Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (21-дарс). Ваҳийни тушуниб етмаслик (давоми)

17:00 / 18.02.2019 6042 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб(нинг маскани)га яқинлашганларида тўхтадилар. Юкларини туширдилар. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас, бурилиб қарамас ҳам эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб, ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва:

«Бу оламларнинг саййидидир! Бу Роббул оламийннинг Расулидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборадир!» деди. 

Қурайш шайхлари унга қараб:

«Буни сен қаердан биласан?» дедилар.

«Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай, барчаси унга таъзим қилди. Улар набийдан бошқага таъзим қилмаслар. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубуввати муҳридан биламан», деди у. 

Сўнгра қайтиб бориб, уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туяларни ўтлатгани кетган эдилар. 

«Уни чақириб келинглар», деди у.

У зот келаётганларида устиларида бир булут соя солиб келди. У зот қавм олдига яқинлашганларида улар соя жойларни эгаллаб олишган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида дарахтнинг сояси устиларига мойил бўлди. 

«Дарахт соясига қаранглар! Унинг устига мойил бўлди!» деди роҳиб.

У ўша ерда туриб, уларга «Уни Рум тарафга олиб борманглар. Агар улар уни кўрсалар, сифатидан таниб қолиб, ўлдиришади», деб ёлворар эди. 

Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва: 

«Йўл бўлсин?» деб сўради.

«Анави набий шу ойда бу томон чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай, ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди.

«Ортингиздан сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у.

«Яхшилигимиз учун бизларни сенинг йўлингга танлашди», дейишди.

«Айтинглар-чи, Аллоҳ қилишни ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди.

«Йўқ», дедилар. Бас, улар у зотга байъат қилдилар ва бирга турдилар. Сўнгра роҳиб қурайшликларга:

«Аллоҳнинг номи билан сўрайман. Кимингиз унинг валийси-сиз?» деди. Улар:

«Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай қилган ёлворишларидан кейин Абу Толиб у зотни бир киши билан қайтариб юборди. Роҳиб (йўл учун) нон ва ёғ берди».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки ёшга тўлганларида бўлиб ўтди. 

Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Карвондагилар Бусро деган жойга етганларида, Баҳиро исмли роҳибнинг олдидан ўтдилар. У Инжилни жуда яхши билар ва насронийликдан хабардор эди. Шунда Баҳиро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, синчиклаб қаради ва сўзлашиб кўр-ди. Сўнгра Абу Толибга: «Бу бола киминг бўлади?» деди. «Ўғлим», деди у. Баҳиро унга: «Бу ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлиши мумкин эмас», деди. «У укамнинг ўғли», деди. «Отасига нима бўлган?» деди Баҳиро. «Онаси бунга ҳомиладорлигида ўлган», деди. «Тўғри айтдинг. Уни юртига қайтариб олиб кет. Буни яҳудийлардан эҳтиёт қил. Аллоҳга қасамки, улар буни бу ерда кўрсалар, албатта ёмонлик етказадилар. Шубҳасиз, бу жиянингнинг шаъни улуғ бўлади», деди Баҳиро. Абу Толиб у кишини олиб, тезда Маккага қайтди».

Ушбу учрашувда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Баҳиро билан ўтирганлари, гаплашганлари, ундан бирор оғиз сўз эшитганлари ҳақида маълумот йўқ. Бунинг устига, улар қайси тилда гаплашган бўлишлари мумкин? Гаплашганда ҳам, Баҳиро Қуръони каримдек нарсани бир кунда ўргатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрганиб, ёдлаб олишлари мумкинми?! Бу «илмий» даъво алаҳсирашдан бошқа нарса эмас!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни имло қилгани даъво қилинаётган иккинчи шахс Варақа ибн Навфалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу киши билан Ҳиро ғорида кўрган нарсаларини Хадижа онамизга хабар берганларидан кейин учрашдилар. Дарҳақиқат, Хадижа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Варақанинг олдига олиб борди. Варақа кексайиб, кўзи кўрмай қолган эди. Хадижа розияллоҳу анҳо унга: «Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга: «Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар. Варақа у зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир – яъни ваҳийнинг ишончли вакили», деди. Кўп ўтмай, Варақа вафот топди. Бошқа гап бўлгани йўқ.

