1446 йил 4 рабиъус сони | 2024 йил 07 октябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Лаззатларни парчаловчи – ўлимни кўпроқ эслаш

11:00 / 16.06.2020 2116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз» (Анбиё сураси, 35-оят).

Бу дунёда шоҳ ҳам, гадо ҳам, Пайғамбар ҳам, уммат ҳам ўлади. Шунинг учун ҳар бир банда дунёда абадий яшайдигандек бўлиб эмас, балки бир куни бошига ўлим келишини эслаб юрсин. Ўлим шаробини албатта татиш борлигини ҳисобга олиб юрсин. Ўша муқаррар ўлим келгунича эса

«Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз...»

Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Ёмонлик етганда, банданинг қийинчиликка чидаши, сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бу синовларга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиши ҳам мумкин.

«...ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз».

Ҳеч ким Биздан ўзгага қайтарилмайди. Ўшанда Биз сизларга синов-имтиҳон натижаси хабарини берамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Лаззатларни парчаловчи – ўлимнинг зикрини кўпроқ қилинглар», дедилар».

Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ўлим туфайли инсоннинг гуноҳлар қилишига сабаб бўлувчи лаззатлари парчаланади, йўққа чиқади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлари парчаланади. Дунёни эмас, охиратни ўйлаб қолади. Ёмон ишлардан қайтиб, яхши ишларни қилишга ўтади. Ўлимни ўйлаган, ўлганидан кейин бу дунёда қилган ҳар бир иши учун жавоб беришини билган инсон Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшашга ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сизу биз умматларига хитоб қилиб, ўлимни кўпроқ эслашга амр қилмоқдалар. Ушбу ҳадисга амал қилиб, ким бўлишимиздан қатъи назар, бир куни ўлишимизни ҳеч эсдан чиқармайлик. Бу дунёда қилган ҳар бир ишимиз учун ҳисоб-китоб қилинишимизни ҳам унутмайлик.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Доно – нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Аҳмоқ – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан умидвор бўлган одамдир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бошқача қилиб айтганда, оқил одам ўлимдан кейинни кўзлаб, ўзини ўзи тергаб, ҳавойи нафсини жиловлаб, Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади.

Аҳмоқ эса ўлимдан кейинни кўзламай, ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, У Зотга тавба ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло эса: «Тоатимга бахиллик қилганга қандай қилиб раҳматимни ҳадя қиламан?!», дейди.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз жойларига кирдилар ва одамларни тишларини тиржайтириб турган ҳолларида кўрдилар-да:

«Агар сизлар лаззатларни бузувчини кўпроқ эслаганларингизда, мен сизларни кўриб турган ҳолингиздан машғул қилар эди. Бас, лаззатларни бузувчини – ўлимни кўп эслангиз. Ҳолбуки, қабр ҳар куни: «Мен ғурбат уйиман. Мен ёлғизлик уйиман. Мен тупроқ уйиман. Мен қуртлар уйиман», деб туради. Бас, қачон мўмин банда дафн қилинса, қабр унга: «Марҳабо! Хуш келдинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра маҳбубсан. Зеро, бугун мен сенга валий бўлдим, сен олдимга келдинг, энди сенга нима қилишимни кўрасан», дейди. Бас, у унинг кўзи етгунча масофага кенгаяди. Унинг учун жаннатга эшик очилади. Қачон фожир ёки кофир банда дафн қилинса, қабр унга: «Сенга марҳабо йўқ! Хуш келмадинг! Сен мен учун устимда юрганлардан кўра ёмон кўрилгансан. Зеро, бугун мен сенга валий бўлдим, сен олдимга келдинг, энди сенга нима қилишимни кўрасан», дейди. Бас, у унинг устидан қисади ва унинг қовурғалари бир-бирига киришиб кетади», деб бармоқларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар.

У зот сўзларида давом этиб: «Кейин Аллоҳ унга етмишта катта илонни унга бириктириб қўяди. Агар улардан бири ерга пуфласа, дунё тургунча у ерда бирор нарса ўсмайди. Бас, улар уни то ҳисобга олиб борилгунча чақиб ва ютиб турадилар», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Албатта, қабр жаннат боғларидан биридир ёки дўзах чуқурларидан биридир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳар бир банда ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб, ўлимни кўп ўйлаши ва унга тайёргарлик кўриши зарур. Қабрга кириши билан бандага ёруғ дунёдаги эътиқоди ва қилган амалларига яраша яхши ёки ёмон муомала қилиш бошланишини ҳеч эсдан чиқармаслик лозим. Қабр азобини ўйлаб юришнинг ўзи ақли-ҳуши жойида бўлган ҳар бир бандани тўғри йўлга солиб қўйиши турган гап.

Ўлимни эслаш ҳақида салафи солиҳларимиз ҳам жуда кўп ҳикматли гапларни айтганлар.

Умар ибн Абдулазиз уламолардан баъзисига:

«Менга ваъз қилинг», деди.

«Сен ўладиган биринчи халифа эмассан», деди.

«Яна зиёда қилинг», деди.

«Одамгача бўлган оталарингдан бирортаси ўлимни татимай қолмаган. Энди сенинг навбатинг келди», деди.

Шунда Умар ибн Абдулазиз йиғлаб юборди.

Робийъ ибн Хойсам ҳовлисига қабр қазиб қўйган эди. Унга ҳар куни бир неча бор кириб ётар ва шу тариқа ўлимни эслашни йўлга қўяр ва: «Агар ўлимни эслаш мени бир лаҳза тарк этса, қалбим бузилади», дер эди.

София розияллоҳу анҳо айтади: «Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳога қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. Оиша унга: «Ўлимни кўп зикр қилгин, қалбинг юмшоқ бўлади», деди.

Аёл шундай қилган эди, қалби юмшади ва Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига келиб, ташаккур айтди».

Ўлимни эслашни йўлга қўйиш бўйича энг таъсирчан услуб ўзининг ўлиб кетган яқинлари, дўстлари, тенгдошлари ва танишларини эслашдир. Уларнинг қадди-қомати, ҳусни-жамоли, мол-дунёси, қуч-қуввати, обрў-мансабини кўз олдига келтириб, кейин тупроққа қоришиб ётганларини эслашдир.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Виждон инсонга берилган буюк неъмат. У инсондаги ички товуш. Қалб саси, Ҳақ садосидир. У орқали киши ўз хаттиҳаракат ва тасарруфотларидаги тўғри ва нотўғри ишларни давоми...

1144 07:49 / 26.08.2023
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мушриклардан бири истеҳзо қилиб унга .Соҳибингизнинг яъни пайғамбарингизнинг сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қазои давоми...

2504 17:00 / 01.03.2022
Бир пайтлар ўзбек тилидаги Қуръон тафсирлари ва таржималари ҳақида бир мақола ёзган эдим. Унда 9 та тафсиртаржима ҳақида етарлича маълумот берилган. Ушбу мавзуга давоми...

1451 11:03 / 09.09.2023
Эҳтиром юзасидан сукут бўлади. Унда хоссатан, сўзи ишонтира олмайдиган, фикрни ўзгартирмайдиган ёши катта бўлган шахснинг сўзига нисбатан жим турилади. Алам, давоми...

4057 11:00 / 02.09.2022