Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (67-дарс). «Сура» сўзининг маънолари ва тартиби

14:05 / 07.01.2020 9318 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сура» сўзи луғатда «қўрғон», «манзил» ва «шараф» деган маъноларни англатади.

Уламоларимиз истилоҳида эса «Сура Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган мустақил мажмуасидир».

Бошқача қилиб айтсак, Қуръон оятларининг қўрғон билан ўралгандек бир тўплами «сура» дейилади.

Қуръони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура эса Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборат.

Қуръонда 114 та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Баъзи сураларнинг номи суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баъзилариники эса ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.

Сураларининг тартиби ҳақида

Сураларнинг тартиби ҳам тавқифийдир. Эътибор берадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари қуръоний сураларнинг барчасини ўз ичига олади. Бунинг акси бўлиши мумкин ҳам эмас. «Сураларнинг тартиби саҳобалар ижтиҳоди билан бўлган» ёки «Баъзи суралар тартиби ижтиҳодий ва баъзилари тавқифий бўлган» каби фикрлар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Шу маънода имом Заркашийнинг қуйидаги сўзи бир оз мулоҳазалидир:

«Баъзи сураларнинг тартиби Аллоҳ вожиб қилган иш юзасидан эмасдир. Балки у саҳобаларнинг ижтиҳоди ва ихтиёрига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳар бирларининг ўзлари хоҳлаган тартибдаги мусҳафлари мавжуд бўлган».

Заркаший келтирган сабабга таслим бўлиш жоиз эмас. Чунки саҳобаларнинг ўзларига тегишли хос мусҳафларидаги суралар тартиби уларнинг шахсий ихтиёрлари билан бўлган. Лекин ушбу тартибга бошқа бирор кишини мажбур қилмаганлар ҳамда бунинг акси ҳаромдир, деган даъвони ҳам олға сурмаганлар. Зеро, улар ушбу мусҳафларни омма учун эмас, балки ўзлари учун ёзганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафлари тартибини уммат ижмоъ билан қабул қилгач, ёлғиз ҳолдаги мусҳафларни тарк қилганлар. Агар суралар тартиби ўзларининг ижтиҳодига ташлаб қўйилганлигига, бу нарса ўз ихтиёрларига боғлиқ эканига эътиқод қилганларида, албатта, Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафлари тартибини эмас, балки ўз мусҳафлари тартибини маҳкам ушлаган бўлар эдилар. Сўнгра Заркашийнинг ўзи ҳам суралар орасидаги тартибни тавқифий, дейдиганлар билан ижтиҳодий, дейдиганлар орасидаги ихтилоф фақатгина лафзда эканини айтади.

«Сураларнинг тартиби икки қисмга кўра бўлган – тавқифий ва ижтиҳодий» деган фикрни олға сурувчилар иккинчи қисм, яъни «ижтиҳодий бўлган» деган фикрларида саҳиҳ далилга суянмайдилар. Ҳар қалай, бу иккинчи фикр тарафдорларининг сони ниҳоятда оз бўлиб, муваффақият қозонмаган. Қози Абу Муҳаммад ибн Атийя шундай дейди:

«Сураларнинг аксари – ас-сабъ ат-тивал (етти узун сура), «Ҳаа-Миим»лар ва муфассалларнинг тартиби Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида маълум бўлган».

Абу Жаъфар ибн Зубайрнинг фикрича, «Суралар тартиби тавқифийдир», дейдиганлар «Улар ижтиҳодий», дейдиганлардан кўпроқ.

Тавқифий, деган қавлга хилоф қилган озчилик кишилар ниҳоятда заиф ҳадисга суянишади. Балки, бу ҳадиснинг асли йўқ бўлиши ҳам мумкин. Унинг барча ривоятларидаги исноди Язид Форсийга бориб тақалади. У Ибн Аббосдан, деб ривоят қилади. Имом Бухорий Язид Форсийни заифлардан, деб зикр қилган. Унинг ўзи ёлғиз ровий бўлганда, ушбу каби муҳим ҳадислар ундан қабул қилинмайди. Ушбу ҳадисда Қуръон сураларининг маърифати, қироати ва мусҳафларга ёзилиши қатъий мутавотир йўл билан собит бўлганлиги ҳақидаги хабарларга шубҳа билдириш бор. Яна унда сураларнинг аввалидаги «басмала»нинг собитлигига ҳам шак билдирилган. Гўёки Усмон розияллоҳу анҳу уларни ўз фикри билан қолдирган ва ўз фикри билан ўчирган. Бундай туҳматдан у зотни Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Шунинг учун ҳам бу ҳадиснинг асли йўқ, дейишга мажбурмиз. Бу ботил ҳадисни зикр қилиб, гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Балки ундаги Усмон розияллоҳу анҳунинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга берган жавобига ишора қилиб ўтамиз. Қуръони Каримда Тавба ҳамда Анфол суралари кетма-кет жойлашган бўлиб, улар орасида «басмала»нинг йўқлиги хусусида Усмон розияллоҳу анҳу:

«Анфол Мадинада нозил қилинган аввалги суралардан эди. «Бароат» эса Қуръондаги охирги суралардандир. Ундаги қиссалар Анфолдаги қиссалар билан ўхшаш бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга «Бароат» Анфолданми, йўқми, баён қилмай, қабз қилиндилар. Мен ундан деб гумон қилдим ва шунинг учун уларнинг орасини яқинлаштирдим», дейди.

Демак, бу мавзуда ихтиёр қилинган ва кучли фикр шуки, биз бугунги кундаги мусҳафларда кўриб турган сураларнинг тартиби худди оятлар тартиби каби тавқифий бўлиб, бу мавзуда ижтиҳодга ўрин йўқдир.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар2иккинчи мақола 7. .Истиво, сўзининг араб тилида ифодаланадиган маъноларидан еттинчиси ndash .иқбол, давоми...

4993 13:30 / 29.09.2020
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади .Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлсада, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда давоми...

7146 21:40 / 31.12.2018
биринчи мақолаАввал ўтган дарсларимизда муташобиҳнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маънолари, турлари ва бошқа унга боғлиқ нарсаларни қўлдан келганича ўрганиб давоми...

7804 14:39 / 11.08.2020
Аллоҳ таоло Рум сурасида шундай марҳамат қилади .Батаҳқиқ, ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Аниқки, агар уларга мўъжиза келтирсанг ҳам, куфр давоми...

1147 19:00 / 29 сентябрь
Аудиолар

210808 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130073 14:35 / 11.08.2021