Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Мушрикларнинг даъволари мутлақо нотўғри | Қуръони Карим дарслари (165-дарс)

19:00 / 11 август 1294 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади:

«Куфр келтирганлар: «Бу (Қуръон) уйдирмадан бошқа нарса эмас. Уни ўзи тўқиб олди ва бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», дедилар. Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар.

«Бу аввалгиларнинг афсоналаридир. ‎Уларни ёздириб олган. Улар унга эртаю ‎кеч имло қилинур», дедилар. ‎

«Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот ‎нозил қилди. Албатта, У Ғофурдир, Роҳиймдир», ‎дегин», деган (4-6-оятлар).

Макка мушрикларининг «Қуръон Муҳаммад томонидан тўқиб олинган нарсадир», деган маънодаги бу гапларининг ўзи туҳмат эканини ҳамма яхши билади.

Уларнинг ўзлари, хусусан, бошлиқлари Қуръон башарий калом эмаслигини такрор-такрор тасдиқлар эди. Шу билан бирга, кўпчиликка «Қуръон Муҳаммаднинг уйдирмаси», деб иғво тарқатар эди.

Энди мушриклар уйдирмасининг иккинчи:

«Бунда унга бошқа қавмлар кўмак бердилар», деган қисмига назар ташлайлик. Бу билан мушриклар «Муҳаммадга Қуръонни уйдиришда бошқа қавмлар ёрдам берган», дейишмоқчи.

Ўша пайтда «Бошқа қавмлар кимлар?» деб сўралганда, мушриклар «Аҳли китоблар», деб жавоб беришган.

Демак, мушрикларнинг даъвосича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига янги дин яратиш мақсадида бир китоб ёзишга қарор қилганлар. Бу ишни ишончлироқ чиқариш мақсадида эски илоҳий китобларга ўхшатишга ҳаракат қилиб, аҳли китоблардан, яъни яҳудий ва насоролардан ёрдам олганлар. Хўш, яҳудий ва насоролар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз кирдикорларини фош қилишда, жиноятларини ошкора этишда, бузуқ эътиқодларининг шармандалигини баён қилишда ёрдам берибдиларми? Қуръонда яҳудий ва насороларнинг ҳар бобдаги хатолари баён этилган-ку!

Демак, мушрикларнинг бу даъволари мутлақо нотўғри. Улар бу даъво билан:

«Бас, шубҳасиз, зулм ва ёлғон гувоҳлик келтирдилар‎».

Уларнинг бу гапларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан зулм бор, Қуръони Каримга нисбатан зулм бор, ҳақиқатга нисбатан зулм бор, Аллоҳ таолога нисбатан зулм бор. Уларнинг бу гувоҳлиги ёлғон гувоҳликдир.

Кофирлар Қуръони Карим ҳақида ушбу уйдирма ва бўҳтон ила кифояланиб қолмадилар.

«Бу аввалгиларнинг афсоналаридир. ‎Уларни ‎ёздириб олган. Улар унга эртаю ‎кеч имло қилинур», ‎дедилар».

Кофирларнинг Қуръони Карим ҳақида бир ундай, бир бундай дейишларининг ўзи ҳам уларнинг даъволари асосли эмаслигига далилдир. Уларга асоснинг кераги ҳам йўқ, бир оз ўзларининг бузуқ ақллари ва фосид мантиқларига илашадиган жойи бўлса, бас, ўшани гап деб гапираверадилар. Қуръондаги ўтган умматлар ҳақида келган қиссалардан хабардор бўлганларидан кейин: «Бу аввалгиларнинг афсоналаридир», дедилар.

Қуръон аввалгиларнинг афсонаси бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу афсоналарни қаердан олибдилар?

«Уларни ёздириб олган», дедилар.

Аввалги мушриклар ҳар қанча жоҳил бўлсалар ҳам, ҳозиргиларга қараганда бир оз инсофли бўлишган экан. Улар ҳозирги мушрикларга ўхшаб, «ёзиб олган» демасдан, «ёздириб олган» демоқдалар. Чунки улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиш ва ёзишни билмасликларини яхши биладилар. Шунинг учун «Афсоналарни бош­қаларга ёздириб олган», дейишди. Яна:

«Улар унга эртаю ‎кеч имло қилинур‎», дедилар».

Яъни улар «Ўша афсоналар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эртаю кеч айтиб турилади», дейдилар.

Кофир-мушрикларнинг бу уйдирмасига қандай жавоб беришни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатади:

«Уни осмонлару ердаги сирни биладиган Зот ‎нозил ‎қилди. Албатта, У Ғофурдир, Роҳиймдир», ‎дегин».

Қуръонни ҳамма нарсани билгувчи Зот – Аллоҳ нозил қилган. Ҳамма нарсани билгувчи Зот ўтган умматларнинг тарихини ҳам жуда яхши билади. Ўтганларнинг афсоналарини бировдан ёздириб олишга ҳожат йўқ. Балки бу афсоналар ёлғон, бидъат ва хурофотларга тўлиқдир.

Қуръони Каримда эса ўтган умматларнинг қиссалари энг рост ва тўғри равишда келтирилади. Кишилар улардан ўрнак олишга чақирилади. Вақт ўтиб, илм ривожланиши билан бу ҳақиқат яна ҳам равшанлашиб бормоқда.

Мушриклар фақат Қуръони Карим ҳақида эмас, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳам турли уйдирмалар тўқидилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Қуръон, сўзининг луғавий маъноси Энг аввал .Қуръон, лафзининг асл келиб чиқишини ўрганиб олишимиз, унинг луғавий далолатларига, Қуръон учун ихтиёр қилинган бошқа давоми...

12802 10:03 / 02.11.2018
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар1биринчи мақолаМаълумки, .истиво, сўзи, хусусан Қуръони Каримда келган .истиво, лафзи ҳақида жуда кўп давоми...

5466 13:06 / 22.09.2020
42. Балки ҳийла кўрсатишни хоҳларлар Бас, кофирлар ҳийлаларининг жазосини тортарлар.Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга, Исломга, мусулмонларга қарши турли давоми...

4610 05:00 / 23.01.2017
Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво давоми...

6543 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

213016 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132239 14:35 / 11.08.2021