Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (82-дарс). Насхнинг ўринлари

15:00 / 21.04.2020 4158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ккинчи мақола)

Суннатнинг суннат билан насх қилиниши.

«Суннат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрирдир».

Суннат бизга етиб келиши жиҳатидан икки қисмга бўлинади:

1. Мутавотир хабар. Муайян адад билан чегараланмаган йўллар ила бизга етиб келган хабар «мутавотир хабар» дейилади.

2. Оҳод хабар. Бизга етиб келгунча бўлган йўллари муайян адад билан чегараланган хабар «оҳод хабар» дейилади.

Мутавотир суннатнинг мутавотир суннат билан, оҳод суннатнинг оҳод суннат билан насх бўлишида уламолар орасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Чунки бу ҳолатда насх қилувчи ҳам, насх бўлувчи ҳам тенг қувватга эга бўлади. Худди шу нарса матнларнинг бири иккинчисини насх қилиши жоизлигида асосий шартлардан биридир.

Шунга биноан, оҳод суннатни мутавотир суннат насх қилиши бирламчи ва кучли ишлардан бўлиб қолади. Чунки бу ҳолатда насх қилувчи насх бўлувчидан кучлидир. Аммо оҳод суннат мутавотир суннатни насх қилишига келсак, уламолар бу ҳолатнинг воқеъ бўлмаганига иттифоқ қилганлар.

Суннатни суннат насх қилишига мисоллар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломнинг илк босқичида ивитиб тайёрланадиган ичимлик – набизни баъзи қалин идишларда тайёрлаш ва ичишдан қайтарганлари. Чунки бунда баъзан ичимлик маст қилувчи бўлиб қолиши мумкин эди. Идишлар қалинлиги сабабли ичимликнинг маст қилувчи бўлиб қолганини аниқлаб бўлмас эди.

Кейинроқ, хамрнинг ҳаромлиги қарор топганидан ва у ҳақдаги билим одамлар орасида кенг тарқаб бўлганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига ва умматларига маст қилувчи бўлмаган ичимликларни барча идишлардан ичаверишга рухсат бердилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَدِمَ وَفْدُ عَبْدِ الْقَيْسِ عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فَسَأَلُوهُ عَنِ النَّبِيذِ، فَنَهَاهُمْ أَنْ يَنْتَبِذُوا فِي الدُّبَّاءِ وَالنَّقِيرِ وَالْمُزَفَّتِ وَالْحَنْتَمِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абдулқайс вафди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан набиз ҳақида сўрашди. Шунда у зот уларни дуббода, нақирда, музаффат ва ҳантамда набиз тайёрлашдан қайтардилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Вафд – олий мартабали томонга юборилган вакиллар, элчилар гуруҳи.

Дуббо – қуритиб, ичи ўйилган қовоқ.

Нақир – қуритиб, ичини ўйиб, идиш ясалган хурмо илдизи.

Музаффат – зифт билан бўялган идиш. Зифт меш ва саноч каби идишларни сув ўтмайдиган қилиб мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган елимсимон қора модда бўлган.

Ҳантам – лой, жун ва қон аралашмасидан ясаладиган хум.

Набиз – хурмо ёки майизни сувга солиб, ивитганда ҳосил бўладиган хуштаъм, маст қилмайдиган ичимликдир. Аммо набиз тайёрлашда хатога йўл қўйилса, ичимлик хамрга айланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу ичимлик ҳақида саволлар кўп бўлади. Набизнинг соф ва шубҳасиз бўлишида идиш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода ушбу ривоятда зикр қилинган тўрт хил идишда набиз тайёрлаш мумкин эмас.

عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنِ الْاِنْتِبَاذِ إِلَّا فِي الْأَسْقِيَةِ، فَانْتَبِذُوا فِي كُلِّ وِعَاءٍ، وَلَا تَشْرَبُوا مُسْكِرًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни мешлардан бошқада набиз тайёрлашдан қайтарган эдим. Энди барча идишларда набиз тайёрлайверинг. Маст қилувчини ичманг», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки босқичида саҳобаларини қабрларни зиёрат қилишдан қайтарганлар. Кейин эса бу қайтариқ насх қилинган. Шу хусусдаги ҳадиси шарифда насх қилувчи ҳам, насх қилинган ҳам бир ҳадисда зикр қилинган.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ، فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا، فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الْآخِرَةَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَاللَّفْظُ لِلتِّرْمِذِيِّ.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг, чунки улар охиратни эслатади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.

Жоҳилият даврида қабрларни улуғлаш, уларга сиғиниш авж олган эди. Аллоҳга ширк келтиришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган энг асосий омиллардан бири ҳам айнан қабрларга сиғиниш бўлган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг дастлабки даврида мусулмонларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар.

Тавҳид ақийдаси кишилар онги ва қалбига мус­таҳкам жойлашиб бўлгандан сўнг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга изн бердилар. Нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар. У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, кўпроқ охират ҳаракатини қилади. Шунингдек, қабрда ётганлар ҳам зиёратчининг дуосидан фойда топадилар.

3. Маълум сабабларга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришдан қайтарганлар. Кейин эса бу ҳукмларини ўзлари бекор қилганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يَأْكُلُ أَحَدٌ مِنْ لَحْمِ أُضْحِيَّتِهِ فَوْقَ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бир киши ўз қурбонлигидан уч кундан ортиқ емасин», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шариф вақтинчалик ва маълум сабабга кўра айтилган бўлиб, қурбонлик қилган киши уч кун ичида ўзи емаса, қурбонликнинг гўштини садақа қилиб юборишни тақозо қилади.

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ ضَحَّى مِنْكُمْ فَلَا يُصْبِحَنَّ بَعْدَ ثَالِثَةٍ وَفِي بَيْتِهِ مِنْهُ شَيْءٌ»، فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، نَفْعَلُ كَمَا فَعَلْنَا فِي الْعَامِ الْمَاضِي؟ قَالَ: «كُلُوا وَأَطْعِمُوا وَادَّخِرُوا، فَإِنَّ ذَلِكَ الْعَامَ كَانَ بِالنَّاسِ جَهْدٌ فَأَرَدْتُ أَنْ تُعِينُوا فِيهَا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким қурбонлик қилса, учинчи(кун)дан кейин уйида ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг оттирмасин», дедилар. Келаси йили:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот:

«Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар очарчилик туфайли қийинчиликка дучор бўлган йиллари қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ман қилганлар. Мазкур ҳолат ўтиб, тўқчилик бўлганда эса ҳам ўзлари еб, ҳам ўзгаларга бериб, ҳам сақлаб қўйишга рухсат берганлар.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримнинг асосий эъжози, яъни ожиз қолдириши унинг баёни ndash жумла ва сўз тизимидир. Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ояти, ҳар бир сураси ҳам лафз давоми...

4988 14:00 / 24.07.2019
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга шогирдларидан бири кечаси туриб бомдод намозигача Қуръон хатм қилишининг хабари етди. Ҳазрат эртаси куни унга айтдиndash Тунги ибодатинг давоми...

6798 14:59 / 26.02.2018
Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган .АтТафсир алМунир, номли китобининг муқаддимасида давоми...

2248 19:41 / 15.06.2021
113. Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.Яъни, сизлар золимларга давоми...

4175 05:00 / 23.01.2017