Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (40-дарс). Сабаб бир нечта, нозил бўлган нарса битта бўлиши

16:00 / 05.07.2019 4459 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда нозил бўлган бир оят ҳақида икки хил ривоят келган бўлиб, иккиси ҳам икки хил сабабни очиқ баён қилган бўлса, улар алоҳида ўрганилади. Шунда қуйидаги ҳолатларнинг эҳтимоли бўлади:

1. Улардан бири саҳиҳ, иккинчиси саҳиҳ эмас.

2. Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирининг иккинчисидан кучли қиладиган омили бор.

3. Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирининг иккинчисидан кучли қиладиган омили йўқ. Аммо иккисини ҳам қабул қилиш имкони бор.

4. Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирининг иккинчисидан кучли қиладиган омили ҳам, иккисини қабул қилиш имкони ҳам йўқ.

Ушбу тўрт ҳолатдан ҳар бирининг ўзига хос ҳукми мавжуд.

Биринчи ҳолат: 

Ривоятлардан бири саҳиҳ, иккинчиси саҳиҳ эмас бўлган ҳолатда – саҳиҳи олинади, саҳиҳ эмаси рад қилинади.

Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, икки-уч кеча турмадилар. Шунда у зотнинг ҳузурларига бир аёл келиб: «Эй Муҳаммад, мен шайтонинг сени тарк қилган бўлса керак, деб умид қиламан. Икки-уч кечадан буён у сенга яқин келмаётганини кўрмоқдаман», деди. Шунда Аллоҳ таоло «Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, ғазаб ҳам қилгани йўқ» оятларини нозил қилди». 

Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.

Табароний ва Ибн Абу Шайба Ҳафс ибн Майсарадан, у онасидан, онаси ҳам ўз онасидан қилган ривоятда мазкур оятнинг нозил бўлишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ётоқлари тагида ўлиб қолган кучукнинг чиқариб олиниши сабаб бўлди, деган маънодаги ривоятни келтирганлар.

Ушбу икки ривоятдан аввалгиси – Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг ривояти саҳиҳ ривоят бўлгани учун қабул қилинади. Иккинчи ривоятнинг иснодида заифлик борлиги учун у қабул қилинмайди. Аслида ётоқ остидаги кучук сабабли ваҳийнинг кечиккани машҳур. Аммо ўша ҳодиса биз ўрганаётган оятнинг сабаби нузули бўлиши ғариб, яъни кучсиз фикрдир.

Иккинчи ҳолат:

Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирини иккинчисидан кучли этувчи омили бор ҳолатда кучли қиладиган омили бор ривоят олинади, бошқаси тарк қилинади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадина хурмозорларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийларга дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Ундан савол сўрасангиз-чи?» дейишди. «Ундан сўраманглар. У сизга ёқтирмаган нарсангизни эшиттиради», дейишди бошқалари. Охири: «Эй Абулқосим, бизга руҳ ҳақида сўзлаб бер», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муддат жим туриб қолдилар. Бошларини кўтардилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Ваҳий нузули тўхтаганидан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Қурайшликлар яҳудийларга: «Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: «Руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашди. Шунда «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» ояти нозил бўлди».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу икки ривоятдан биринчисида сўраш ва оятнинг нозил бўлиши Мадинада бўлган. Иккинчисида эса Маккада бўлган. Биринчи ривоят иккинчисидан кўра икки жиҳатдан салмоқлидир.

Биринчи жиҳат – биринчи ривоятни имом Бухорий ривоят қилган. Бошқасини эса имом Термизий ривоят қилган. Имом Бухорийнинг ривояти кучли эканига ҳамма иттифоқ қилган.

Иккинчи жиҳат – биринчи ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳодисанинг аввалидан охиригача ўзлари, шахсан иштирок этганлар. Иккинчи ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса ҳодисада иштирок этмаганлар.

Шу нуқтаи назардан, баъзи уламолар оят Мадинада нозил бўлган, деган гап кучлидир, дейишади. Баъзилар эса ҳар икки ривоятни олиб, юқорида айтилганидек, оят икки марта – ҳам Маккада, ҳам Мадинада нозил бўлган, дейишади.

