Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (3-дарс). Ваҳийнинг турлари

11:09 / 15.10.2018 8784 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бошқа набийларга келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ваҳий келган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиш ҳоллари қуйидаги шаклларда бўлган.

1. Ўнгидан келадиган туш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошланган илк ваҳий уйқудаги солиҳ тушдир. У зот бирор туш кўрсалар, тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келмай қолмас эди…»

Бухорий ривоят қилган.

Бу хилдаги ваҳий ушбу сўзнинг луғатдаги маъносининг юзага чиқиши десак, хато қилмаган бўламиз. Ҳақ туш шаклидаги ваҳий яхши нарсага ишора бўлади.

Динимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушларидан ҳукм олинмаган, Қуръони каримнинг бирорта ояти туш орқали нозил бўлмаган.

2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Набий алайҳиссаломнинг қалбларига керакли хабарни етказар эди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Руҳул-амин менинг қалбимга солдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво этинг ва талабни гўзал қилинг. Ризқнинг кеч қолиши сизларни уни Аллоҳнинг маъсияти ила талаб қилишга олиб бормасин. Чунки Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага У Зотнинг тоати билангина эришилади».

Ибн Абу Шайба ҳамда Байҳақий «Шуъабул-ийман»да ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг ўзлари кўринмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига бир неча маъноларни ваҳий қилгани тушунилади.

3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.

4. Фаришта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам шаклида кўринар эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Сизга ваҳий қандай келади?» деб сўради.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аҳёнда менга қўнғироқ жаранги каби келади, шуниси менга энг оғиридир. Сўнг мендан арийди, мен эса айтганларини ундан сингдириб олган бўламан. Аҳёнда фаришта менга инсон қиёфасида гавдаланиб сўзлайди, мен унинг айтаётганларини ўзимга сингдириб оламан», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Қуръони карим асосан ушбу ривоятда айтилган қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келадиган ваҳий орқали нозил бўлган.

Баъзан фаришта Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эркак киши шаклида кўриниб гаплашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапларини ўзларига сингдириб олганларидан кейин, қайтиб кетар эди. Фариштанинг Диҳя Калбий исмли киши қиёфасида келгани ҳақидаги ривоятлар кўп.

5. Фаришта ўзининг асл яратилган суратида кўриниб, ваҳийни етказган.

Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг асл яратилган суратида кўринган. Бу ҳолат икки марта рўй берган. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом қанотлари билан осмону фалакни тўсган ҳолларида кўриниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийни етказганлар.

Биринчиси Ислом даъватининг илк босқичида рўй берган эди. Ҳиро ғорида Жаброил фаришта Муҳаммад алайҳиссаломга «Иқроъ» сурасининг аввалини етказганларидан сўнг, орада ваҳий узилиб қолди.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом Абтаҳ деган ерда кетаётганларида, Жаброил алайҳиссалом у зотга Аллоҳ яратган асл суратларида кўриндилар, олти юзта қанотларини ёйиб, вужудлари билан уфқни тўсиб турган ҳолда намоён бўлдилар. Сўнгра яқинлашиб, Аллоҳ юборган ваҳийни етказдилар. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом ўзларига ваҳий келтираётган фариштанинг қанчалар улуғлиги, олий қадарлиги, буюклигини ва унинг Аллоҳнинг ҳузуридаги мақомини тўла тушуниб етдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитган:

«Сўнг мендан ваҳий узилиб қолди. Мен юриб кетаётган эдим, тўсатдан осмондан бир овоз эшитиб қолдим. Нигоҳимни кўтариб қарасам, Ҳирода олдимга келган фаришта осмон билан ер ўртасида, курси устида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. Қайтиб бориб: «Мени ўраб қўйинглар», дедим. Шунда Аллоҳ таоло:

«Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва қақшатқич азобдан четлан!»ни нозил қилди».

Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни асл суратида иккинчи марта кўришлари меърож кечаси бўлган. Аллоҳ таоло Нажм сурасида шундай дейди:

«Ва, дарҳақиқат, уни бошқа сафар кўрди… Сидротул-мунтаҳа (Тугаш дарахти) олдида» (13-14-оятлар).

6. Аллоҳ таоло меърож кечаси намоз ва бошқа бир қанча амрларни Набий алайҳиссалломга бевосита ваҳий қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса: «Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди». 

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган меърож ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шунда Аллоҳ менга ваҳий қиладиганини ваҳий қилди, бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди», деганлар.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эсла, Роббинг Одам ўғилларининг белларидан зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб .Роббингиз эмасманми, ndash деди. Улар .Оре, гувоҳ бўлдик, ndash дедилар. Бу давоми...

4394 22:44 / 05.04.2018
106. Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса,ndashқалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно,ndashким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб давоми...

3687 05:00 / 23.01.2017
Масжиди Набавийнинг воизи Шайх Абу Бакр Жазоирий айтадилар .Қуръони Каримни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфларда ёзиш, шунингдек, уни Усмоний Мусҳаф расмига хилоф давоми...

3223 15:00 / 30.11.2021
иккинчи мақолаУламоларнинг суралар аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги ихтилофлари асосан икки қисмга бўлинадиБиринчи қисмга мансуб кишилар ушбу ҳарфларни давоми...

3962 13:03 / 18.08.2020