Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 жумадул аввал | 2025 йил 08 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон оятларини инкор этиш, унга иймон келтирмасликнинг оқибати | Қуръони Карим дарслари (170-дарс)

19:00 / 22 сентябрь 859 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар. Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва уни қўлинг билан хат қилмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар. Йўқ! У(Қуръон) илм берилганларнинг кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур», деган (47-49-оятлар).

Ушбу оятлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган. Аллоҳ таоло у зотга:

«Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик‎», демоқда.

Яъни «Аввалдан бирин-кетин китоб нозил қилиб келганимиздек, сенга ҳам Қуръонни нозил этдик. Сен Биз юборган Пайғамбарлар силсиласининг давомидирсан. Қуръон Биз нозил қилган китоблар силсиласининг давомидир».

«Бас, Биз китоб берган кимсалар унга иймон ‎келтирурлар‎».

Яъни олдин китоб берилган аҳли китоблар Қуръонга иймон келтирадилар. Бу уларнинг бурчи. Ўзларининг китобида ҳам шунга буюрилганлар. Қуръон келганидан кейин бошқа китоблар амалдан қолади. Ҳамма Қуръонга иймон келтириши, эргашиши лозим бўлади.

«Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор‎».

«Анавилардан» мурод араб мушрикларидир.

«Оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар‎».

Демак, Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин.

Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда аввалги оятнинг маъноси билан содда мусулмонларнинг бошини айлантирмоқдалар. «Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ. Келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар», деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса айтилмай, қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.

Кейинги оятда Қуръон ҳақиқий илоҳий Китоб эканига ақлий далил келтирилади:

Эй Пайғамбар!

«Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва ‎уни қўлинг билан хат қилмас эдинг. Агар шундай ‎бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур ‎эдилар».

Яъни «Эй Муҳаммад, сен Қуръондан олдин бирор китобни тиловат қилмас эдинг. Чунки ўқишни – тиловат қилишни билмас эдинг. Буни ҳамма яхши билади. Сен уларнинг ичида ўсгансан. Сенинг ҳаётингнинг ҳар бир лаҳзасини улар яхши биладилар». Шунингдек:

«...‎уни қўлинг билан хат қилмас эдинг».

Чунки ёзишни ҳам ўрганмаган эдинг. Буни ҳам ҳамма яхши билади. Ўқиш ва ёзишни ўрганмаган одамнинг Қуръондек мўъжиза Китобни қирқ ёшидан кейин бирдан тиловат қилиб, кишиларга етказа бошлаши бу иш оддий иш эмаслигига ёрқин далилдир.

Чунки Қуръондаги таълимотлар, ундаги маълумотлар инсон тўқиб айтадиган жўн гаплар эмас. Унинг китоб ўқиш ва ёзишни билмаган инсон томонидан тиловат қилиниши эса унинг илоҳий эканига ҳеч шубҳа қолдирмайди.

Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиш ва ёзишни ўрганмаганлари у киши учун ҳам зийнат, ҳам мўъжизадир.

«Агар шундай бўлганида...»

Яъни, ўқиш ва ёзишни ўрганган бўлганида:

«...ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар».

«Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир», деб Қуръоннинг илоҳий Китоб экани ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.

Қуръон инсон томонидан яратилиши мумкинми?

«Йўқ! У(Қуръон) илм берилганларнинг кўксидаги очиқ-‎ойдин оятлардир. Оятларимизни фақат золимларгина ‎инкор қилур».

Қуръон инсон томонидан таълиф қилинган китоб бўлиши мумкинми?!

«Йўқ!»

Қуръон инсон томонидан таълиф қилинган китоб бўлиши мумкин эмас.

Қуръон илм берилганларнинг – мўмин-мусулмонларнинг қалбларига жо бўлган очиқ-ойдин оятлардир. Ҳа, бу Китобнинг оятлари очиқ-ойдин илоҳий оятлар эканини англаб етиш учун илм берилган шахс бўлиш керак. Илм берилмаган жоҳиллар буни англаб етишлари қийин.

«Оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур».

Илоҳий ҳақиқатдан чекиниб, ботилга эргашганлар золим бўлмай, ким золим бўлсин?! Фақат золим бўлганларгина, оқни қора, қорани оқ, дейдиганларгина Қуръон оятларини – Аллоҳ таолонинг сўзларини инкор қилишлари мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақола Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх қилиниши.Насхнинг ушбу қисми ҳақида уламолар ўртасида очиқойдин ва катта хилоф мавжуд. Имом Шофеъий, у давоми...

5414 13:40 / 28.04.2020
.Маҳасинуттаъвил, ndash Муҳаммад Жамолиддин Қосимий.Бу тафсирнинг иккинчи номи .Тафсирул Қосимий,дир. Тафсирнинг муаллифи эса Шомнинг машҳур уламоларидан бири давоми...

2606 20:30 / 01.06.2021
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтишади. Эй иймон келтирганлар, унга салавот айтинглар ва салом йўлланглар. Аллоҳга ва Унинг Расулига озор давоми...

17412 05:00 / 23.01.2017
Халаф уламолар мазҳабига кўраиккинчи мақола 2. Аллоҳнинг юзи ndash зоти.Юз жонзотлардаги маълум аъзо бўлиб, у оғиз, бурун ва икки кўзни ўз ичига олгандир. Албатта, давоми...

5045 13:04 / 03.11.2020