Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 14 рабиъул аввал | 2024 йил 17 сентябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (50-дарс). Қуръон йигирма уч йил давомида тўлиқ нозил бўлди

14:30 / 10.09.2019 4427 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг сақланиши асосан унинг қалбларга муҳрланиши билан бўлган. Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш ҳам йўлга қўйилган эди.

Ўша вақтда ўқиш-ёзишни биладиган одамлар жуда ҳам кам бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзишни биладиган одамлар, жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб, Абон ибн Саъид, Холид ибн Валид, Собит ибн Қайс, Муовия ибн Абу Суфён каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмо дарахтининг пўстлоғи, япалоқ тошлар, катта суяклар, тери, қоғоз ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар.

Ҳоким ўзининг «Мустадрак» китобида икки шайхнинг шартига мувофиқ санад билан Зайд ибн Собитдан қуйидаги ривоятни келтиради:

«Зайд ибн Собит: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Қуръонни руқъаларга ёзар эдик», деди».

Ҳадисдаги «руқъа» калимаси тери ёки қоғоз парчасини англатади. Бу эса ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ваҳий котиблари учун ёзиш қулай бўлган асбобларнинг баъзи турларини билдиради. Улар оятларни ясси тошларга, хурмо дарахтининг пўстлоқларига, туя ёки қўйнинг курак суякларига, туянинг белига қўйиладиган эгарга ўхшаш нарсаларга ва тери парчаларига ёзишар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга янги нозил бўлган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берар эдилар.

Шундай қилиб, Қуръон йигирма уч йил давомида фаришта орқали тўлиқ нозил бўлган, Пайғамбаримиз ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлганлар ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган.

Уламоларнинг аксари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни жамлашда, уни ёзишда унинг «етти ҳарф»ни ўз ичига олиши мулоҳаза қилинган», дейишади. Қуръони Карим ушбу «етти ҳарф»да нозил қилинган ва ёзилган. Биз бу мавзуни ўз ўрнида батафсилроқ ўрганамиз.

Ҳар бир ёзилган оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига қўйилар эди. Котиблар ўзлари учун ҳам бир нусха кўчириб олишарди. Котибларнинг ушбу нусхалари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидаги саҳифалар ва шу билан бирга, уммий ва уммий бўлмаган саҳобаларнинг ёдлашлари Қуръони Каримнинг муҳофазасига, сақланиб қолишига етарлича хизмат қилди. Бу эса Аллоҳ таолонинг Ҳижр сурасидаги қуйидаги оятининг исботи эди:

ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ

 «Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, унга Биз муҳофазачимиз» (9-оят).

Ислом даъвати ўз бошидан энг оғир кунларни кечираётган бир пайтда, яъни мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ оз сонли мусулмонларни бутунлай йўқотишга, Қуръоннинг номини ҳам қолдирмасликка қасд қилиб қолишган бир пайтда нозил бўлган бу ояти карима ҳақиқий илоҳий мўъжизадир. Агар мазкур Китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза бўлмаганида, шундай қийин пайтда бу гапларни ишонч ва таъкид билан айтмас эди. Бу бир мўъжиза бўлса, оятдаги ваъданинг юзага чиқиши минг мўъжизадир. Қуръон нозил бўла бошлаганидан ҳозирги кунга қадар уни йўқ қилиб юбориш, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча уринишлар бўлди. Аммо Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиқди. Ўз Китобини муҳофаза қилиб қолди. Бу Китобнинг бирор ҳарфи ҳам ўзгаргани йўқ. Дунёдаги ҳамма китобларга, ҳатто самовий китоблар бўлмиш Таврот ва Инжилга ҳам ўзгартириш киритилди. Аммо Қуръони Карим софлигича қолди.

Юқорида зикр қилинган Қуръони Каримни ёзиш ишларини расмий ёзиш деб аташимиз мумкин. Яъни жамият раҳбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил бўлган оятларни ёзишни расмий равишда йўлга қўйганлар. Шу билан бирга, баъзи саҳобаи киромлар Қуръони Каримни норасмий равишда, ўзлари учун ёзиб боришар эди. 

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иордания давлатида қозилар раиси бўлиб ишлаган шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи .ТайсирутТафсир, деб номланган бир китоб ёзган. Китобнинг номи бизнинг давоми...

2191 17:00 / 22.06.2021
33.Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига давоми...

6019 05:00 / 23.01.2017
«Энг муносиб жой» деганда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил этиш учун танлаган макон Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара ва уларга боғлиқ жойларни кўзда давоми...

9240 18:36 / 06.04.2018
учинчи қисмАллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади.Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни, 10оят.Ушбу жумланинг таржимасида унинг уч хил давоми...

4541 14:00 / 28.07.2020
Аудиолар

129745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

50405 14:35 / 11.08.2021