китоб муборакдир», деган («Сод» сураси, 29-оят).

«Эй Муҳаммад, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юритишинг учун Биз сенга Қуръонни туширганмиз».

«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир».

Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу Китобдир. Ким икки дунёнинг баракасига эришишни хоҳласа, ушбу муборак Китобга – Қуръонга амал қилсин.

Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин.

Биз Қуръонни кишиларни икки дунё саодатига бошлаш учун нозил қилдик».

«Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учун».

Қуръон оятларини ақлли кишилар тадаббур қиладилар – чуқур тафаккур қиладилар.

Қуръон оятларидан ақлли кишилар эслатма оладилар.

Аллоҳ таоло яна:

«Айт: «Бунинг учун сиздан ҳеч қандай ажр – ҳақ сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам ‎эмасман. У(Қуръон) оламлар учун эслатмадан ўзга нарса эмас. Унинг хабарини ‎бир муддатдан сўнг албатта билурсиз», деган («Сод» сураси, 86-88-оятлар).

«Эй кофирлар, эй мушриклар, мен Қуръонни етказганим учун сиздан ҳақ сўрамайман.

Мен Қуръонга даъват қилиш билан ўз манфаатимни кўзлаётганим йўқ».

«Мен сохтакорлардан ҳам эмасман».

«Мен ўзида йўқ нарсани бор, деб даъво қиладиган, ўзида йўқ хислатни бор қилиб кўрсатишга интиладиган кимсалардан ҳам эмасман. Мен ҳақиқий Пайғамбарман».

«У(Қуръон) оламлар учун эслатмадан ўзга нарса эмас».

«У сиз даъво қилаётганингиздек, сеҳр ҳам, шеър ҳам эмас.

У одамлар учун эслатмадир.

У оламларга иймонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатади.

У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатади.

У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради.

Бас, бу улкан ҳақиқатни барчангиз эсингизда сақланг».

«Унинг хабарини ‎бир муддатдан сўнг албатта билурсиз‎».

«Бир оз муддат ўтсин, Қуръоннинг хабарини билиб оласиз. Унинг хабари бутун оламни олади.

Унинг хабари ҳамманинг оғзидан тушмай қолади.

Унинг хабари олдида бошқа хабарлар ҳеч нарса бўлмай қолади.

Шунингдек, у келтирган барча хабар тўғри бўлиб чиқади, буни ҳам кўрасиз».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи қисмАллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади.Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни, 10оят.Ушбу жумланинг таржимасида унинг уч хил давоми...

5837 14:00 / 28.07.2020
Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида давоми...

4450 18:22 / 29.03.2018
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас давоми...

6559 13:30 / 01.12.2020
42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳларлар Бас, кофирлар ҳийлаларининг жазосини тортарлар.Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга, Исломга, мусулмонларга қарши турли давоми...

4608 05:00 / 23.01.2017
Видеолар

629 14:42 / 08 декабрь
Аудиолар

212805 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132019 14:35 / 11.08.2021