1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аъроф сураси, 40-51

05:00 / 23.01.2017 5811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

40. Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз.


Бу дунёда ҳузур-ҳаловатда яшаб юрган чоғида Аллоҳ таоло оятларини ёлғонга чиқариб, уларга ишонмаганлар, бу ҳам етмагандек, Халлоқи Олам оятларидан кибрланиб, уларга амал қилмай ўтганларнинг ҳоли ҳақиқий дунёда жуда аянчли бўлиб қолади. Аввало, уларга

«осмон эшиклари очилмас».

Бундан мақсад нима? Биринчидан, қилган амалларининг савоби осмонга қадар чиқа олмайди. Зеро, кофир бўлгач амали қабул бўлмайди. Бандаларнинг савоблари кирадиган эшик уларнинг амали учун ёпиқ бўлади. Шунингдек, ўша бандалар ўлганда руҳларини осмонга элтгувчи эшиклар очилмай, йўллари тўсилади. Ушбу ҳолни тасаввур қилиш учун имом Аҳмад ибн Ҳанбал Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган батафсил ҳадисдан иқтибос келтирамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан шундай деганлар: «Агар кофир банда бу дунёдан узилиб, у дунёга интиқол қиладиган бўлса, унинг ҳузурига осмондан жанда кўтарган қора юзли фаришталар тушиб, кўзи етадиган жойга ўрнашадилар. Кейин ўлим фариштаси келиб ўша банданинг бош тарафига ўтиради ва: «Эй ифлос руҳ, Аллоҳнинг ғазаби ва қаҳрига чиқ!» дейди. Жони жасадига тарқаб кетади. Бас, уни ҳўл жундан сихни суғуриб олгандек суғуриб олади. Олгандан кейин қўлларида тутиб турмай, дарҳол ҳалиги жандага ўрайдилар. Ундан энг сассиқ ўлимтикдан чиқан ҳиддек ҳид чиқиб туради. Ер юзида бундан ёмон ҳид йўқ. Сўнгра у жонни олиб юқорига кўтариладилар. Қайси фаришталар тўпи олдидан ўтсалар: «Бу қандай ифлос жон?» деб сўрайдилар. Бу фалончининг ўғли пистончи, деб ҳаёти дунёдаги энг қабиҳ исмни айтадилар. Охири дунё осмонига бориб етадилар. Эшикни очишни сўрайдилар. Эшик очилмайди». Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «... кибр қилганларга осмон эшиклари очилмайди ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмайдилар» оятини тиловат қилдилар».

Ҳадиси шарифнинг давомида ўша ифлос жон ернинг энг қаърига итқитилиши, қабр азобига гирифтор бўлиши ва бошқа мусибатлар таърифланади. Кетма-кет келадиган бу азоблардан қутулишнинг ёлғиз бир йўли бор. У ҳам бўлса, жаннатга дохил бўлиш. Аммо бу кофир ва осийлар, Қуръондан юз бурган ва унга амал қилмаган  гумроҳлар жаннатга қандай қилиб кирадилар?

«Улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар».

Уларнинг руҳлари осмонга олиб чиқилганда, эшик очилмай, аҳволлари расво бўлган эди. Энди жаннатга киришлари учун ғоят оғир шарт қўйилмоқда. Бир тарафда улкан жуссали тоғдек туя дарёдек пишқириб турибди. Иккинчи тарафда кўз илғаб-илғамай бир игна. Аммо унинг тешигини, унга нигоҳи ўткир одам яқинроқдан тикилмаса, кўрмайди ҳам. Бу баҳайбат туя ушбу кичкина тешикдан ўтса, бош устига, «анавилар» ҳам жаннатга кираверсинлар.

Бу илоҳий таъбир оддийгина қилиб, абадул абад жаннатга кирмайди, дейишдан кўра юз чандон таъсирчандир. Бу ҳам уларнинг азобига азоб, жазосига жазо қўшиш учундир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло оят охирида:

«Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз», демоқда.

