Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони карим дарслари (119-дарс) Кисоий қироати

13:00 / 12.01.2021 5637 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Алий ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Феруз Ҳамза Кисоий. У кишининг куняси Абулҳасан. У зот ҳижрий 119 йилда таваллуд топиб, 189 санада вафот этган. 

Имом Кисоий Ҳамза Зайётдан кейин Куфанинг қироат бўйича имоми бўлган. Қироатни Ҳамзадан олган. Қуръони Каримни ундан тўрт марта ўтказиб олган. Басрага бориб, Халилдан араб тили қоидаларини олган.

Абу Убайд «Китабул-Қироат»да қуйидагиларни айтади: «Кисоий қироатларни танлар эди. У қироат аҳлидан эди. Қироат унинг ҳунари ва санъати эди. Қироатни ундан кўра тўғри биладиган одам йўқ эди».

Абу Бакр Анборий айтади: «Кисоийда бир неча ишлар жамланган эди. У наҳв бўйича одамларнинг энг билағони бўлган. Ғариб сўзларни билишда тенги йўқ эди. Қуръон борасида ягона эди. Унинг ҳузурида кўп одамлар жамланарди. У курсига ўтириб, Қуръони Каримни аввалидан охиригача ўқир эди. Одамлар эшитиб, турли нарсаларни ўрганар эдилар».

Имом Кисоий раҳматуллоҳи алайҳи бир неча китобларнинг муаллифидир. Жумладан, у зотнинг «Китабу маъанил-Қуръан», «Китабул-қироат», «Китабул-адад», «Китабун-навадир» каби асарлари бор. 

У кишининг икки ровийлари – Абу Ҳорис ва Ҳафс Дурий.

Абу Ҳорис – Лайс ибн Холид Бағдодий. У киши ҳижрий 240 санада вафот этган. 

Лайс ибн Холид Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи ўта ишончли, ҳозиқ инсон бўлган. 

Ҳафс Дурий – Абу Амр Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз Дурий. У киши 246 ҳижрий санада вафот этган. Бу зот ҳақидаги маълумотлар аввал ўтди.

Баъзи бир уламолар мазкур етти қироатга яна учни қўшиб, ўн қироат, яна бошқалар ўнга тўртни қўшиб, ўн тўрт қироат ҳам қилишган. Аслида эса улардан бошқалари ҳам бўлган. Бу қироатлар, уларнинг хусусиятлари, ораларидаги фарқлари ва яна шунга ўхшаш нарсалар ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

Агар қироатлар орасидаги фарқлар асосан баъзи бир сўзларни талаффуз қилиш оҳангида эканини эътиборга оладиган бўлсак, мусулмон умматининг Қуръони Каримга қанчалар аҳамият берганига қойил қолмай, илож йўқ. Фақат Қуръони Каримнинг талаффузи учун шунчалар катта ва мислсиз илмий ишларни амалга ошириш ҳеч бир китобнинг, ҳеч бир умматнинг тарихида бўлмаган.

Ҳозирга келиб, мазкур қироатлар ичида кўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.

Биринчиси – Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат.

Бу қироат Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафининг барчасида кенг тарқалган.

Иккинчиси – Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат. Бу қироат асосан Ислом оламининг мағрибига тарқалган.

Бу икки қироат орасидаги фарқларни мутахассис аҳли илмлар аниқ фарқлашлари мумкин. Мисол учун, Осим қироатида «Йа айюҳаннабийю» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Йа айюҳаннабиу» деб ўқилади. Осим қироатида «Ваддуҳа» деб ўқилса, Нофеъ қироатида «Ваддуҳе» деб ўқилади. Ҳолбуки, бу сўзлар мусҳафи шарифда бир хил ёзилади.

Албатта, ҳар бир қироатнинг имоми шогирдларига ўз устозидан қандай эшитган бўлса, айнан ўзини нақл қилган. Бирор ҳарфнинг талаффузида бошқача бўлишига йўл қўйилмаган. Шундай тарзда силсила давом этиб келаверган. Қайси бир талаба қироатни тўғри қиладиган бўлиб етишса, устози унга «ижозат» деб аталувчи ҳужжат берган. Ўша ҳужжатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борадиган ўз устозлари санади ҳам аниқ келтирилган. Бу эса ҳар бир қорининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланишини таъминлаган. Устоздан расмий шаҳодатнома олган қори Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етадиган санадга эга бўлган. Шунинг учун ҳам устоз кўрмаган, ўзича Қуръони Каримни ўқиб олган ёки устозидан «ижозат» олмаган кишилар қори деб ҳисобланмаган.

Бу борада мусулмон уммати қилган тенги йўқ улкан меҳнат, эҳтиёткорлик ва мислсиз фидокорлик ҳар қанча мақтовга сазовордир.

Дунёда ҳеч бир китоб бу шаклдаги эҳтимомга сазовор бўлган эмас.

Дунёда ҳеч бир уммат ўз китобига бу шаклда фидокорлик кўрсатган эмас.

Айтиб ўтилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида ватанимизда қироат илмининг кейинги даврда тарқалиши ва қарор топишида катта ҳисса қўшган қори боболаримиздан бирларининг машҳур етти қироат бўйича «ижозат» силсилаларини ҳужжат ва далил сифатида келтиришни лозим топдик. 

Бу санад Мулла Рўзи домла ибн Муҳаммад Толеъ алайҳирраҳманинг етти мутавотир қироатдан олган «ижозат»идир. Унда Мулла Рўзи домла ибн Муҳаммад Толеънинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган устозлар силсиласи, яъни санади баён қилинган.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг фазли марҳамати ила Қуръон Карим силсилавий дарсларимизни Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда давом эттиришни мақсад қилдик. Навбатдаги дарсимиз давоми...

1526 19:00 / 21 апрель
Абу Абдуллоҳ Муҳосибий .Фаҳмуссунан, китобида шундай дейди.Қуръоннинг ёзилиши янги иш эмас эди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уни ёзишга давоми...

5377 16:05 / 29.10.2019
Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири уни яратиб, ўз ҳолига қўйиб қўймаганидир. Балки яратиш билан бирга, уни икки дунёда саодатманд қилишни ҳам давоми...

6680 16:00 / 12.07.2019
Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.Бақара Улар ўзларига мусибат давоми...

7607 20:03 / 02.04.2018
Аудиолар

213094 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132316 14:35 / 11.08.2021