Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (24-дарс). Ваҳийни тушуниб етмаслик (давоми)

15:09 / 11.03.2019 6015 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

8. Қуръоний ваҳийни илҳом ва кашф деган даъво.

Қуръони карим ваҳийсини тушуниб етмаслик фақат қадимги мушриклар ва ҳозирги душманларгагина хос эмас. Балки Исломдан бошқа динларнинг пешволарига ҳам тегишли хусусиятдир. Улар ваҳийни тан олсалар ҳам, уни нотўғри тушуниб олганлар.

Бу ҳақда доктор Субҳий Солиҳ раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Афсуски, биз Қуръони карим таъкидлаганидек, «ваҳий» тушунчасининг барча пайғамбарлар ҳузурида ягона эканини айтар эканмиз, «Муқаддас Китоб» қомусида «ваҳий» сўзига турли хил ихтилофли тафсирлар берилганини кўрамиз. Ушбу қомусга кўра: «Ваҳий – бу Аллоҳнинг руҳи руҳий ҳақиқатлар ва ғайбий хабарларни кўриш учун илҳомлантирилган котибларнинг руҳига тушишидир. Мазкур ваҳий котиблари ўз шахсиятларида бирор нарсани йўқотиб қўймайдилар, уларнинг ҳар бири ўз таълиф йўналишлари ва таъбирида ўз услубларига эгадир».

Бу ерда бизни афсуслантираётган нарса – қомусий таърифга кўра, ваҳийнинг Аллоҳга диний боғланишдан анча узоқлигидир. Ваҳий аслида Аллоҳдан олинади. Бу ердаги ваҳийнинг таърифи кўпроқ кашф ёки илҳомнинг далолатига яқинроқдир.

Кашфнинг шундай соф турлари борки, башарият орасида руҳий покланишлар бўлиб, улардан илҳом берилган шоирлар, сўфилар ва орифлар кашф орқали турли хил соф фикрларни айтганлар. Кашфнинг кирланган тарафи ҳам борки, бу коҳинлар ва фолбинларда кўринади. Уларнинг аксари ёлғончи ва дажжоллардир.

Биз калималарни ўз ўрнида ишлатмасликдан қўрқишимиз лозим бўлади. Ваҳий ҳолатини «кашф» лафзидан ажратиб қўйишимиз керак. Шунга ўхшаш, «илҳом», «ботиний ва ички ҳис-туйғулар» каби кали-маларни ҳам «ваҳий» калимасидан узоқлатишимиз даркор. Ажамларга тақлид қилаётган баъзи одамлар ажабтовур соддалик билан набийлар ва набийларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларидаги ваҳий ҳолатини нотўғри тафсир қилмоқдалар.

Кашфнинг далолатини ҳар қандай даъвогарга исботлаб бермоғимиз, сўнгра «Ваҳийнинг далолати ҳам кашфнинг далолатидандир», демоқчи бўлаётганларни инкор қилишимиз ниҳоятда осон иш.

Албатта, кашф очиқ-ойдин чегарада нафсий далолатдан холи бўлмайди. Чунки у кўпинча машаққат ва уриниш самараси бўлади, ёки руҳий риёзат таъсирида юзага келади, ёхуд узун тафаккурнинг натижаси бўлади. Кашф инсоннинг ўзида комил ишончни ва комилликнинг мислини пайдо қилмайди, балки бу шахсий иш бўлиб, ҳақиқатни Улуғ ва Олий масдардан олмайди.

Орифларнинг кашфи восилларнинг илҳомига ўхшайди. Нафс уни яқийн бўлмаган, яъни ўта ишончли бўлмаган маърифат ила билади. Нафс унга унинг масдарини сезмаган ҳолда ажраб чиқади. Унга завқлиларнинг завқи, топқирларнинг топқирлиги ҳам қўшилиб кетади. Яна юнонларнинг наздидаги шеър худосининг афсоналари ва жоҳилият арабларининг наздидаги шеър шайтонларининг уйдирмалари ҳам кашфдан дейилаверади.

Шубҳасиз, кашф илҳомга ўхшайди. «Кашф» лафзи янги пайдо бўлган «психология» фанининг лафзларидан бўлиб, ҳатто уни бор дейдиганлар ҳам мубҳамлик ичидадир. Исмидан ҳам кўриниб турибдики, у ҳис ва сезиш ҳолатларидан узоқдир. Агар инсон тўғрисида «Бу кашф ва илҳом эгаси», дейилса, ушбу сифатлар билан у нубувват ва ваҳий даражасига етолмайди. Чунки ҳар бир ваҳийда ўзига сингдириш бор. Ҳар бир нубувватда (илоҳий хабарни қабул қилишда) унинг маъносини сезиш ва мағзини идрок қилиш бор. Ўзига бирор нарсани сингдириш хусусиятини йўқотган кишига нисбатан хотирасиз, деб тош отилади. Ҳис-туйғудан маҳрум бўлган кишига бефаҳмлик шар-мандалиги ёпиштирилади» (иқтибос тугади).

