Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (63-дарс). Мусҳафи Усмонийнинг мусулмонларга қайтарилиши

18:30 / 10.12.2019 4963 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

«Ан-Нашр фил-қироатил-ашр» китобининг муаллифи Ибн Жазарий ва «Ал-Масаликул-абсор фи мамаликил-амсор»нинг соҳиби Ибн Фазлуллоҳ Умарийлар ҳам шомий мусҳафни ўз кўзлари билан кўрганларини таъкидлайдилар. Баъзи тадқиқотчилар ушбу мусҳафни Русия подшолиги Санкт-Петербургдаги кутубхонага олиб келганини, сўнгра Англияга олиб кетилганини айтишади. Бошқалар «Ушбу мусҳаф 1310 йилгача Дамашқ масжидида турди ва масжид ёнганда, у ҳам ёниб кетди», дейишади.

Шу ерга келганда, ватанимиз пойтахти Тошкент шаҳрида сақланаётган ҳазрати Усмон мусҳафи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишимиз зарур. Биз бу маълумотларни муҳтарам зот, қайнотамиз, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари шайх Исмоил Махдум Сатти Охунд ўғилларининг «Тошкентдаги Усмон мусҳафи тарихи» номли рисолаларидан олдик.

Рисола муаллифи раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Усмон ибн Аффон ёздирган мусҳафлардан бирининг бизнинг ватанимизга келиб қолиши ҳақида тарих китобларидан тўққизта ривоятни далил қилиб келтирган. Мазкур далилларга суяниб, ушбу Мусҳаф ҳақиқатдан ҳам учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзилган мусҳафлардан бири, дея хулоса чиқарган. Исмоил Махдум Сатти Охунд ўғли ҳазратлари мазкур Мусҳафи шариф ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзадилар:

«Аввал у Самарқанддаги «Оқ мадраса» номи билан машҳур бўлган Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасининг махсус ҳужрасида узоқ давр мобайнида катта эътибор билан сақланар эди...»

«...Мусҳаф аввалда Шайх Убайдуллоҳ Аҳрор, сўнгра у зотнинг авлодлари ва ўзларидан кейинги халифаларнинг тасарруфида бўлган. Ул зотнинг авлодлари ва халифалари ҳазрати Хўжа Аҳрорга Мусҳафни мазкур ҳужрада сақлашга ваъда берган эдилар. Бу ҳол ҳижрий 1285 (милодий 1869) санагача – руслар Самарқандни ишғол қилгунларига қадар давом этди. Босқинчилар Мусҳафдан хабар топгач, унинг Ислом оламида катта аҳамиятга молик ёдгорлик эканини англаб, уни Петербургга олиб кетиш чораларини кўра бошладилар. 1869 йил Зарафшон водийси ҳокими генерал Абрамов Тошкентда турган Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманга хат йўллаб, «Самарқанд масжидларининг бирида куфий хатда ёзилган ва мусулмонлар орасида жуда машҳур бўлган қадимий Қуръон бор, ерлик уламолар уни Бухорога олиб кетиш чорасини кўрмоқдалар», деб ёзади ва подполковник Серовга тезда бу ишнинг олдини олиш учун Хўжа Аҳрор масжидига боришни буюради. Қуръони Каримнинг машҳур нусхасини қўлга киритмоқчи бўлган рус маъмурлари мусулмонлар билан суҳбатда: «Ушбу нодир китобнинг аҳамияти катта, билишимизча, Мусҳаф қимматли ёдгорлик. Бу ерда уни ҳеч ким ўқий олмаса ва қадрига етмаса, йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Агар у Русиянинг пойтахти Петербургдаги император кутубхонасига ўтказилса, у ерда уни асраш ва муҳофаза этишнинг барча чоралари кўрилади», деб тушунтирган бўладилар. Сўнгра «Самарқандлик уламолардан Шайх Абдужалил афанди ва мулла Яҳё Хўжа муфтий бу ишнинг тўғрилигига фатво бердилар», деган маънодаги расмий ҳужжат тайёрлайдилар. Бу ҳақда подполковник Серов генерал Абрамовга берган баённомасида: «Қуръон масжидда тургани билан унинг мулки эмас, балки амирлар хазинасидан чиққан. Масжид домлалари «Агар сизларга керак бўлса, биз ўз розилигимиз билан топширамиз», дедилар», деб ёзади. Шундан сўнг генерал Абрамов Серовга: «Бу ёдгорлик илмий ва тарихий аҳамиятга молик асар, бориб, олиб келтиринг», деб буюради. Мусҳаф шу тариқа эгалланиб, Тошкентга, генерал-губернаторга етказилади. Генерал Абрамов Самарқанддаги масжид шайхларининг қўлига Мусҳафи шариф эвазига 100 рубль миқдорида пул беради. («Ўзбекистон тарихи ҳужжатлари», 32-39-бетлар. Фанлар Академияси нашри, Тошкент, 1966 йил)

