Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Насхнинг луғатдаги маъноси
Араб тилида «насх» сўзининг икки хил маъноси бор.
1. Бир нарсанинг асли қолиши билан бирга, унинг нусхасини бир жойдан иккинчи жойга ўтказиш.
«Китобни насх қилди», деганда, ундан нусха олиш тушунилади. Худди шу маъно Жосия сурасидаги қуйидаги оятда келган:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Албатта, Биз қилган амалингизни ёзиб турган эдик» (29-оят).
У дунёда нима амал қилсангиз, ҳаммасини ўз вақтида аниқ ёзиб турган эдик. Яъни фаришталарга қилган амалларингизни худди ўзидек қилиб ёзиб боришни буюрган эдик. Улар мазкур амалларни номаи аъмолларга ёзиб борар эдилар.
2. «Кетказиш ва ўчириш» маънолари.
Ушбу маънодаги кетказиш ва ўчириш икки хил бўлади:
Биринчисида насх қилинган нарса бир йўла йўқ қилиб юборилади. Унинг мисоли қуйидаги оятда келган.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:
«Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур» (52-оят).
Яъни Аллоҳ шайтон ташламоқчи бўлган шубҳани кетказиб, ундан асар ҳам қолдирмас.
Иккинчиси – насх қилинган нарсанинг ўрнига бошқаси келтирилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидаги оятда марҳамат қилади:
«Қачонки бир оятни бошқа бир оят ўрнига алмаштирсак, – ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни Ўзи яхши билувчидир – улар: «Албатта, сен уйдирмачисан, холос!» дерлар» (Наҳл сураси, 101-оят).
Яъни «Аввал нозил қилинган оятнинг ҳукмини бекор этиб, ўрнига бошқа ҳукм жорий бўлганини баён қилувчи оят туширсак...» дейилмоқда.
Насхнинг истилоҳдаги маъноси
Қадимги уламолар «насх» сўзини жуда ҳам кенг маънода ишлатганлар. Улар бу сўзни мутлақ ҳолда – қайдланмаган маънони қайдлаш учун ҳам, умумий маънони хослаш учун ҳам, мубҳам ва мужмални баён қилиш учун ҳам ишлатаверганлар. Шунингдек, уларнинг бу сўзни ишлатишлари маълум бир шаръий ҳукмни кейин келган шаръий далил билан амалдан қолдиришни ҳам ўз ичига олган. «Насх» сўзининг худди мана шу охирги маънодаги ишлатилиши унинг «кетказиш ва ўчириш» деган маъносини ўз ичига олгандир.
Уламолар насхнинг таърифида бир қанча турли-туман ибора ва жумлаларни ишлатганлар. Уларнинг барчаси, иборалари турлича бўлишига қарамасдан, шариат ҳукмларидаги насхни ифода қилади. Ушбу таърифларни қунт билан ўрганиб чиққан мутахассис уламоларимиз уларнинг ичидан энг мукаммали ва мақсадни тўлиқ англатувчиси ўлароқ, қуйидаги таърифни танлаганлар:
«Насх – шаръий ҳукмни кейин келган шаръий далил билан бекор қилишдир».
Ушбу таърифни уламоларнинг кўпчилиги розилик билан ихтиёр этганлар ва уни амал учун қабул қилганлар.
Таърифнинг шарҳи:
Ушбу таърифдаги бекор қилишни амалга оширувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У Зот шаръий ҳукмни насх қилади, яъни амалдан қолдиради – бекор қилади. Бу ҳақдаги буйруғини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали етказади. Демак, шаръий ҳукмни насх қилувчи Аллоҳ таолодир. Мазкур илоҳий буйруқни татбиқ қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин насх бўлмайди.
Шаръий ҳукмнинг бекор бўлиши деганда унга бандаларни таклиф қилишнинг тугатилиши тушунилади. Бир нарса аввал ҳаром бўлган бўлса, ўша ҳукм насх бўлганидан кейин, мазкур нарса ҳалол бўлади. Ёки аксинча, ҳалол бўлган бўлса, ҳаром бўлади.
