Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (101-дарс). Муташобиҳ сифатлар бўйича салаф ва халафларнинг тутган йўллари

13:06 / 01.09.2020 3897 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салафлар – Исломнинг аввали, яъни биринчи асрларида ўтган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар.

Халафлар – салафлардан кейин келган мусулмонлар авлоди.

Улардан ҳар бирининг муташобиҳ сифатлар ҳақида ўзларининг тутган йўллари бўлган. Келаси сатрларда ана шу йўлларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида танишиб чиқамиз.

Муташобиҳ сифатлар ва салафлар

Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини мусулмонлар ичидан биринчилардан бўлиб ақоид илми уламолари чуқур ўрганганлар. Ақоид илми уламоларининг барчасининг – эскиларининг ҳам, янгиларининг ҳам, салафларининг ҳам, халафларининг ҳам бу изланишдан мақсадлари битта – Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаш бўлган.

Салафларнинг араб тилини билиш ва диний эътиқод даражалари олиймақом бўлганини ҳамма жуда яхши билади. Бунинг устига, уларнинг вақтида турли ихтилофлар, фирқалар, фалсафалар бўлмаган, бўлса ҳам, кучсиз ва таъсирсиз бўлган. Шунинг учун улар бошқа илмлардаги каби, ақоид илмида ҳам турли уринишларга муҳтож бўлмаганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал-Фиқҳул-Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар:

«У Зот Ўз махлуқотларидан ҳеч нарсага ўхшамайди. У Зотга Унинг махлуқотларидан ҳеч нарса ўхшамайди. У Зотнинг сифатларининг барчаси махлуқларнинг сифатининг хилофидир. У Зот бизнинг илмимизга ўхшамас илм билан билади. У Зот бизнинг қудратимизга ўхшамас қудрат ила қодир бўлади. У Зот бизнинг кўришимизга ўхшамас кўриш ила кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва нафсни зикр қилган бўлса, улар У Зот учун кайфияти йўқ сифатлардир».

Имом Бухорийнинг шайхи Нуайм ибн Ҳаммод Хузоъий қуйидагиларни айтган:

«Ким Аллоҳни У Зотнинг махлуқотларига ўхшатса, батаҳқиқ, кофир бўлибди. Ким Аллоҳ Ўзини васф қилган нарсани инкор қилса, батаҳқиқ, кофир бўлибди. Аллоҳ ва У Зотнинг Расули У Зотни васф қилган нарсада ўхшатиш йўқ. Ким Аллоҳ таоло учун очиқ-ойдин оятлар ва саҳиҳ хабарларда келган нарсаларни Аллоҳнинг жалолига лойиқ равишда собит қилса ва Аллоҳдан нуқсонларни қайтарса, батаҳқиқ, ҳидоят йўлига юрибди».

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бу маънода ҳам салаф, яъни ўтган мусулмон авлодлар ва уламоларнинг тутган йўллари бор нарсани ўзича қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик бўлган. Бу масала «Аршга истиво» масаласи номи билан машҳурдир. Чунки бу ҳақдаги ояти карималарда «Алал-Арши истава» бирикмаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади. Агар матнни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Аллоҳ Аршга баробарлашди» деган маъно келиб чиқади. Ўтган авлодлар орасида бу маънони Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз, у ҳақда сўз очмаймиз, деб келишилган. Чунки у вақтда ҳамма яхши тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечирган ва улар турли фитналарга дучор бўлмаганлар. Шу билан бирга, ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни «фитначи» деб номлаб, ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўйишмаган. Шу билан мусулмонлар оммаси тинч-омон юрган.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ҳам худди шунга ўхшаш тасарруфлар содир бўлган. Биргина мисол келтирамиз.

Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Субайғ Ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида, Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.

Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб: «Бу одам қани?» деди. «Юклар билан», деди у. «Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» деди.

Уни олиб келди. Умар унга: «Нималар ҳақида сўрайсан?» деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб, одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб, яра қилди. Кейин уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у: «Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», деди.

У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди. Бу ҳалиги одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга: «Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. У ҳам ўз навбатида: «Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», деб ёзди».

Бу одам Бану тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетадиган бўлди. Авваллари у ўз қавмида саййид, пешво эди. Ўшандан кейин ҳақир, хору зор бўлди.

Бу масалада имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг тутган мавқифлари ҳам ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан. Шунда имом Молик: «Истиво маълум. Унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. У ҳақда савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Буни чиқаринглар менинг олдимдан!» деган эканлар.

Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб турганлар.

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
47. Ўшанда улар дўзахда бирбирлари ила хусумат қилурлар. Бас, заифлар мутакаббирлик қилганларга .Албатта, биз сизга эргашувчи бўлган эдик. Энди сиз бизнинг дўзах давоми...

5307 05:00 / 23.01.2017
Имом Али алКисоий қироати.1 Абу Амр адДурий ривояти.Бизга уни Муҳаммад Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Умар ибн Муҳаммад алМуаддал хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

1778 13:30 / 02.03.2021
Улуми Қуръонга оид илмлар ичида .Сабаби нузул, илми алоҳида ўрин тутади. Қуръони каримни ўрганиш ва ундан шаръий ҳукмлар чиқаришда ушбу илмнинг фойдаси жуда ҳам давоми...

6457 13:45 / 28.05.2019
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил Зайёт Таймий. У киши ҳижрий 80 йилда туғилиб, 156 санада вафот этган.Имом Ҳамза ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи етти машҳур давоми...

4353 13:30 / 05.01.2021