Ушбу икки гумоннинг ботил эканини исботлаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар билан яширин равишда учрашмаганларини эсламоғимизнинг ўзи кифоядир. Балки иккисида ҳам ёнларида рафиқлари бўлган. Баҳиро билан учрашганларида Абу Толиб, Варақа билан учрашганларида Хадижа онамиз гувоҳ бўлганлар. Қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки учрашувда ғайб ва тарих илмларини шу қадар мукаммал ўрганиб олишлари мумкин?!

Кофир-мушрикларнинг бу уйдирмаларига қандай жавоб беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи Фурқон сурасида юқоридаги оятдан кейинги оятда ўргатади:

ﮄﮅﮆﮇﮈﮉﮊﮋﮌﮍﮎﮏﮐﮑ

«Сен: «Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот нозил қилди. Албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», дегин» (6-оят).

Қуръонни ҳамма нарсани билувчи Зот – Аллоҳ нозил қилган. Ҳамма нарсани билувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир. Қуръони каримда эса ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишиларни улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.

Баъзи шарқшуносларнинг «Макка атрофида насроний ва яҳудийлар кўп эди, Муҳаммад Қуръонни ўшалардан ўрганиб олган», деган муболағаларига раддия қилиб, ўзимизни қийнашнинг ҳожати йўқ. Батаҳқиқ, улар орасидаги инсофли изланувчиларнинг ўзлари ушбу аҳмоқона фикрнинг нотўғри эканини таъкидлайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг аҳборлари ва насронийларнинг роҳиблари билан учрашмаганлар. Улар билан бўлган алоқаларининг исботи йўқ.

«Маданиятли» шаккокларнинг ушбу даъволарнинг барчасидан ҳам пастроқ бўлган яна бир даъволари бор. Уларнинг гумонларича, гўё Маккадаги тижорат карвонларининг ёз мавсумида бир марта ва қиш мавсумида бир марта ташкил қилинадиган тижорат сафарларида тижорат моллари билан бирга, ўтган умматларнинг хабарлари, қадимги миллатларнинг қиссалари ҳам Маккага келтирилар эди. Араб тожирларининг яҳудий олимлар билан кўришганлари, насроний олимлар билан мажлислар қурганларини билмаймиз. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Шомга икки марта борганлар. Бир марта, юқорида кўриб ўтганимиздек, гўдаклик чоғларида амакилари Абу Толиб билан бирга сафар қилганлар. Иккинчи марта Хадижа онамизнинг вакиллари ўлароқ, тижорат сафарига чиққанлар. У зот бу вақтда ўсмир бўлиб, ёнларида Хадижанинг ғуломи Майсара йўлдош бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки қисқа сафарларида Бусро шаҳридан бошқа шаҳарга чиқмаганлар. Ақллиларнинг ақллари қаёққа кетмоқда?! Ҳақдан юз ўгириб, қайси томонга бурилмоқдалар?! 

Икки кўзи очиқ инсонга кундай равшан бўлгач, Қуръони карим ушбу пуч хаёлларнинг аҳмоқона эканини қатъий ва кескин лаҳжа билан баён қилади.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

ﮚﮛﮜﮝﮞﮟﮠﮡﮢﮣﮤﮥﮦﮧ ﮨﮩﮪﮫﮬﮭﮮﮯﮰ

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан бошқанинг томонидан тўқиб чиқарилган эмас. Ва лекин у ўзидан олдингининг тасдиғи ва китобнинг тафсилотидир. Унда ҳеч шубҳа йўқ. У оламларнинг Роббидандир» (37-оят).

Қуръони каримнинг сўз ва маъно жиҳатини ҳам, ҳукм ва ҳидоят жиҳатини ҳам, тарихий ва воқеъий жиҳатини ҳам, қисқаси, ҳеч бир жиҳатини пайдо қилишга Аллоҳдан бошқа бирор зот қодир эмас.

(давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида давоми...

3788 18:22 / 29.03.2018
Дамашқдаги Шом қорилари шайхи жаноб Ҳусний Хаттоб айтадиҲеч ким Мусҳафи шарифни унинг аввалги расмига мурожаат қилиб, унинг изидан бормай ёзишга ёки нашр қилишга давоми...

3783 19:00 / 11.12.2021
иккинчи қисмАллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади.Куфр келтирганларга гапирган одам худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганнарсаларга давоми...

4555 13:05 / 21.07.2020
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

4305 05:00 / 23.01.2017