Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(иккинчи мақола)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида Қуръони Каримни тўлиқ ёд билганлар қаторида тўрт халифани, катта саҳобаларни, баъзи оналаримизни ва бошқа жуда кўп шахсларни санаш мумкин. Яна бошқа кўплаб саҳобалар борки, уларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Тасаввур қилиш учун айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват учун юборганларида, хиёнат туфайли «Маъуна қудуғи» деган жойда қатл қилинган қориларнинг сони етмишта эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямома жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг ичида ҳам етмишта мураттаб қори саҳобалар бор эди.
Бу борада имом Мовардий шундай дейди:
«Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар».
Уларнинг барчасини ўрганиб чиқишнинг имконияти қийин бўлгач, саҳиҳ тўпламда келган етти кишинигина қорилар дейиш адолатдан бўладими?! Ушбу тўрт кишидан бошқалар Қуръонни ёд олишмаган экан, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, унинг барча жузларини юзлаб, сон-саноқсиз кишилар ёд олгани барчага маълум эди.
Имом Абу Убайд Қосим ибн Саллом ўзининг «Ал-Қироаат» номли китобининг аввалида қори саҳобалардан кўплаб кишиларнинг исмларини келтирган.
Суютий «Ал-Итқон»да ана шу Абу Убайдга мансуб бўлган «Қироатлар» китобида келтирилган қорилардан баъзиларининг исмларини келтиради. Абу Убайд муҳожирлардан тўрт халифани, Талҳа ва Саъдни, Ибн Масъуд ва Ҳузайфани, Солим ва Абу Ҳурайрани, Абдуллоҳ ибн Соибни, машҳур Абдуллоҳларни (Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр), Оиша, Ҳафса ва Умму Саламани, ансорлардан Убода ибн Сомит, Абу Ҳалима куняси билан куняланган Муъозни, Мужаммиъ ибн Жорияни, Фузола ибн Убайдни, Маслама ибн Мухалладни санаб ўтган.
Қосим ибн Саллом санаб ўтган ушбу муҳожир ва ансорлар ҳамда мўминларнинг оналари Аллоҳнинг Китобини қалбларида жамлаган бир тоифа саҳобалар, холос. Улар Қуръони Каримни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб олиш бахтига муяссар бўлганлар. Шундай қилиб, улар у зотнинг дастлабки шогирдларига айландилар, бу шогирдларнинг шайхи, яъни устози шахсан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бўлдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ўтказиб олмаган қори саҳобаларнинг, хусусан, Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ёд олганларнинг адади беҳисобдир.
Ҳофиз Заҳабий «Тобақотул-қурро» китобининг муқаддимасида ана шуларни баён қилади:
«Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни ўтказиб олган саҳобаларнинг ададлари ушбу бўлиб, уларнинг санадлари бизгача етиб келган. Аммо санадлари бизгача етиб келмаган қори саҳобаларнинг саноғи ниҳоятда кўпдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Қуръонни ёд олувчиларнинг ададлари қанчага етишидан қатъи назар, уларнинг Қуръонга бўлган муҳаббатларини тасвирлашга сўз ожиздир. Қуръон уларнинг қалбларини эгаллаб олган, ҳатто ягона ташвишлари Қуръон қироати ва уни тинглаш бўлиб қолган эди.
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنِّي لَأَعْرِفُ أَصْوَاتَ رُفْقَةِ الْأَشْعَرِيِّينَ بِالْقُرْآنِ حِينَ يَدْخُلُونَ بِاللَّيْلِ، وَأَعْرِفُ مَنَازِلَهُمْ مِنْ أَصْوَاتِهِمْ بِالْقُرْآنِ بِاللَّيْلِ وَإِنْ كُنْتُ لَمْ أَرَ مَنَازِلَهُمْ حِينَ نَزَلُوا بِالنَّهَارِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, мен кеч кирганда ашъарийлар тўпини Қуръон овозларидан биламан. Мен уларнинг кундузи тушган манзилларини кўрмаган бўлсам ҳам, уларнинг тундаги Қуръон овозларидан манзилларини билиб оламан...» дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бунинг устига, улар Қуръонни дарс қилиб ўрганишар, фарз ва нафл намозларида эртаю кеч махфий ва жаҳрий қироат қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дарсга имкон яратиб берар, уларни рағбатлантириб, шижоатларини қўзғатардилар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Аллоҳнинг Китобини кўпроқ биладиганларини биродарларига ўргатиши учун танлаб олар эдилар.
Агар бир киши ҳижрат қилиб келса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўргатиши учун саҳобалардан бир кишини тайин қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида Қуръон тиловатининг шовқини эшитилиб турар, ҳатто у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам овозлар аралашиб кетмаслиги учун уларга пастроқ овозда тиловат қилишларини буюрар эдилар.
Саҳобалардан машҳур Қуръон ўргатувчилар еттита эди. Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум.
Дарҳақиқат, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу саҳобалардан Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб каби бир жамоатга Қуръон қироатини ўргатган, Ибн Аббос Қуръон қироатини яна Зайд ибн Собитдан ҳам ўрганган эди.
Ушбу саҳобалардан кўплаб тобеъинлар қироат илмини олганлар. Набавий асрда Қуръонни ёдлаш ва дарс қилиш мадрасасининг кўриниши шундай бўлар эди.
Ибн Жазарий қуйидагиларни таъкидлайди: «Қуръоннинг нақл қилиниши мусҳафлар ва китоблардаги ёзувларга эмас, балки ёдлаб, қалбларга жо этиш асосига суянган эди. Аллоҳ таоло ушбу умматга ато қилган энг шарафли хусусият ҳам шудир».
Бунга имом Муслим ривоят қилган ушбу ҳадис далилдир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Албатта, Роббим менга: «Қурайшга (бориб) уларни огоҳлантир!» деди. Мен У Зотга: «Роббим! Ундай бўлса улар бошимни ёриб, майдалаб ташлашади», дедим. Шунда У Зот: «Албатта, Мен сени синайман ва сен билан синайман. Сенга Китоб нозил қиламан. Уни сув ювмайди. Сен уни ухлаган ва уйғоқ ҳолингда қироат қиласан», деди…»
Шундан тушуниладики, албатта, Қуръон ҳар қандай ҳолда ҳам ёддан қироат қилинади. Уни ёд олган кишининг сув билан ювса ўчиб кетадиган сиёҳ ила ёзилган саҳифага қарашга эҳтиёжи йўқдир.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг муҳофазаси ёдлашга асосланишини ирода қилган.
(Тамом)
«Қуръон илмлари» китобидан