1446 йил 17 жумадис сони | 2024 йил 19 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус Сураси, 15-18

05:00 / 23.01.2017 3669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

15. Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт.

Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ваҳийга нисбатан бўлган яна бир нотўғри муносабатлари баён қилинмоқда. Уларга Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин оятлари тиловат қилинган чоғда, мазкур ояти карималарга иймон келтириб, уларга амал қилиш ўрнига Пайғамбар алайҳиссаломга ножўя гапларни айтдилар.

«Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар».

Бу гапни ўта кетган жоҳилларгина айтиши мумкин. Улар ваҳий нима эканини билишни ҳам хоҳламайдилар. Унинг кимдан чиққанини ҳам, унинг инсоният учун аҳамиятини ҳам билмайдилар.

Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи, мусулмонларнинг ҳаёт дастури. Уни ўзгартириш, алмаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким шундай бўлиши мумкин деб эътиқод қилса, ўйласа, кофир бўлади. 

Оятда бундай кимсалар-Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар–яъни, қиёматдан умиди йўқлар, дейилмоқда. Сўнгра Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мусулмонларнинг ҳаёт дастури бўлган Қуръон ўрнига бошқа дастур келтиришга ёки уни алмаштиришга даъват қилишга кофирларнинг ҳеч ҳақлари йўқ эканини баён этишни амр қилмоқда:

«Мен ўзимча уни алмаштира олмасман».

Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мартабалари қанча юқори бўлмасин, Қуръонни, ҳатто унинг бирор ҳарфини алмаштиришга ҳақлари йўқ. У кишининг вазифалари Аллоҳ таоло томонидан келган ваҳийни, Қуръонни қабул қилиб олиб, шундайлигича кишиларга етказишдир.

«Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари шу бўлганидан кейин бошқа одамлар ваҳийни маҳкам тутиб, ундан қилча ҳам четга чиқмасликлари керак.

«Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт.

Яъни, Қуръоннинг ўрнига бошқа нарса келтириб ёки уни алмаштириб, Роббимга осийлик қилсам, улуғ қиёмат кунининг азобига дучор бўлишдан қўрқаман. Пайғамбар бўлатуриб у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалик қўрқсалар, Қуръон ўрнига бошқа дастур келтираётган ва унинг оятлари ёки ҳукмларини алмаштираётган оддий одамларни нима деса бўлар экан?!

Кейинги оятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охиратда Аллоҳга йўлиқишдан умиди йўқ кофир-мушрикларга қилаётган раддиялари давом этади:


16. Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас ва уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт.

Яъни, мен сизларга ўзимча Қуръон тиловат этиб, унга иймон келтиришга ўзимча даъват қилаётганим йўқ. Аллоҳнинг амри билан бўляпти бу ишлар.

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас ва уни сизларга ўргатмас эди».

Агар Аллоҳ сизларга Қуръон тиловат этишимни ва уни ўргатишимни хоҳламаса эди, буни қилмасдим. 

«Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт».

Ўзингиз ўйлаб кўринг, шунча вақт орангизда умр кечирдим ва шу пайтгача бу ишни қилган эмасдим. 

Аммо Аллоҳдан амр келганидан сўнг, уни бажо келтириб, сизларга Қуръон тиловат этмоқдаман ва уни сизларга ўргатмоқдаман.

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келгунича ҳам қирқ йил давомида уларнинг ичида яшаган эдилар. Яхши сифатлари билан улар орасида машҳур бўлган эдилар. Хусусан, ўта ростгўй бўлганларидан «Амин» деган лақаб олган эдилар. Ана шундай сифатларга эга бўлган одам қирқ ёшга кирганида бирдан ёлғон гапириб қолиши, хусусан, Аллоҳнинг номидан  ёлғон гапириши ҳеч ақлга сиғмайди. Ўзини билган ҳар бир одам, ҳатто душман-кофир бўлса ҳам, бу ҳақиқатни дарҳол англаб етарди. Рум императори Ҳерақл билан Абу Суфён ва унинг шериклари ўртасида ўтган суҳбатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳам тилга олинган эди.

Ўшанда Ҳерақл Абу Суфёндан: 

«Бу гапларини айтишидан олдин уни ёлғон гапиришда айблаганмисизлар?», деб сўради. Ўша пайтда куфрнинг боши, мушрикларнинг раҳнамоси бўлган Абу Суфён: 

«Йўқ!», деб жавоб берди. Шунда Ҳерақл: 

«Менимча, одамларга ёлғон гапирмаган одам Аллоҳнинг номидан ҳам ёлғон сўзламайди», деди.

Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшга етгунларича Қуръон ва Ислом ҳақида бир оғиз ҳам гапирмаган эдилар. Чунки бундай ишлар бўлиб кетишини у киши ўйламаган ҳам эдилар. Қирқ ёшга кирганларида Аллоҳдан ваҳий келди ва у киши амри илоҳийга итоат этиб, ўша ваҳийни одамларга етказа бошладилар. У зот Аллоҳ ҳақида ёлғон гапиришлари мумкин эмасди. Агар шундай қиладиган бўлсалар, Аллоҳ у зотни ўз ҳолларига ташлаб қўймасди, балки жазосини берарди. Чунки,


17. Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, жиноятчилар нажот топмаслар.

Аллоҳнинг ҳаққига ёлғон тўқишлик, Аллоҳдан ваҳий келмаса ҳам, менга ваҳий келди, деб даъво қилишлик сохта Пайғамбарликдир. Бу жуда катта зулмдир.

Тарихда кўплар шундай даъво билан чиқишган ва барчаларининг оқибати ёмон бўлган. Шу билан бирга, иккинчи катта зулм ҳам бор. У-Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқаришдир. Бундай золимлар ҳам доимо ҳалокатга дучор бўлганлар. Чунки жиноятчилар ҳеч қачон нажот топмаганлар, топмайдилар ҳам. Дунёда Аллоҳнинг шаънига ёлғон тўқишдан ва Унинг оятларини ёлғонга чиқаришдан ҳам каттароқ жиноят йўқ-да ўзи.

Кейинги оятларда мушрикларнинг бошқа кирдикорлари ҳам борлиги зикр қилинади:


18. Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зарар ҳам, манфаат ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қилурлар ва: «Ана ўшалар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир!» дерлар. Сен: «Аллоҳга У осмонлару ерда билмайдиган нарсаларнинг хабарини бермоқчимисизлар?!» деб айт. Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок ва юксак зотдир.

Мушриклар ер юзида халифа бўлиб қолганларидан сўнг Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва ваҳийга ишонмаганлари ҳамда дастури илоҳийга амал қилмаганлари учун ҳам:

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зарар ҳам, манфаат ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қилурлар».

Ўз қўллари билан ясаган бут-санамларга ва бошқа нарсаларга сиғинадилар. Бу иш жоҳиллик эканини ҳамма ҳам билади. Чунки одам қўли билан ясаб олинган бут-санамлар зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмаслиги ҳаммага маълум. Лекин Аллоҳ таълимотидан узоқ бўлган ҳар қандай тафаккурнинг пасткашликка ва аҳмоқликка бориши ҳеч гап эмас. Бут ва санамларга сиғинувчи мушриклар эса, ана ўша пасткашлар рўйхатининг бошида турадилар. Улар ўзлари ибодат қилаётган буту санамларнинг ожизлигини биладилар, аммо:

«Ана ўшалар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир!», дерлар».

Мантиқсизликни қаранг. Аллоҳнинг иродасига зид ўлароқ, У зотга шерик қилинган бут ва санамлари қиёматда У зотнинг ҳузурида мушрикларга шафоатчи бўла оладими? Аллоҳ бунга изн берадими? Ёлғиз Аллоҳга сиғинмай, Ундан ўзгани худо тутиб, кейин уни шафоатчи қилишнинг нима кераги бор?! Тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилаверишса, бўлмайдими? Уларнинг назарларида гўё: «Менга ибодат қилинглар», деб Аллоҳ хато қилмоқда, аслида: «Бут ва санамларга ибодат қилинглар, улар Менинг ҳузуримда сизларга шафоатчи бўлади», дейиши керак эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга амр этмоқдаки, эй Пайғамбарим:

«Аллоҳга У осмонлару ерда билмайдиган нарсаларнинг хабарини бермоқчимисизлар?!» деб айт».

Ҳа, мушрикларнинг фикрлари нотўғри:

«Аллоҳ улар келтираётган ширкдан пок ва юксак зотдир».

Одамлар орасида ана шундай мушриклар-Аллоҳга ширк келтирувчилар ҳам чиқиб туради.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

5128 15:50 / 18.06.2019
31. Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган давоми...

4222 05:00 / 19.01.2017
8. Қандай қилиб уларга аҳд бўлсинки, улар агар сиздан устун келсалар, на аҳдга ва на бурчга риоя этмаслар. Сизни оғизлари билан рози қиладилару, қалблари кўнмас. давоми...

3323 05:00 / 23.01.2017
учинчи мақолаАраблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш давоми...

5774 13:40 / 18.02.2020