Генерал фон Кауфман масжид шайхлари Мусҳафни ўз розиликлари билан топширганлари ҳақида тақрир – протокол хати ёзишлари ва император кутубхонасига олинганининг гувоҳи бўлганликларини тасдиқловчи имзолари бўлишини ҳам буюрган эди. Тўрт киши имзо қўяди. Унга Мусҳаф тарихи ҳақида Самарқанд уламолари ва шайхларидан эшитилган ривоятлар ҳам ёзма равишда илова қилинади. Ушбу ёзма тақрир – протоколни тасдиқлаб, генерал фон Кауфманнинг ўзи имзо чекади. Бу воқеа 1869 йил 24 октябрда бўлган эди...» («Миръот» («Ойна») журнали, Боғчасарой, 1900 йил)

«...Шундай қилиб, Мусҳафни олиб, бутун эҳтиёт чоралари кўрилиб, ҳурмат билан Петербургга юборилди ва император кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўлимига қўйилди...»

«...Мусҳаф икки бетига ёзилган 353 варақдан иборат бўлиб, саҳифалар сони 706 та эди. Варақларнинг бўйи 68 см, эни 53 см ҳажмда эди. Йўқолган ва чириб кетган варақларнинг ўрнида оддий қоғоздан иборат 69 саҳифа қўшимча бор эди. («Миръот» журнали П-12-1900й.)...»

«...1917 йилнинг Октябр инқилобидан сўнг Петербургда тузилган маҳаллий Ислом шўроси Мусҳаф масаласида янги ҳукумат раиси В.И.Ленин номига мурожаат ва талабнома мактуби ёзди. Бунга жавобан, халқларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шиори остида тезлик билан Мусҳафни мусулмонлар қўлига топшириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга В.И.Ленин имзо чекди...»

«...Мусҳафи шариф Петербургдан махсус поездда, аскарлар фахрий қоровуллигида Русия мусулмонларининг Уфа шаҳридаги марказий идораси қароргоҳига келтирилди. Уфа шаҳри вокзалидаги ўша кунги манзара Исломнинг нақадар буюклигини намойиш этди. Диний раҳбарлар, ҳукумат арбоблари, масжид имом-хатиблари, мадраса, институт, университет талабалари ҳамда шаҳарнинг эркагу аёл аҳолиси Қуръони Каримни кутиб олиш учун чиққан эдилар. Мусҳафи Усмонийнинг мусулмонларга қайтарилиши ҳақидаги қувончли хабарлар газета ва журналларда эълон қилинди...»

«...Тошкентда чиқадиган «Изҳорул-ҳақ» (Ҳақиқатни зоҳир қилиш) номли журналнинг 1918 йил 18 январь сонида босилган мақолада Мусҳафнинг аввалги макони Самарқанд шаҳри экани таъкидланиб, у ўз ўрнига қайтарилса яхши бўлар эди, деган фикр олға сурилади. Унда, жумладан, «Мусҳаф учун тошдан ясалган махсус лавҳ ҳанузгача ўз ўрнида бўш турибди», дейилади...»