Ушбу илмий мулоҳазалар ҳақида хулоса қилинар экан, кашф билан ваҳийнинг ўртасида катта фарқ борлиги очиқ-ойдин маълум бўлади. Бошқа динларнинг муқаддас китобларида кашф билан ваҳийнинг ажратилмагани ўша китобларнинг ўзгариб кетишига асосий сабаблардан бири бўлган. Натижада масиҳийлик динининг асоси бўлган муқаддас китоблари учун кашфни ваҳий ўрнида қабул қилишга маж-бур бўлиб қолишган. Набийнинг сўзини ажратиб, Аллоҳнинг сўзини алоҳида муҳофаза қилишга аҳамият берилмагани учун, бутун бошли илоҳий китоб зое бўлган. Инжилдан нафақат пайғамбарнинг сўзлари, балки Ийсо алайҳиссаломни мутлақо кўрмаган кишиларнинг ҳам сўзлари ўрин олиб қолган ва насронийлар ушбу сўзларни ҳам илоҳий калом сифатида қабул қилишган. Кишилар уйларида ёлғиз ўтириб, ўзларига кашф бўлаётганини даъво қилиб, Инжиллар ёзишган ва ана шу ёзилган нарсалар ваҳий ўрнига ўтиб қолган.

Қуръони каримнинг ўзида Аллоҳ таоло Ўз ваҳийсини Ўзи муҳофаза қилишини айтиш билан бирга, ушбу ваҳийни бошқа каломлардан, ҳатто ўз Пайғамбарининг каломидан ҳам ажратиб тушунадиган ва тушунтирадиган миллатни Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқарган. Қуръони карим фақатгина Аллоҳнинг сўзи экани ва унда башарият каломидан бирор луқма аралашмагани Қуръони каримнинг ўзидан далиллар келтириб, исботлангандир.

Кўриб ўтганимиздек, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни койиш, одоб бериш, таҳдид қилиш, қўрқитиш, ҳатто агар у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Каломига ўзларидан бирор нарса қўшсалар, «собр» ўлими каби даҳшатли ўлим билан огоҳлантириш борлиги Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта сўзлари йўқлигини билдиради.

Бугунги кунда ўзларини «маданиятли» дейдиган ўлкалардаги мусулмон бўлмаганлар Қуръони каримни Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахсий сўзлари дейишади ва бу гапларига бизнинг эски китобларимизда ёзилиб қолган исроилиётларни, заиф ва турли мавзу ҳадисларни далил қилиб келтиришади. Бу каби даъволарга ваҳий тўғрисидаги соф илмий баҳсларда етарлича раддиялар берилган. Ажабланарлиси шуки, шаккок шарқшуносларнинг Мусо алайҳиссаломга, Ийсо алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлишини, осмондан китоб тушишини сиғдирган ақллари негадир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлишини сиғдира олмайди.

Уламоларимиз Қуръони каримнинг нозил бўлиши ўзига хос ягона ҳолат эканини муфассал баён қилганлар. «Аз-Зоҳира ал-Қуръания» – «Қуръоний ҳодиса» истилоҳи жазоирлик машҳур мутафаккир Молик ибн Набий раҳматуллоҳи алайҳига мансубдир. У кишининг «Аз-Зоҳира ал-Қуръания» номли француз тилида ёзилган китоби бор. У киши ушбу китобда ваҳий ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, соғлом ақл таслим бўладиган даражада баҳс юритган. Ваҳийнинг инсон сифатидан мустақил эканини, Қуръони карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичларидан чиқмаганини, балки у илоҳий иноят ўлароқ юқоридан нозил бўлганини исботлаб берган.

Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозиргача инсоният тарихидаги ушбу нодир ҳолатни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаб келмоқда ва ўзининг айтганини илмий ҳақиқат деб даъво қилмоқда. Турли мантиқсиз даъволарни бир тарафга қуйиб турайлик-да, Қуръони карим маъноларини рус тилига таржима қилиш борасида икки оғиз сўз айтиб ўтайлик.

Ҳозирги кунга келиб, Қуръони карим маъноларининг рус тилидаги таржима ва тафсирлари ўн бешдан ортиб кетди. Лекин мазкур таржималарда «Қуръон» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноси ҳақида бирор сўз учратиш қийин. Энг ачинарлиси, Қуръони каримнинг асоси бўлган «ваҳий» сўзининг маъноси бутунлай бузиб юборилган, у «внушение» ёки «откровение» деб таржима қилинган. Агар рус тилининг изоҳли луғатларига мурожаат қиладиган бўлсак, ушбу икки сўз қанчалик изоҳланса ҳам, «ваҳий»нинг асл маъносига ҳатто яқин ҳам келмаслигини кўрамиз.

(давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун нозил қилинган китоб бўлиб, унинг вазифаси коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш эмас. Лекин шу билан бирга, давоми...

5119 17:00 / 01.08.2019
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир, Бақара сураси, 45оят.Биз давоми...

6796 22:57 / 06.05.2017
105. Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Аллоҳ кўрсатганича ҳукм қилишинг учун туширдик. Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлмаБу ва бундан кейинги давоми...

5415 05:00 / 23.01.2017
бешинчи мақолаИбн Ашта .АлМасоҳиф, китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради.Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр .Унга исм давоми...

3971 14:05 / 22.10.2019