Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 рабиъул аввал | 2025 йил 19 сентябрь, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръонгина инсонларни энг тўғри йўлга ҳидоят қила олади | Қуръони Карим дарслари (160-дарс)

19:00 / 07 июль 1016 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ва батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Буюк Қуръонни бердик» (87-оят).

Оятдаги «етти такрорланувчи»дан мурод «Фотиҳа» сурасидир. Чунки бу сураи карима етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Намознинг ҳар бир ракъатида қайта-қайта ўқилади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Алҳамдулиллаҳи Роббил ъааламийн» етти такрорланувчидир, у менга берилган улуғ Қуръондир», деганлар.

Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етти оятдан иборат ва кўп такрорланадиган улуғ «Фотиҳа» сурасини ва уни ўз ичига олган улуғ Қуръонни берганлигини таъкидлаб айтмоқда.

Шу билан бирга, осмонлару ер қандай ҳақ бўлса, Қуръони Карим ҳам шундай ҳақ эканига ишора қилмоқда. Бу улуғ неъматдир. Қуръон неъмати дунёдаги ҳамма неъматлардан устун туради.

Аллоҳ таоло яна:

«Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилиш учун ҳамда мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик», деган («Наҳл» сураси, 89-оят).

Яъни «Қиёмат куни ҳар бир умматга ўз Пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Ўша Китобдан бошқа бирон нарса тўғри баёнотни бера олмайди.

Шу билан бирга, Қуръон мусулмонлар учун ҳидоятдир. Уларни тўғри йўлга бошловчи ҳидоят маёғидир. Яна Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир.

Ва ниҳоят, Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонларининг ортидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради».

Аллоҳ таоло яна:

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин», деган («Наҳл» сураси, 98-оят).

Яъни «Аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин».

«Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг Китоби –  Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.

Уламоларимиз ушбу ояти каримадан Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиб экани ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Аллоҳ таоло яна:

«Муқаддас Руҳ уни иймон келтирганларни саботли қилиш учун ҳамда мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб Роббингдан ҳақ ила туширган», деган («Наҳл» сураси, 102-оят).

«Эй Муҳаммад!

Сен уларга Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузуридан Руҳул Қудус унвонига эга бўлган фаришта – Жаброил алайҳиссалом олиб тушганини айт. Мушриклар туҳмат қилаётганидек, Қуръонни сен тўқиб олганинг йўқ.

Қуръон, улар ўйлаганидек, одамларни масхаралаш учун туширилган эмас. У мўминларни собитқадам қилиш учун туширилган.

Қуръон таълимотларига амал этиб яшаган мўминларнинг икки дунёда ҳам қадами собит бўлади. У мусулмонларни ҳидоят йўлига бошлайди.

Қуръон мусулмонлар учун хушхабардир. У мусулмонларга исломий ҳаёт кечирганлари учун икки дунё саодатига муяссар бўлишлари ҳақида хушхабар беради.

Қуръони Карим ҳақ ила тушгандир. Унинг бутун борлиғи ҳақдир. У бор жойда ҳақ бордир».

Аллоҳ таоло яна:

«Албатта, ушбу Қуръон энг тўғри (йўл)га ҳидоят қилур ва солиҳ амаллар қилувчи мўминларга хушхабарни берурки, албатта уларга улуғ ажр бордир», деган («Исро» сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги илоҳий таълимотларини қамраб олган Китобни – Қуръони Каримни қиёмат кунигача инсониятни икки дунё саодатига элтиш учун, энг тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун нозил этди.

«Албатта, ушбу Қуръон энг тўғри (йўл)га ҳидоят қилур».

Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида уни энг тўғри йўлга йўллайди.

Қуръони Карим ҳидояти ақида, эътиқод, маънавият, қадрият, руҳоният, мафкура бобидаги энг тўғри ҳидоятдир.

Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг ўзига, Роббига, бошқа инсонларга ва уни ўраб турган турли махлуқотларга нисбатан алоқаси қандай бўлишининг энг тўғри йўлини кўрсатади.

Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг бу дунёдаги ахлоқий, иқтисодий, ижтимоий, оилавий ва сиёсий ҳаётини энг тўғри йўлга бошловчи ҳидоятдир.

Қуръони Карим ҳидояти ҳаммани охират саодатига бошловчи энг тўғри ҳидоятдир.

Қуръони Каримдан ўзга тўғри йўлга ҳидоят қилувчи ҳеч бир китоб йўқдир. Фақат Қуръони Каримгина инсонларни энг тўғри йўлга ҳидоят қила олади. Чунки борлиқни яратган Зот ҳам, борлиқда инсонни Ўзининг халифаси қилиб яратган Зот ҳам Аллоҳдир.

