Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (48-дарс). Шарқшунос Режис Блашер: «Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди

14:05 / 27.08.2019 4942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

«Қуръони Каримни жамлаш» иборасини уни ёдлаш ва қалбнинг лавҳига ўрнашиши маъносида тушунадиган бўлсак, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу шарафни ҳаммадан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳофизларнинг саййиди, қалбларида Қуръон жамланганларнинг аввали эдилар. Ушбу шарафга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги танланган саҳобалардан ҳам бир нечалари муяссар бўлганлар.

Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиш-ёзишни ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам у зот Қуръон оятларини Жаброил алайҳиссаломдан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Сўнгра саҳобаи киромларга ўзларига қандай нозил бўлган бўлса, ўшандай қилиб ёддан ўқиб берар, улар эса ушбу ояти карималарни дарҳол ёдлаб олар эдилар. Ўша пайтда Қуръони Каримни нақл қилиш асосан ёдлаш орқали бўлар эди.

Қуръони Каримни қабул қилиб олиш ва уни муҳофаза этишдаги энг асосий омил уни ёдлаш эди. Бунинг ўзига хос сабаблари ва ҳикматлари бор эди.

1. Аллоҳ таоло Ўзигагина маълум бўлган ҳикматга биноан Қуръони Каримнинг ёзма эмас, ёдлаш орқали нозил бўлишини ва тарқалишини ирода қилди. Жаброил алайҳиссалом Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғзаки тарзда олиб тушдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил бўлган оятларни ўзлари ёдлаб олиб, умматларига ҳам етказиб, ёдлатдилар.

2. Қуръони Карим нозил бўлган макон одамларининг ўқиш-ёзишни билмасликлари. Уларнинг Қуръони Каримни ёдлашдан бошқа имконлари йўқ эди.

3. Қуръони Карим тушган табиий муҳитнинг кишилардаги ёдлаш қобилиятининг кучли бўлишига таъсири борлиги.

4. Қуръони Карим тушган муҳит одамларининг – саҳобаларнинг маишатпарастликдан узоқ бўлганлиги, оз нарсага қаноат қилишлари ва хаёлни машғул қилувчи турли нарсалардан узоқда бўлганликлари. 

Ушбу ва бошқа бир қанча омиллар сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобалардан кўплари Қуръони Каримни тўлиқ ёд олдилар. Бу ҳақда ҳадисларда баъзи маълумотлар ҳам келган.

عَنْ قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَنْ جَمَعَ الْقُرْآنَ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم؟ قَالَ: أَرْبَعَةٌ كُلُّهُمْ مِنَ الْأَنْصَارِ: أُبَيُّ بْنُ كَعْبٍ، وَمُعَاذُ بْنُ جَبَلٍ، وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ، وَأَبُو زَيْدٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ

 Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Анас ибн Моликдан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръонни ким жам қилган? деб сўрадим. «Тўрт киши, ҳаммалари ансорлардан: Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд», деди».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Қуръони Каримга нисбатан айтилган «жам қилиш» ибораси, аввал ҳам таъкидланганидек, Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиш ва ёзиш маъноларини англатади.

Қатода розияллоҳу анҳудан қилинаётган ривоятдаги Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг гапларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Каримни фақат тўрт киши жам қилганлиги, уларнинг ҳаммалари ансорлардан, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлганлиги тушунилади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَاتَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم وَلَمْ يَجْمَعِ الْقُرْآنَ غَيْرُ أَرْبَعَةٍ: أَبُو الدَّرْدَاءِ، وَمُعَاذُ بْنُ جَبَلٍ، وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ، وَأَبُو زَيْدٍ. قَالَ: وَنَحْنُ وَرِثْنَاهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилганларида, Қуръонни тўрт кишидан бошқаси жам қилмаган эди: Абу Дардо, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит ва Абу Зайд. Биз ундан (Абу Зайддан) мерос қилиб олганмиз».

Бухорий ривоят қилган.

Сиртдан қараганда, бу ривоят ҳам олдингисини таъкидлаб келаётганга ўхшайди. Аммо диққат билан назар солсак, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу иккала ривоятда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўрт киши жам қилганини айтган бўлсалар-да, уларнинг исмларига келганда, беш киши, яъни Убай ибн Каъб, Муъоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Дардо ва Абу Зайд розияллоҳу анҳум бўлиб чиқади. Уч киши – Зайд ибн Собит, Муъоз ибн Жабал ва Абу Зайд розияллоҳу анҳумнинг исмлари иккала ривоятда ҳам бор. Убай ибн Каъб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумонинг исмлари эса биттадан ривоятда келган. 