Улар жаннатга эмас, дўзахга кирадилар:


41. Уларга жаҳаннамдан тўшак ва устларига чойшаб бор. Золимларни мана шундай жазолаймиз.

Демак, уларнинг остларига солиб ётадиган тўшаклари ҳам, устларига ёпинадиган чойшаблари ҳам оловдан. Тўрт томондан олов билан қамраб олинганлар. Бу дунёда куфр ва ширк келтириб оламдаги энг катта зулмни содир этганлар. Бу тоифа золимлар ҳар нечук жазога лойиқдирлар.

«Золимларни мана шундай жазолаймиз».

Кофирлар шу зайлда кетма-кет мусибат, азоб-уқубатга дучор бўлиб, дўзах оловида куяётган бир пайтда, мўминлар буткул ўзгача ҳолатда бўладилар:


42. Иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар–Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз–ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

Бу тамоман бошқа муҳит. Умуман, бошқа манзара ва саҳна. Бу дунёда иймон билан яшаб, солиҳ амалларни қилганлар жаннат эгалари бўлмоқдалар. Зотан, иймон билан солиҳ амалларни адо этиб яшашнинг ҳеч бир қийинчилиги йўқ. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Тоқати доирасидаги амалларни бажариб жаннатга соҳиб бўлиш қандай улуғ толе! Боз устига, жаннатда абадий қолиш нечук саодат!


43. Ва кўксиларидаги ғиллу ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди. Улар: «Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Роббимизнинг элчилари ҳақни келтирдилар», дедилар. Ва уларга: «Мана шу жаннатингизни қилган амалларингиз туфайли мерос қилиб олдингиз», деб нидо қилинур.

Бутунлай ўзгача манзара, ўзгача ҳолат. Кофирлар дўзахга тушишлари баробарида қалблари бир-бировларига нисбатан ғиллу ғашга тўла, бир-бирларини лаънатлаган ва ҳақоратлаган ҳолда эдилар. Уларнинг тўшаклари ва чойшаблари ҳам оловдан эди. Аммо мўминларнинг ҳолини васф қилиб Аллоҳ таоло:

«Ва кўксиларидаги ғиллу ғашларни чиқариб олдик, остиларидан анҳорлар оқиб турибди», демоқда.

Аслида, мўмин инсонларнинг бир-бирларига нисбатан ҳеч қандай даъволари йўқ бўлса ҳам, Аллоҳ уларнинг қалбини тамоман мусаффо қилиш учун баъзи бир ғиллу ғашларни ҳам чиқариб олибди. Қандай яхши!

Кофирлар Аллоҳга мурожаат қилиб, шерикларининг азобини икки баравар зиёда қилишни сўраган эдилар.

Мўминлар жам бўлиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтадилар:

«Улар: «Бизни шунга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, агар Аллоҳ бизни ҳидоят қилмаганда, ўзимиз йўл топа олмас эдик. Роббимизнинг элчилари ҳақни келтирдилар», дедилар».

Улар ҳақ сўзлайдилар. Агар Аллоҳ таоло ҳидоят қилмаса, бу ҳолни ҳеч ким ўзича кашф эта олмайди. Элчилар, яъни, Пайғамбарлар ҳақ динни–ҳақ хабарни элтдилар, холос.

Ниҳоят, натижа ҳам мутлақо ўзгача бўлиб чиқди. Кофирларга: «Сизлардан олдин ўтган, жин ва инсдан бўлган умматлар билан дўзахга киринг», дейилган эди. Мўминларга эса:

«Мана шу жаннатингизни қилган амалларингиз туфайли мерос қилиб олдингиз», дейилмоқда.

Икки ёнда икки хил ҳолат. Бир томонда, жаннат эгалари тўкис роҳат-фароғатда. Иккинчи томонда, дўзах эгалари буткул азоб-уқубатда. Шу пайт жаннат соҳиблари дўзах сокинларига нидо қиладилар:


44. Ва жаннат эгалари дўзах эгаларига: «Биз Роббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик. Сизлар ҳам Роббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдингизми?!» деб нидо қиладир. Улар: «Ҳа!» дерлар. Бас, улар ўрталарида бир жарчи: «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!!!
45. Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган, уни бузишни истайдиган ва охиратга кофир бўлувчиларга!!!» деб жар соладир.

