Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (75-дарс). Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун ҳаракат қилиш зарур

13:50 / 03.03.2020 4336 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Абул Асвад Дуалий араб тили масалаларида дастлабки дарсларни тақдим қилиш билан машҳурдир. У киши бу ишни Алий ибн Абу Толибнинг буйруқлари билан қилган эдилар. У кишининг Қуръони Каримга нуқталар қўйиши ушбу ишларининг узвий давоми деб гумон қилинади. Ушбу мавзуда Абул Асвад Дуалийнинг Қуръоннинг софлиги учун кучли ғайрат кўрсатганларига ишора қилувчи бир қисса нақл қилинади.

Абул Асвад Дуалий бир кишининг Тавба сурасидаги

ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ

оятини нотўғри қироат қилаётганини эшитиб қоладилар.

Қори «Росулуҳу» калимасидаги «лом» ҳарфини жар қилиб, «Росулиҳи» деб ўқийди. Бунда оятнинг «Албатта, Аллоҳнинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расулининг ҳам» деган маъноси қўпол тарзда бузилиб, «Албатта, Аллоҳнинг мушриклар билан алоқаси йўқ ва Расули билан ҳам» бўлиб қолади. Бу лаҳн (хато) Абул Асвад Дуалийни даҳшатга солди ва у «Аллоҳнинг важҳи Ўз Расулидан безор бўлмоқликдан азиздир!» деди. Сўнгра Басрага, Зиёднинг ҳузурига борди ва: «Сен сўраган нарсага ижобат қиламан», деди.

Бундан олдин Зиёд Абул Асвад Дуалийдан инсонлар Аллоҳнинг Китобини осон ва бехато ўқишлари учун аломатлар қўйишни сўраган эди. У эса жавоб беришни ортга суриб юрарди. Юқоридаги ҳодиса содир бўлгач, ўзи даҳшатга тушиб, бу ишга жидди-жаҳд билан киришди. Унинг ижтиҳоди фатҳа аломатини билдириш учун ҳарфнинг юқорисига битта нуқта, касра аломатини билдириш учун ҳарфнинг остига битта нуқта, замма учун ҳарф ўртасига битта нуқта ва сукун учун иккита нуқта қўйиб чиқишга чорлади.

Баъзи уламолар «Абул Асвад Дуалий Қуръонга Абдулмалик ибн Марвоннинг буйруғи билан нуқталар қўйиб чиққан», дейишади. Ушбу турли ривоятлардан Абул Асваднинг Қуръонга нуқталар қўйиб чиқиш сабабларини аниқ айтиб беришимиз қийин. У бу ишни ўзича қилганми ёки бошқанинг фикри билан амалга оширганми? Бу ишнинг асли қандай тартибда рўёбга чиққан? Бу саволларнинг барчасига қатъий жавоб бериш мушкул. Лекин аниқ биламизки, ушбу оғир вазифани дастлаб ўз зиммасига олган шахс Абул Асвад Дуалий эди. Келтирилган ривоят ва хабарлар ушбу ҳақиқатнинг тўғрилигини билдиради.

Аммо Қуръонга нуқта ва шакллар қўйишни унинг ёлғиз ўзи амалга оширди, дейиш мантиқий жиҳатдан ҳам, ақлий жиҳатдан ҳам тўғри келмайди. Бу каби улкан вазифани якка шахс эмас, балки бир неча шахслар амалга оширади. Уни охирига етказиш бир авлодга эмас, бир неча авлодларга насиб этади. Абул Асвад Дуалийга Қуръонга нуқталар қўйиш, унинг расми хатини сайқаллаш силсиласида дастлабки ҳалқа бўлиш шарафи кифоя қилади.

Ушбу силсиланинг яна бир ҳалқасида Яҳё ибн Яъмур ҳам бордир. Баъзи уламолар бу шахс силсиланинг биринчи ҳалқасидан, деган фикрга мойил бўлишади. Айрим ривоятларда: «Мусҳафларга дастлаб нуқталар қўйган шахс Яҳё ибн Яъмурдир», дейилган.

Қуръонга нуқталар қўйиш ишида Яҳё ибн Яъмурнинг ҳиссаси борлиги маълум. Лекин қўлимизда унинг бу ишнинг бошида турганлиги тўғрисида далил йўқ. Фақат Марвда мусҳафларга биринчи бўлиб нуқталар қўйгани машҳур бўлган. Унинг нуқталар қўйишда аввалги шахс бўлганини билдирувчи энг ишончли далиллардан бири Ибн Халликоннинг «Ибн Сириннинг нуқталар қўйилган мусҳафи бўлиб, уни Яҳё ибн Яъмур қилиб берган эди», деган гапидир. Маълумки, Ибн Сирин ҳижрий 110 санада вафот топган. Демак, шунга кўра, ушбу санадан олдин ҳам комил нуқтали ва мукаммал шакллар қўйилган, ҳаракатлар ўша нуқталар билан ифода қилинган мусҳаф мавжуд бўлганлиги келиб чиқади. Бу жуда нозик иш бўлиб, уни осонликча қабул қилиб бўлмайди.