Ана шу ҳақиқатдан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз гапларида ададни эмас, бошқа маъноларни кўзлаганлари келиб чиқади.

Ўша маънолардан бири, мазкур кишилар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг назарларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни энг яхши қабул қилиб олган одамлар эканидир. Ҳар бир халқда бирор нарсани қаттиқ таъкидлаш маъносида шунга ўхшаш иборалар ишлатилиши оддий ҳақиқатдир. Бизда ҳам бирор олимдан кўпроқ нарсани ўрганган кишининг таърифида «Фалоний устознинг илмини Фалончи олиб қолган-да», дейилади. Бу эса ўша Фалончидан бошқа одам мазкур устозда ўқимаган, дегани эмас.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг мазкур гаплари алоҳида бир мақом учун айтилган бўлиши мумкин. Бу гапни имом Табаронийнинг ривоятлари тасдиқлайди:

«Икки қабила – Авс ва Хазраж фахр талашиб қолишди. Авс қабиласи аъзолари: «Биздан тўрт киши: сабабидан Роҳманнинг Арши ларзага келган шахс – Саъд ибн Муъоз, гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирилган шахс – Хузайма ибн Собит, малоикалар ювган шахс – Ҳанзала ибн Абу Омир ҳамда арилар ҳимоя қилган шахс – Осим ибн Собит бор», дейишди. Шунда Хазраж қабиласи:

«Биздан Қуръонни жам қилган тўрт киши бор», дейишди ва мазкур тўрт кишининг исмларини айтишди».

Агар имом Бухорийнинг саҳиҳ тўпламларидаги ривоятларнинг зоҳирини оладиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги ҳофизлар адади еттитадан ошмайди. Ана ўша еттиликнинг барчаси ҳам саҳиҳ тўпламдаги битта ривоятнинг ўзида кетма-кет келмаган. Лекин учта ривоятдаги такрор келган исмларни чиқариб ташласак, ушбу еттита ҳофиз жам бўлади. 

Шунинг учун бўлса керак, шарқшунос Режис Блашер бу ҳақда ўзича ҳукм қилиб: «Набавий ҳадисларда Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди. 

Жаноб Блашернинг бу «илмий» кашфиёти унга ўхшаган Қуръони Карим душманларининг кўплаб «илмий» кашфиётлари силсиласининг бир ҳалқаси, холос. Ул жаноблар ўзларининг бу каби «илмий» баҳслари ва хулосалари билан Қуръони Карим ҳақида кўплаб шубҳалар заҳрини тарқатадилар. Мутахассис бўлмаган кишиларни шак ва шубҳага соладилар. 

Бу ҳақиқатни англаб етишимиз учун яна жаноб Блашернинг гапига мурожаат қилайлик. «Набавий ҳадисларда Қуръонни биладиган ҳофизлар фақатгина еттита бўлган», дейди у. Аммо юқорида, «Қуръонининг жамланиши» бобида келтирилган икки ҳадисда номлари зикр этилган Умму Варақа ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумога ўхшаш ҳофизлар борлигини, Қуръони Каримни жамлаганлар сон-саноқсиз эканини «эсидан чиқариб» қўяди.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаУламолар жумҳури Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши уч қисмдан иборат эканини айтганлар.Биринчи қисмҲукм ва тиловатнинг лафзнинг биргаликда насх давоми...

4285 13:00 / 12.05.2020
1. Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен .Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, давоми...

6821 05:00 / 23.01.2017
3. Кишиларнинг ҳолини эътиборга олиш, ҳаётдаги ҳодисаларга ҳамоҳанг равишда умматни тарбиялаб бориш, ҳукмларнинг ҳаётийлигини таъминлаш.Қуръони каримнинг тарқоқ давоми...

5038 20:10 / 15.04.2019
Қуръони Карим мўъжиза эканининг яна бир далили mdash унинг маъносини тушунмасада, дунёда юз минглаб кишилар ёд олганидир. У 600 саҳифадан кўп бўлиб, уни ёдлаган давоми...

16630 10:31 / 14.01.2022