Бундай ҳолатда савол беришга фақат жаннат эгаларигина қодирдирлар. Чунки дўзах эгалари ўзлари билан ўзлари овора. Бу дунёда кофирлар Аллоҳнинг охирати, жаннати ва дўзахига, уларда азоб-уқубат, роҳат-фароғат бўлишига иймон келтирган мўминлар устидан кулган эдилар. Энди вазият буткул ўзгарди. Мўминларнинг юзи ёруғ, сўзлари ҳақ бўлди. Улар ўктам овозда дўзахда азоб чекаётган кофирларга қарата:

«Биз Роббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик. Сизлар ҳам Роббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдингизми?!» деб нидо қилмоқдалар.

Кофирлар нима қилишсин? «Ҳа!» дейишдан бошқа чоралари йўқ.

Шу чоғ Аллоҳ юборган жарчи жаннат ва дўзах аҳли мобайнида турганча бор овозда:

«Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган, уни бузишни истайдиган ва охиратга кофир бўлувчиларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!!!» дейди.

Одатда зулм ва куфр, золим ва кофир тушунчалари бир маънони англатади. Аммо бу ўринда золим кофирдан кўра кенгроқ маънони англатяпти. Кофир ўзи куфр келтириб, иймонини барбод этган шахс. Аммо золим асли кофир, иймонсиз бўлиб, шариатга амал қилмагани етмаганидек, яна бошқа маъсиятларни ҳам қилади. Энг қабиҳ амалларидан бири одамларни «Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган»лигидир. Ўзи Аллоҳ йўлида юрмагани камлик қилганидек, бошқаларни ҳам Аллоҳнинг йўлидан тўсади. Мўминларни қувғин қилади, турли азобларга солади. Дин ривожига тўсқинлик қилади. Одамларнинг диндор бўлишига, шариатга амал қилишига қаршилик кўрсатади. Бу энг катта зулмдир. Унинг сўнгги таърифи «Охиратга кофир бўлгувчи»лигидир. Охиратга иймони бўлса, бу ишларни қилмас эди.

Келаси ояти каримада жаннат ва дўзах аҳллари ҳақидаги юқоридаги таърифу тавсиф давом этади:


46. Ораларида тўсиқ бор, у деворлар устидаги кишилар ҳаммаларини сиймоларидан танирлар. Тамаъ қилган ҳолларида кирмай турган жаннат эгаларига: «Сизга салом бўлсин», деб нидо қилурлар.

Яъни, жаннат аҳли ва дўзах аҳлининг орасида тўсиқ бор. Бу тўсиқ Ҳадид сурасида «девор» деб аталади. Ўша деворнинг номи «Аъроф». Деворлар жуда баланд бўлиб, дўзах аҳли ҳар қанча уринсалар ҳам, ундан ўтиб, жаннатга кира олмайдилар. Баъзи ривоятларда, ўша девор устидан боғлар униб, анҳорлар оқиб туради, дейилади. Демак, унинг қалинлиги ҳам хийлагина. Жаннат билан дўзах орасида тўсиқ бўлиб турган баланд ва кенг девор–аъроф устида одамлар бор. Бу одамлар кимлар эканлиги ҳақида уламолар ўртасида икки хил фикр мавжуд. Биринчиси: улар яхшилик ва ёмонликлари тенг келиб, на жаннатга, на дўзахга ҳукм бўлмай қолган кишилардир. Иккинчиси, ўз қавмига Пайғамбарларнинг ҳақ даъватларини етказиб, уларни яхшиликка бошлаган даъватчилар, уламолар ва шуҳадолардир. Ана шу икки маънодан келиб чиқиб, ояти кариманинг охирги «Тамаъ қилган ҳолларида кирмай турган» жумласига ҳам икки хил маъно берилади. Агар «Аъроф эгаларини» яхшилиги ва ёмонлиги тенг келиб қолиб, жаннатга ҳам, дўзахга ҳам ҳукм бўлмай қолганлар, десак, жаннатга тамаъ қилиб кирмай турганлар уларнинг ўзлари бўладилар. Аммо улар олий мартабали уламою ва шуҳадолар десак, жаннатдан тамаъдорлик жаннат эгаларининг жаннатга киришидан олдинги ҳолатига ишоратдир. Ҳамда «Аъроф эгалари» уларга жаннатга киришларидан олдин: «Сизга салом бўлсин», деб турган бўладилар.