Наср ибн Осим Лайсий ҳам Қуръонга нуқта қўйиш ишида устозлари Абул Асвад ва Ибн Яъмурларнинг ишини давом эттирди, чунки у мазкур икки олимдан илм олган эди.

Ҳажжож хусусида турлича фикрлар бор бўлса ҳам, ушбу улуғ ишда унинг ҳиссаси борлигини, бу шарафли ишга ниҳоятда қизиққанлигини инкор қилиб бўлмайди.

Замонлар ўтиб, қуръоний хатни осонлаштиришга қаратилган ҳаракатлар кучайди. Ушбу осонлаштириш турли шаклларни ўз ичига олди. Халил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий ал-Аздий нуқталарни синфларга бўлган, уларни китобга туширган ва иллатларни зикр қилган биринчи шахс бўлди. Шунингдек, ҳамза, ташдид, равм (ҳарф ҳаракатини чала айтиб билдириб қўйиш) ва ишмом (ҳарф ҳаракатини овозсиз, фақат лабнинг ҳаракати билан билдириш) аломатларини ҳам мусҳафга дастлаб шу киши қўйди.

Абу Ҳотим Сижистоний Қуръон нуқталари ва шакллари тўғрисида ўз китобини таълиф қилган пайтда мусҳафлар расми илми камолига етай деб қолган эди.

Ниҳоят, учинчи ҳижрий асрнинг охирларига келиб, Қуръон расми илми сайқалланиш ва чирой бериш борасида чўққисига етди. Одамлар гўзал хатларни танлашда, махсус аломатларни қўйишда мусобақалашиб кетдилар. Ташдидли ҳарфларга қавсга ўхшаш аломат қўйишди, боғловчи ҳамза алифига ўзидан олдинги ҳарф фатҳали бўлса, устига, касрали бўлса, остига ва заммали бўлса, ўртасига бир чизиқ чизиб қўйишди.

Қуръоний расми хатни сайқаллашга бўлган ҳаракатлар кўплаб тўсиқларга ҳам дуч келди. Учинчи асрнинг охирларига келиб, уламолар Қуръонга нуқталар қўйиш хусусида ихтилоф қилдилар. Аслида нуқталар қўйишнинг макруҳлиги жуда эрта кўринган эди. Бу хусусда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд:

«Қуръонни холи ҳолда тутинглар, унга бирор нарсани аралаштирманглар», дер эди.

Сўнгра тобеъинлар орасида мусҳафларни хушбўй қилиш ёки саҳифалари орасига атиргул баргларини қўйиш каби ишлар макруҳлиги айтилди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи табаъа тобеъинлар даврида ушбу масаланинг тафсилотини қилиб:

«Уламолар таълим оладиган мусҳафларга нуқталар қўйиш мубоҳдир, лекин она мусҳафларга (Усмон мусҳафларига) қўйиш мубоҳ эмас», деган эди.

Шу билан бирга, Қуръонни ўз ҳолича сақлаш тарафдорлари мусҳафларга нуқталар қўйишни макруҳ дейишда давом этдилар. Баъзи-баъзида нуқталар билан поралар орасини ажратувчи аломатларни фарқловчи мўътадил кишилар ҳам кўриниб турарди. Улар кишиларни: «Дарҳақиқат, нуқталар Қуръонни холи тарзда тутишга халақит қилмайди», деб огоҳлантиришар эди.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу қисмда муфассир ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади ва мазкур қисм иккига ndash жоиз ва жоиз эмасга бўлинади.Жоиз бўлган раъй билан тафсир қилишда муфассир давоми...

2178 20:00 / 06.04.2021
96. Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй ndash Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилингануйдир.97. Унда очиқойдин аломатлар ndash мақоми Иброҳим бор. Ким унга давоми...

3476 18:29 / 10.05.2017
Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар берки,улар гапни эшитиб, энг гўзалига давоми...

3790 22:23 / 20.04.2018
Ҳалимий шундай дейди.Ҳар ўн ёки беш оятни ажратувчи белгилар, сураларнинг исмлари ва оятларнинг сонларини Қуръонга ёзиш .Қуръонни холи тутинглар, деган қавлга давоми...

5642 14:00 / 10.03.2020