Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(тўртинчи мақола)
Ибн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади:
«Абу Бакр Умар билан Зайдга: «Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг Китобидан бирор нарсани икки гувоҳ ила келтирса, ёзинглар», деди».
Ибн Абу Довуд Яҳё ибн Абдурраҳмон ибн Ҳотибдан ривоят қилади: «Умар келиб: «Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръондан бирор нарсани талаққий – қабул қилган бўлса, олиб келсин», деди. Улар ўшани саҳифаларга, лавҳларга ва хурмо дарахти пўстлоқларига ёзиб юришар эди. То икки шоҳид гувоҳлик бермагунча, у бирор нарсани ёзмас эди».
Демак, иш бошлашдан олдин пухта режа тузилган. Бу режага биноан, ҳамма ёд биладиган ояти карималарни ёддан ёзишга ўтилмаган. Балки ўша ёдланган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзиб олган шахс олиб келса, унинг ишончли эканини суриштириш бошланган. Кимнинг қўлидаги Қуръони Каримдан бўлган ёзувга икки одил, балоғатга етган, оқил киши «Бунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзилганига биз гувоҳмиз», дея гувоҳлик берсаларгина ёзилган.
Ибн Ҳажар буни Абу Бакрнинг Умар ва Зайдга айтган гапларидаги «икки гувоҳ»дан мурод нима эканини тафсир қилаётганда келтиради.
Абу Бакр шундай деган эди: «Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг Китобидан бирор нарсани икки гувоҳ ила келтирса, ёзинглар».
Бу мунқатиъ (санади узилган) ҳадис бўлиб, Ибн Абу Довуд уни Ҳишом ибн Урва ўз отасидан ривоят қилган йўли орқали чиқарган. Лекин ҳадиснинг ровийлари ишончли одамлардир. Ибн Ҳажарнинг тафсирига кўра, ёзилганга бир гувоҳ ва ёдланганга бир гувоҳ кифоя қилганлиги мулоҳаза қилинади. Жумҳурнинг тафсирига кўра эса ёзилганга икки адолатли гувоҳ, ёдланганга ҳам икки адолатли гувоҳ бўлиши лозимдир. Ёдлаш ёки ёзишда бир кишининг гувоҳлиги кифоя қилмайди. Улар ушбу фикрларига Ибн Абу Довуднинг Яҳё ибн Абдурраҳмон ибн Хотиб йўлидан чиқарган ҳадисини далил қиладилар:
«Умар келиб: «Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръондан бирор нарсани талаққий этган – қабул қилган бўлса, олиб келсин», деди. Улар ўшани саҳифаларга, лавҳларга ва хурмо дарахти пўстлоқларига ёзиб юришар эди. У то икки шоҳид гувоҳлик бермагунча, бирор нарсани ёзмас эди».
Саховий «Жамалул-қурро» номли китобида:
«Ана ўша Муҳаммад ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзилганига иккита гувоҳ келтиришдир», дейди.
Бу ерда икки тарафлама гувоҳлик бўлмоқда.
Биринчиси – оятлар ҳам ёдланган, ҳам ёзилган бўлиши кераклиги.
Иккинчиси – оятларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига ва ёдланганига етук сифатларга эга бўлган иккита одам гувоҳлик бериши керак.
Ушбу дастурга амал қилган ҳолда Умар ибн Хаттоб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум бир йил муддатда тарқоқ ҳолдаги Қуръони Карим ёзувларини жамлаб, оятларни тартибга кўра қўйиб, кийик терисига ёзиб чиқдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошчиликларидаги Қуръоннинг ҳаммасини жамлаш ишлари қарийб бир йил орасида ниҳоясига етди. Чунки у киши Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга бу ишни ўн биринчи сананинг охирида бўлиб ўтган Ямома воқеасидан кейин буюрганлар, иш эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг вафотларига яқин қолганда охирига етган эди. Ямома воқеасидан кейин бир йил ўтиб, ўн учинчи ҳижрий санада у киши вафот топганлар. Шундан келиб чиқиб, Ислом тарихидаги бу улкан аҳамиятга молик иш ўн иккинчи ҳижрий санада амалга оширилган, дея оламиз.
Чуқур мулоҳаза қилиб кўрган кишида «Турли парчалар, курак суяклари, терилар ва пўстлоқларга ёзилган Қуръон оятларини қандай қилиб ушбу қисқа муддат ичида тўплаб бўлишди?» деган савол туғилиши табиий. Бунда ўзларини Аллоҳ учун фидо қилган саҳобаларнинг ғайратларига тан бермай иложимиз йўқ. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қўшилиб, у киши айтганидан бошқа гапни айта олмаймиз:
«Аллоҳ Абу Бакрни Ўз раҳматига олсин! У Аллоҳнинг Китобини икки муқованинг орасига биринчи бўлиб жам қилган шахсдир».
Умар розияллоҳу анҳу тарихда Қуръонни жамлаш фикрининг соҳиби, Зайд розияллоҳу анҳу эса бу ишни ўрнига қўйиб ижро қилган шахс ўлароқ ёзилиб қолди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Каримни жамлашдек нозик ва ҳассос ишнинг амалга оширилиши ўша вақтда у кишининг фақат жангу жадал билан овора бўлиб қолмай, бошқа ишларга ҳам вақт топганларини ва уларга иккинчи даражали иш сифатида қарамаганликларини кўрсатади.
Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни берганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қиламан?!» деб туриб олишлари бежиз эмас эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам, бошқа саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан ва қилганларидан қилча ҳам четга чиқмас эдилар. Аммо ўзаро баҳслардан кейин бунга ўхшаш ишлар умматнинг ижтиҳодига боғлиқ қилиб қўйилганлиги маълум бўлди ва улар Қуръони Каримни жамлашга ижмоъ қилиб, ҳаммалари бир овоздан рози бўлдилар.
Ана шунга ўхшаш суннат нима-ю, умматнинг ижтиҳодига ҳавола этиб қолдирилган иш нима эканини ажратиб олишга ҳар доим ҳам муяссар бўлинавермаганидан баъзан ихтилофлар келиб чиқади.
Ўша саҳифалар тўплами «Мусҳаф» деб номланди.
«Қуръон илмлари» китобидан