Борлиқ Алоҳнинг махлуқи, инсон Аллоҳнинг бандаси, Қуръон эса Аллоҳнинг дастуридир. Аллоҳ Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган бандасини Ўзи нозил этган Китобига амал қилиб яшасагина, икки дунё саодатига эриштиради.

Аллоҳ яратган борлиқда Аллоҳ яратган инсон Аллоҳ нозил қилган Қуръондан ўзга энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи нарсани икки дунёда ҳам топа олмайди.

Шу билан бирга, Қуръони Карим:

«...солиҳ амаллар қилувчи мўминларга хушхабарни берурки, албатта уларга улуғ ажр бордир».

Демак, фақат мўмин бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди, яхши амаллар ҳам бўлиши керак. Шунингдек, яхши амалларнинг ўзи ҳам кифоя қилмайди, иймон бўлиши керак. Бу умумий қоида. Иймонсиз яхши амал ва яхши амалсиз иймон бўлмайди.

Аллоҳ таоло яна:

«Қачон Қуръон қироат қилсанг, сен билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда қилурмиз», деган («Исро» сураси, 45-оят).

Ана ўша кўринмас парда уларни Қуръонга ишонишдан тўсиб туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни тиловат қилганларида Қурайшнинг бошлиқлари тинглашарди. Аммо ундан таъсирланиб қолмаслик учун турли чораларни кўриш, сунъий тўсиқлар пайдо қилишга уринишар эди.

Бу ҳақда энг машҳур Ислом тарихчиларидан бири, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақидаги дастлабки китоблардан бирининг соҳиби Ибн Исҳоқ аз-Зухрийдан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Иттифоқо, бир кечада Абу Суфён ибн Ҳарб, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Бани Заҳро қабиласининг шартномадоши Ахнас ибн Шурайқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида намоз ўқиётганларида қулоқ солиш учун чиқибдилар. Улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида ўтириб, тинглабди. Бир-биридан хабари йўқ экан.

Кечаси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, тонг отганда тарқалишибди. Йўлда учрашиб қолиб, бир-бирини маломат қилишибди. Бир-бирларига «Энди қайта келмайлик, эси паст одамларимиз кўриб қолсалар, кўнгилларига баъзи шубҳалар тушишига сабаб бўламиз», дейишибди-да, тарқалиб кетишибди.

Иккинчи кечаси эса улардан ҳар бири яна ўз жойига келиб, яна кечаси билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, йўлда учрашиб қолишибди ва яна бир-бирларига аввалги гапларни айтишибди.

Учинчи кечаси ҳам келиб, туни билан (Қуръон) эшитиб чиқишибди. Тонг отганда қайтиб кетаётиб, яна аввалги ҳол такрорланибди. Бир-бирларига «Қайтиб келмасликка аҳд қилмагунимизча тарқамаймиз», дейишибди. Сўнгра аҳдлашиб, тарқалиб кетишибди.

Кундузи Ахнас ҳассасини қўлига олиб, Абу Суф­ён ибн Ҳарбнинг уйига борибди ва унга:

«Эй Абул Ҳакам, Муҳаммаддан эшитганларинг ҳақида фикринг нима?» дебди. Абу Суфён:

«Нима эшитдим? Биз Бани Абду Маноф билан шараф талашганмиз. Улар ҳам кишиларга таом берганлар. Биз ҳам берганмиз. Улар улов бердилар. Биз ҳам улов бердик. Улар хайр-эҳсон бердилар. Биз ҳам бердик. Ҳамма тиз тушиб, пойгага қўйилган икки отдай бўлиб қолди.

Шунда улар «Биздан Пайғамбар бор, унга осмондан ваҳий келади», дедилар. Биз буни қачон идрок қиламиз? Аллоҳга қасамки, биз ҳеч қачон унга иймон ҳам келтирмаймиз, уни тасдиқ ҳам қилмаймиз», деди. Ахнас унинг олдидан туриб кетди».

Эҳтимол, ушбуга ўхшаш номаъқул ўй-фикр ва тасаввурлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тиловат қилаётганларида у киши билан охиратга иймон келтирмайдиганлар орасида кўринмас парда бўлгандир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 30-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни давоми...

4103 05:00 / 23.01.2017
.Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

5475 17:21 / 22.05.2018
Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яҳсубий. У киши ҳижрий 8 йилда таваллуд топиб, 118 санада вафот этган. Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳининг давоми...

4797 13:00 / 22.12.2020
Иордания давлатида қозилар раиси бўлиб ишлаган шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи .ТайсирутТафсир, деб номланган бир китоб ёзган. Китобнинг номи бизнинг давоми...

2624 17:00 / 22.06.2021