
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Исломда инсоннинг қадр-қиммати бойлиги ёки камбағаллиги билан эмас, иймони билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам бойлик, камбағаллик синов экани тўғрисидаги ва бойларнинг пайғамбарлик ҳақидаги нотўғри тасаввурларини танқид қилувчи оятлардан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мўминларни улуғлашни амр қилмоқда:
ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ
«Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики, сиздан ким жаҳолат ила ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилса ва ислоҳ қилса, бас, албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деб айт» (Анъом сураси, 54-оят).
Бу Аллоҳ таоло томонидан мўмин бандаларни улуғлаш ва уларни ҳурматлашдир. У Зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амр қилиб, таъкидламоқда:
«Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин …», – деб айт».
Аллоҳнинг раҳмати ҳамма нарсадан устундир. Бу ҳақда ушбу «Анъом» сурасининг аввалида худди шу маънодаги, яъни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига раҳматни ёзганлиги ҳақидаги оят тафсирида батафсил ёзилди.
«…Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики, сиздан ким жаҳолат ила ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилса ва ислоҳ қилса, бас, албатта, У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», – деб айт».
Шу боис ҳам ўша гуноҳкорнинг гуноҳларини кечиб юборади.
Фақат банда ўзини банда билиб, вақтида тавба қилиши, қуруқ оғзаки тавба билан кифояланиб қолмай, дилдан афсус ва надомат чекиб, ортидан яхши амалларни ҳам қилиши шарт. Ана ўшанда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлади.
Юқорида келган учта оят ҳақида машҳур муфассирлардан имом Абу Жаъфар Тобароний Хаббоб розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Ақроъ ибн Ҳобис Тамиймий ва Уяйна ибн Ҳисн Физорийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у кишининг Билол, Суҳайб, Аммор, Хаббоб ва бошқа заифҳол мўминлар билан гаплашиб ўтирганларини кўрдилар. Кўришлари билан уларни ҳақорат қилдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Биз сендан ўзимизга хос мажлис қилишингни истаймиз. Араблар бизнинг фазлимизни билиб қўйишсин. Сенинг олдингга араб қабилаларининг вакиллари келиб туради. Биз ўша арабларга анави қулваччалар билан бирга ўтирган ҳолда кўринишдан уяламиз. Биз келганимизда уларни турғазиб юбор. Биз гапимизни тугатиб кетганимиздан сўнг, хоҳласанг, улар билан ўтираверасан», – дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қоғоз келтиришни ва ёзиш учун Алини чақиришни амр қилдилар. Биз бир четда ўтирар эдик. Шу пайт Жаброил «Эртаю кеч Роббларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисоб-китобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисоб-китобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма» оятини олиб келди. Сўнгра «Орамиздан Аллоҳ марҳамат кўрсатганлар шуларми?» – дейишлари учун баъзиларни баъзилари ила ана шундай синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билувчи эмасми?» ояти каримаси тушди. Кейин эса «Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирадиганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики...» ояти нозил бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги қоғозни ташладилар-да, бизни чақирдилар. Биз олдиларига келганимизда:
«Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди», – деб кутиб олдилар. Кейин доим бирга ўтирадиган бўлдилар. Бирга ўтириб, хоҳлаган пайтларида туриб кетар эдилар, биз ўтириб қолар эдик.
Кейин Аллоҳ таоло («Қаҳф» сурасидаги): «Эртаю кеч Роббларига Унинг юзини ирода қилиб дуо қилаётганлар ила ўзингни сабрли тут. Дунё ҳаёти зийнатини истаб, улардан кўзингни олиб қочма» оятини нозил қилди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо биз билан бирга ўтирадиган бўлдилар. Агар ўтирганларида турадиган вақт бўлса, аввал биз турар эдик. Бир оздан кейин у киши турар эдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан кейин уларни кўрсалар, аввал салом берар эдилар ва: «Умматим ичидаги кишиларга мени салом берадиган қилиб қўйган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин», – дер эдилар.
Кейинги оятда Аллоҳ пайғамбарлик вазифасидан яна бирини қисқагина баён этади:
ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ
«Оятларни ана шундай муфассал баён қилурмиз ва (бу) жиноятчиларнинг йўли ойдинлашиши учун ҳамдир» (Анъом сураси, 55-оят).
Яъни ушбу сурадаги каби оятларимизни токи ушбу баёнларимиздан жиноятчи-кофирларнинг йўли ошкор бўлсин деб баён қиламиз. Оятда кофирлар «жиноятчилар» деб аталмоқда. Ҳа, дарҳақиқат, кофирлик – жиноят. Жиноят бўлганда ҳам, улкан жиноятдир. Оламдаги барча инсоният, барча жонзот, жами мавжудотга қарши, Аллоҳга, Пайғамбарга қарши жиноятдир. Пайғамбарларнинг вазифаларидан бири ўша жиноятчилар – кофирларнинг йўлини ошкор қилиш, ундан кишиларни огоҳлантиришдир. Демак, мусулмонларнинг йўли ҳам ошкор бўлади. Ана ўша ошкоралик ила иш олиб боришга тўғри келади.
«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 22 октябрдаги 02-07/6395-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.