Шаръий ҳукм – мукаллафлар, яъни шариат ҳукмларига амал қилиши лозим бўлганларнинг матлуб ёки ихтиёрий амалларига боғлиқ хитобдир.
- Матлуб амаллар икки хил бўлади: амалга оширилиши талаб қилинган фарз, вожиб ва мандуб амаллар ҳамда қилмаслик талаб қилинган ҳаром ва макруҳ амаллар.
- Ихтиёрий амаллар – қилиш ёки қилмаслик мукаллафнинг ихтиёрида бўлган, яъни мубоҳ амаллар.
Шаръий далил – Қуръони Карим ва набавий суннатни ўз ичига олади.
Қуръони Карим Аллоҳнинг мутавотир, ожиз қолдирувчи, тиловат қилинадиган ваҳийсидир.
Набавий суннат Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган тиловат қилинмайдиган ваҳийсидир.
- Насхнинг таърифида «бекор қилиниши» иборасининг ишлатилишидан бекор қилиш бўлмаган нарсаларнинг насхга кирмаслигини билиб оламиз. Мисол учун, мужмални – қисқача, умумий тарзда айтилган гапни баён қилиш, мутлақни қайдлаш, умумийни хослаш кабиларда собит бўлган ҳукмни бекор қилиш йўқдир. Балки булар баъзи лафзларни тафсир ва баён қилишдан иборат, холос. Аммо баъзи уламолар булар билан насхни аралаштириб юбориб, хатога йўл қўйганлар.
- Насхда бекор қилинган нарса шаръий ҳукм бўлиши Аллоҳ таоло янгидан фарз ёки вожиб қилган ибодат, қурбат ва таклифлар ҳамда ҳаром қилинган ишлар, зарарли одатлар, барча жоҳилият буйруқлари насх эмаслигини англатади. Буларнинг ҳаммаси насх эмас, балки аввал бўлмаган, шариатга янгидан киритилган нарсалардир.
- Ақл тақозоси билан ёмон бўлса-да, жоҳилиятда мубоҳ саналган нарсаларнинг ҳаром қилиниши ҳам насх эмас. Имом Шотибий бу ҳақда «Ал-Мувафақот»да қуйидагиларни айтади: «Насхнинг оз ва нодир эканига далолат қилувчи тўртинчи нарса – хамр ва рибога ўхшаш аслида мубоҳ деб юрилган нарсаларнинг ҳаром қилиниши насх эмаслигидир. Бу каби нарсаларнинг ҳаром қилиниши асл мубоҳлигининг насх қилиниши дейилмайди».
- Таърифда «шаръий далил» дейилган. Демак, бу ерда насх қилувчи, яъни шаръий ҳукмни бекор қилувчи шаръий далил бўлиши шарт. У ҳам насх қилинган нарса каби собит бўлган ёки ундан ҳам кучлироқ бўлиши керак.
Таърифдаги ушбу қайд билан инсондан унинг ўлими, жинни бўлиб қолиши ва ғафлатда қолиши ила шаръий таклифнинг соқит бўлиши каби шаръий ҳукмнинг бекор бўлиши насхдан эмаслиги аён бўлади. Албатта, ушбу сабаблардан бирортаси воқеъ бўлса, шаръий таклиф соқит бўлишига ақл далолат қилади. Чунки ўлик, жинни ва ғофил кишилар Аллоҳнинг хитобини англаш қобилиятига эга эмаслар.
- Таърифдаги «кейин келган шаръий далил» деган жумладаги «кейин келган» деган қайд жуда ҳам зарур ва ниҳоятда муҳим шартдир. Бундан насх қилувчи насх бўлувчидан кейин келиши англанади.
Шу билан бирга, насх қилувчи ва насх бўлувчи иккисининг орасида ҳақиқий қарама-қаршилик бўлиб, уларнинг орасини жамлашга мутлақо имкон бўлмаслиги шарт. Аммо иккисини жамлашга ва иккисига амал қилишга имкон бор бўлса, насх ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
«Қуръон илмлари» китобидан