Биз иккинчи маънони ихтиёр қилдик. Чунки, аъроф–олиймақом жой, жаннатнинг ҳам устида. Унинг юзида турган одамлар халойиқни юқоридан кузатишяпти. Улар ишонч билан яхшиларга яхши, ёмонларга эса уларга муносиб тарзда сўз қотмоқдалар. Жаннат эгаларини олқишлаб, дўзах аҳлини итоб қилмоқдалар. Ўзларини нима кутаётганини билолмай, қиёмат саҳнида изтироб чекиб турганлар бунга журъат эта олмайдилар. Аллоҳу аъламу бис-савоб.

«Аъроф эгалари» аҳли жаннатга салом бериб бўлганларидан кейин:


47. Қачонки кўзлари дўзах эгалари томон бурилиб қолса: «Эй Роббимиз, бизни золим қавмлар билан бирга қилмагин», дерлар.

Чунки дўзах аҳлининг аҳволи ғоятда аянчлидир. Ўшал золим қавмларнинг дўзахдаги ҳолини кўрган ҳар бир банда беихтиёр Аллоҳ таолодан ўзини улар билан бирга қилмаслигини ўтиниб сўраши турган гап.

Шу пайт Аъроф эгалари дўзахнинг қаърида азоб чекаётганлар ичида бу дунёда ўзларига таниш бўлган кишиларни кўриб қоладилар. Шунда:


48. Аъроф эгалари сиймоларидан танийдиган кишиларига нидо қилиб: «Тўплаганингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизга асқотмабди-ку!
49. Сизлар: Аллоҳ уларга раҳмат етказмас, деб қасам ичганингиз ана уларми?! (Уларга): Жаннатга киринглар! Сизга хавф йўқ ва сиз хафа ҳам бўлмайсиз, дейилди-ку!» дерлар.

Яъни, кейин уларнинг нигоҳи ҳаёти дунёда сиймолари таниш бўлган одамларнинг дўзахда азобланаётганига тушади. Шунда Аъроф аҳли уларга бу дунёдаги амалларини эслатиб, айни ҳолларига ачинадилар ва аччиқ нидо қиладилар: 

«Тўплаганингиз ва қилган кибру ҳавоингиз сизга асқотмабди-ку!»

Моддий дунёда ҳар бир ишни жамлаган мол-дунёингиз туфайли осон ҳал қилар эдингиз. Молу дунё бўлса, истаган нарсани бажариш мумкин, деган хаёлда эдингиз. Бугун қиёмат саҳнида жамлаган молингиз асқотмабди-ку?! Унинг ёрдамида дўзах азобидан қутула олмабсиз-ку?! Бу дунёдан кибру ҳаво билан ўтдингиз, ҳамма нарса меники, деб даъво қилдингиз, мен ўзим зўр бўлганимдан шундай бўлди, деб пуч хаёлларга бордингиз, агар қиёмат қоим бўлса ҳам, усталик қилиб ишимни ўнглаб оламан, деб гумон қилдингиз, энди нима бўлди? Ҳолингиз чатоқ-ку?! Кибру ҳавоингиз асқотмабди-ку?

«Сизлар: «Аллоҳ уларга раҳмат етказмайди», деб қасам ичганингиз ана уларми?!»

