Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (108-дарс). Муташобиҳ сифатлардан намуналар

13:00 / 27.10.2020 5240 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Халаф уламолар мазҳабига кўра)

(биринчи мақола)

 

1. Аллоҳнинг қўли – қудрати.

«Қўл» сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан тортиб, то елкасигача бўлган аъзосидир. Албатта, мазкур аъзони Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбат бериб бўлмайди. Чунки бунда У Зотга жисм нисбати берилган бўлади. Аллоҳ таоло эса бундай нарсалардан покдир.

«Қўл» сўзи бошқа маъноларда ҳам ишлатилган:

– Қудрат.

– Қувват.

– Неъмат.

– Бир нарсанинг бировнинг тасарруфи ва мулкида бўлиши.

Қуръони Каримнинг баъзи оятларида «қўл» сўзи бирлик, иккилик ва кўплик лафзлари ила Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилган. Мазкур оятлардаги Аллоҳ таолога нисбат берилган «қўл» сўзининг тафсирида уламолар «қудрат» ва «тасарруф имкони» маъноларини ишлатганлар. Чунки инсоннинг урфида бу сўз худди шу маънода ишлатилади. «Фалон нарса фалончининг қўлидан келади», дейилади. Зотан, Қуръони Карим одамларга улар фаҳмлайдиган услубда хитоб қилган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

ﮚ ﮛﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ

«Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан» (26-оят).

Яъни «Барча яхшиликлар Сенинг қудратинг ила ҳосил бўлур».

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴﯵ

«Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлангандир», дедилар. Қўллари боғлансин уларнинг! Айтганлари учун лаънатга учрасинлар! Аксинча, Аллоҳнинг икки қўли очиқ, хоҳлаганича нафақа қилур» (64-оят).

Бу гаплари билан улар «Аллоҳ бахил», демоқчилар. Уларга раддия сифатида айтилаётган Аллоҳ таолонинг қўли очиқлиги ҳақидаги гап эса У Зотнинг карами ва неъмат бериши кенг эканига ишорадир. Зотан, барча халқларда ҳам сахий ва кўп эҳсон қилувчи одам «қўли очиқ» дея сифатланади.

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ

«Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимиз-ла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Бас, улар ўшаларга молик(эга)дирлар-ку!» (71-оят)

Яъни «Ўша нарсаларни Ўз қудратимиз ила яратдик».

Салафлар эса бу масалада Аллоҳ таборака ва таолони «қўл» деган аъзо ва жисмдан поклайдилар ва бу сўздан кўзланган муродни тайин қилишни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиладилар.

Абулҳасан Ашъарий ва у кишига ҳамфикр бўлганлар салафларнинг гапига қуйидаги гапни қўшадилар:

«Аллоҳ таоло Ўзининг бизга маълум бўлган сифатларига зиёда равишда самъий – эшитилган сифатни собит қилди. Ўша зиёда сифатнинг исми «қўл»дир. Биз ушбу сифатни билмаймиз ва уни тайин қилишга шўнғимаймиз».

Ашъарийлар бу масалада салаф билан халафнинг ўртасида турадилар.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида марҳамат қилади .Бу Роҳман, Роҳийм томонидан нозил қилингандир. Биладиган қавмлар учун арабий Қуръон ўлароқ оятлари муфассал баён давоми...

1068 19:00 / 17.11.2025
биринчи мақолаУламолар жумҳури Қуръоннинг Қуръон билан насх бўлиши уч қисмдан иборат эканини айтганлар.Биринчи қисмҲукм ва тиловатнинг лафзнинг биргаликда насх давоми...

6342 13:00 / 12.05.2020
23. Айтингчи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани давоми...

5203 05:00 / 23.01.2017
129. Агар, роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, баъзисини муаллақга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва давоми...

11669 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

230117 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148701 14:35 / 11.08.2021