Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (89-дарс). Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши

14:00 / 09.06.2020 3865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(бешинчи мақола)

2. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» (184-оят).

Рўза илк жорий қилинганда, ушбу оятнинг ҳукмига биноан, мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга бўлганлар. Хоҳласин, рўза тутсин, хоҳласин, рўза тутмай, бир мискинни тўйдирсин. Демак, бир мискинни тўйдириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган.

Кейинроқ Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги бошқа оятни нозил қилиб, бу оятнинг ҳукмини насх қилган.

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (185-оят).

Бу ояти карима аввалги оятнинг ҳукмини насх қилди. Энди ҳар бир қодир кимса рўза тутиши мажбурий бўлди.

Ушбу насхни тасдиқловчи ривоят ҳам келган.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти нозил бўлганида, ким хоҳласа, оғзи очиқ юрар ва фидя берар эди. Бу ҳол то ундан кейинги «Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» ояти нозил бўлгунича давом этди. Бу уни насх қилди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятда рўза тутиш дастлаб жорий қилинганда ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан кишиларни бу ибодатга аста-секин тортиш учун қўлланган баъзи чоралардан бири ҳақида сўз кетмоқда.

Рўза илк жорий қилинганда, мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга бўлган эканлар. Хоҳласин, рўза тутсин. Хоҳласин, рўза тутмай, бир мискинни тўйдирсин. Демак, бир мискинни тўйдириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган. Маълум вақт ўтиб, одамлар анча ўрганиб қолганларидан кейин бу ихтиёрийлик бекор қилиниб, ҳар бир қодир кимса рўза тутишга мажбур экани ҳақида оят нозил бўлган. Фақат ўта қариб қолгани ва тузалишидан умид йўқ, сурункали беморликка мубтало бўлгани сабабли рўза тута олмайдиган кишиларгагина фидя беришга рухсат этилган.

3. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, баҳраманд бўлишини васият қилсинлар…» (240-оят)

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан, Исломнинг дастлабки босқичида эри ўлган аёлнинг иддаси бир йил бўлган. Бу ҳукмга бир муддат амал қилинган. Кейин Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилиб, юқоридаги оятни насх қилган ва янги оятнинг ҳукмини жорий қилган.

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар...» (234-оят)

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганлар аёлларининг бир йилгача чиқарилмасдан, баҳраманд бўлишини васият қилсинлар…»ни «Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ою ўн кун кутарлар...» насх қилган.

Насаий ривоят қилган.

4. Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгади…» (65-оят)

Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, йигирмата сабрли мўмин жанг пайтида икки юзта душманга тенг келиши, улардан ғолиб бўлиши лозим бўлган. Шунингдек, юзта сабрли мўмин мингта душманга тенг келиши, улардан ғолиб бўлиши лозим бўлган. Бу оятнинг ҳукми, яъни битта мўминнинг ўнта душманга ғолиб келиши лозимлиги бир муддат жорий бўлиб турганидан кейин бошқа оят нозил бўлиб, аввалги оятнинг ҳукми насх қилинган ва янги оятнинг ҳукмига амал қилишга ўтилган.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгади. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгади. Аллоҳ сабрлилар биландир» (66-оят).

Ушбу оят юқоридаги оятни насх қилгани ҳақидаги Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзларини имом Табарий ўзининг тафсирида келтирган.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9. Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур.Аллоҳ таоло Ўзининг давоми...

4131 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ таоло .Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз,, деган.Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони Карим тиловат қилинганда давоми...

6843 05:00 / 19.01.2017
Биз ушбу мақолада Ислом оламидаги машҳур қорилардан, мисрлик Шайх Абдулбосит Абдуссамад раҳимаҳуллоҳ ҳақларида кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни тақдим давоми...

29803 18:35 / 01 январь
Маккада нозил бўлган. 83 оятдан иборат. Аввалидаги .йа, ва .син, муқаттаот ҳарфларидан ташкил топган .йасин, калимаси сурага ном бўлиб қолган. Бу сураи шарифанинг давоми...

57307 05:00 / 23.01.2017