Учинчи ҳолат:

Икки ривоят ҳам саҳиҳ, улардан бирининг иккинчисидан кучли қиладиган омили ҳам йўқ. Аммо иккисини ҳам қабул қилиш имкони бор ҳолатда иккиси ҳам қабул қилинади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Ҳилол ибн Умайя аёлини Шарик ибн Саҳмо билан зинода айблади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳужжат келтир, бўлмаса орқангга ҳадд урилади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, қачон бирортамиз хотини устида бир кишини кўрса, ҳужжат излаб кетадими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳужжат келтир, бўлмаса орқангга ҳадд урилади», деб қайтаравердилар. Ҳилол:

«Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен албатта, ростгўйман. Албатта, Аллоҳ менинг орқамни ҳаддан озод қиладиган нарсани нозил қилади», деди.

Шунда Жаброил «Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб...»дан «...агар у (эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишдир)»гача оятини олиб тушди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ (ибн Умар) розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Жума кечаси биз масжидда эдик. Тўсатдан ансорийлардан бир киши келиб: «Киши ўз аёли билан эркакни ушлаб олса, бу ҳақда гапирса, дарра урасизлар ёки ўлдирса, ўлдирасизлар, жим қолса, аламзадаликда жим қолади. Аллоҳга қасамки, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан албатта сўрайман», деди. Эртаси бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, киши ўз аёли билан бир одамни ушлаб олса, бу ҳақда гапирса, дарра урасизлар ёки ўлдирса, ўлдирасизлар, жим қолса, аламзадаликда жим қолади», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Ўзинг кушойиш бер», деб дуо қила бошладилар. Шунда «лиъон» ояти нозил бўлди: «Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса...».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдаги «лиъон» – «лаънатлашиш» оятидан мурод аввалги ривоятдаги «Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб...» деб бошланган оятдир. Мазкур ривоятда зикри келган ансорий саҳобийнинг исми Уваймир Ажлоний бўлган. Бу икки ривоятдаги ҳодисалар бир вақтда содир бўлган, шунинг учун уларнинг иккиси бир оятнинг нозил бўлишига сабаб бўлган.

Тўртинчи ҳолат:

Иккиси ҳам саҳиҳ, аммо улардан бирининг иккинчисидан кучли этувчи омили ҳам, иккисини қабул қилиш имкони ҳам йўқ ҳолатда оятнинг нозил бўлиши такрорланган, дейилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳамза шаҳид бўлиб, қиймалаб ташланганида Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг (жасади) устида туриб: «Албатта, сенинг ўрнингга улардан етмиштасини қиймалайман!» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша тик турган ҳолларида Жаброил Наҳл сурасининг охирини – «Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир»дан сура охиригача олиб тушди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтадилар ва ирода қилганларидан қайтдилар».

Ҳоким, Баззор ривоят қилишган. Байҳақий «Далоил»да ривоят қилган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уҳуд куни ансорлардан олтмиш тўрт киши, муҳожирлардан олти киши мусибатга учради. Ораларида Ҳамза ҳам бор эди. Уларни қиймалаб ташлашди.  Шунда ансорлар: «Агар биз ҳам бирор куни уларни мусибатга учратсак, улардан зиёда қиламиз», дедилар.

Макка фатҳи куни Аллоҳ «Иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, бу сабр қилувчилар учун хайрлидир» оятини нозил қилди».

Термизий ривоят қилган.

Биринчи ривоятга қараганда, оят Уҳуд ғазотида нозил бўлган. Иккинчи ривоятга қараганда эса оят Макка фатҳида нозил бўлган.

Бу икки ҳодиса орасида бир неча йил ўтган. Шунга биноан, оятнинг нозил бўлиши такрорланган, дейилади.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тафсир фани тарихи ва ривожиТафсир илми Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган. У зот одамларга Қуръони каримнинг маъноларини давоми...

6673 16:56 / 18.05.2017
тўртинчи мақолаАллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан на олдисотди, на ошнаоғайничилик ва на давоми...

3884 13:30 / 02.06.2020
Мусулмон киши доимо Қуръони Каримни тиловат қилиб туриши керак. Тиловатнинг муҳим шартларидан бири оятларнинг маъносини тадаббур қилмоқдир. Арабларда ҳам ушбу давоми...

5780 17:00 / 03.08.2021
Замон ўзгариб, одамлар қадимги китобларнинг услуби ва тилидан узоқлашиб қолдилар. Ушбу сабаб туфайли катта уламолардан бошқалар эски тафсирлардан фойдаланишни давоми...

2874 17:30 / 11.05.2021
Аудиолар

135061 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55339 14:35 / 11.08.2021