«...Мусҳафи Усмоний Уфа Диний назорати қароргоҳида 1924 йилгача сақланди. Русия мусулмонлари барча жойлардан келиб, уни зиёрат қилаётганликлари ҳақидаги хабар Туркистон минтақасидаги Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона мусулмонларига тарқалди. Туркистон аҳлининг тарихий мероси бўлган Мусҳафнинг асл жойи Самарқанд шаҳри эканини кўпчилик билар эди. Шунга қарамай, Уфа Диний назорати эгалари Мусҳафни ўз қарамоғида сақлаётгани ҳамда унинг ворисларига шукрона айтиб, хурсандликларини баҳам кўриш ҳақида лом-мим демаганлари Мусҳафни ўзларида олиб қолиш ниятида эканликларини кўрсатар эди. Ўша пайтда Ўзбекистонда кўзга кўринган диний арбоблардан шайхул-ислом Тўрахон Махдум Хўқандий ва бошқалар билан Уфа Диний назорати орасида ушбу масала юзасидан ёзишмалар давом этар ва орада чопарлар бориб-келиб турар эди. Охири Тўрахон Махдум ўз ҳамроҳлари билан Москва, Ленинградга сафар қилиб, икки ой мобайнида ҳукумат доираларига қатнаб, шу орада В.И.Ленин билан учрашди ва уни Мусҳафни Ўзбекистонга юбориш учун фармон чиқариш зарур эканига қаноатлантирди.

Шундай вазият давом этаётган пайтда Уфа шаҳрида қурултой ўтказилди. Ушбу ҳодиса тўғрисида менга шайх Юсуф Жоруллоҳ Фанзовий шундай ҳикоя қилиб берди: «Қурултойда Туркистон минтақасидан 75 нафар вакил қатнашди. Мусҳаф масаласига келганда, ўртада жанжал кўтарилди. Туркистонликлар тарафидан ҳатто баланд овозда «Мусҳафни қайтармаслик ўз биродарлари ҳаққига зўравонликдан ўзга нарса эмас! Исломда бундай ишлар жоиз эмас!» деган гаплар айтилди. Хуллас, гап кўп бўлиб, оқибат жанжал-шовқингача бориб етди».

Инқилобдан кейин таъсис топган Тошкент ва Сирдарё вилояти мусулмонларининг «Исломий жамият»и Ўзбекистон мусулмонлари номидан ҳукумат доираларига Мусҳафи шарифни Туркистонга қайтариш тўғрисида мурожаат қабул қилди. Ушбу мурожаатни газета-журналларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Туркистондаги тарихий музейлар ва қадимий осор-атиқалар иши бўйича тузилган комитет ўзининг 1922 йил 18 февралдаги қарорига асосан ўша йилнинг 15 мартида Совет ҳукуматига Мусҳафни Туркистон жумҳуриятига қайтариш тўғрисида талабнома топширди. Шундан сўнг, 1923 йил 25 июнда Мусҳафи Усмонни Туркистонга қайтариш тўғрисида Олий Совет ижроқўмининг қарори чиқди. Ўша пайтларда Уфа Диний назорати Русиядаги барча мусулмонларнинг умумий маркази деб эътибор қилинар эди. Шу мавқеидан фойдаланиб, Мусҳафни олиб қолмоқчи бўлган Диний назорат ҳукумат қабул қилган қарор асосида ниҳоят бу ишга розилик билдирди.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.Биринчи далилҲудайбия сулҳидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом давоми...

3405 17:00 / 27.07.2021
43. Сизнинг кофирларингиз аввалгиларингиздан яхшироқми Ёки китобларда сизларга оқлов бормиБу саволларда қаттиқ инкор оҳанги бор. Ақлни ишлатиб кўриш зарур. Аввал давоми...

3827 05:00 / 23.01.2017
тўртинчи мақола.Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди,.Чунки кўпчилик ўз ижтиҳоди билан ўзи учун мусҳафлар давоми...

3850 20:05 / 26.11.2019
Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини давоми...

3715 05:00 / 19.01.2017