Бу сўзларни Аъроф аҳли бу дунёда бечораҳол, заиф яшаб ўтиб, оқибат жаннатга дохил бўлган кишиларга ишоратан дўзахиларга айтадилар. Қуръони Карим нозил бўлаётган саодат асрида кофирлар худди шундай деганлар. Улар бу даъводан ҳозир ҳам кечганлари йўқ. Аммо ҳаммалари ҳам қиёматда ушбу итобга ўхшаш итобни эшитишлари турган гап. Кофирлар жаҳаннам азобини чекиб, ҳоллари танг бўлиб турганда ушбу таънани эшитиб ҳоллари яна ҳам бадтар бўлади.

Улар мўмин кишиларнинг ҳаёти дунёдаги заифҳоллари учун назар-писанд қилмас эдилар. Дунё ва башар тақдирини ўз ўлчовлари билан ўлчаб, борди-ю қиёмат қўпса ва унда жаннат ҳақиқатда бор бўлиб, Аллоҳ баъзи бир одамларни раҳмат қиладиган бўлса, унда, албатта, бизни раҳмат қилади, анави заифҳолларга раҳмат қиладими, дердилар. Уларнинг ишончлари шу даражада кучли эдики, бу гапларини тасдиқлаш учун қасам ҳам ичган эдилар.

Хўш, энди нима бўлди?! Ўша сиз назар-писанд қилмаганлар ана уларми?! Жаннатда юришибди-ку? Аллоҳ уларга раҳмат қилибди-ку?!

«(Уларга): «Жаннатга киринглар! Сизга хавф йўқ ва сиз хафа ҳам бўлмайсиз», дейилди-ку!»

Бу дашномларга қарши дўзах аҳлида жавоб йўқ. Бу дунёдаги кибру ҳаво, гердайишлари ҳам абас. Аҳволлари оғир. Дўзах борган сари қизиб бормоқда. Ичгани бир томчи сув йўқ. Жаннат аҳлига маза, остларидан муздек сув оқиб турибди. Ичаман десалар, анвойи шароблар муҳайё. Улардан сув сўралса, қандоқ бўлар экан?


50. Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар», деб нидо қиларлар. Улар: «Албатта, Аллоҳ буларни кофирларга ҳаром қилган.
51. Динларини ўйин-кулги қилиб олган ва ҳаёти дунё ғурурига кетганларга», дерлар. Бас, бу Кунда улар бугунги ҳолга дучор бўлишларини унутганлари ва оятларимизни инкор қилганларидек, Биз ҳам уларни унутамиз.

Кўриниб турибдики, дўзах аҳли фақат моддий азобгагина эмас, маънавий азобга ҳам бардавом гирифтор бўлиб турар эканлар. Улар ҳозиргина Аъроф эгаларидан дашном эшитган эдилар. Энди эса жаннат аҳлидан сув ва неъматлар сўраб, уларнинг ўрнига ҳам дашном олмоқдалар. Жаннат эгалари уларга бу дунёдаги қилмишларини эслатиб қўйишяпти.

«Албатта, Аллоҳ буларни динларини ўйин-кулги қилиб олган ва ҳаёти дунё ғурурига кетган кофирларга ҳаром қилган», дерлар».

Дарҳақиқат, дўзах эгалари бу дунёда қиёматни ҳеч қачон ўйлаган эмаслар. Уларнинг муқаддас динни анчайин ўйин-кулги қилишлари, ҳаёти дунё ғурурига кетишлари ҳам ушбу Кунни, яъни, охиратни унутиб қўйганларидан. Суҳбат шу ерга етганида, Аллоҳ таоло ҳам гапга аралашади:

«Бас, бу Кунда улар бугунги ҳолга дучор бўлишларини унутганлари ва оятларимизни инкор қилганларидек, Биз ҳам уларни унутамиз».

Яъни, уларнинг муомаласига мутобиқ муомала қиламиз. Бу ҳам катта маънавий азоб. Бу дунёда инсонга ўзидан юқорироқ мартабадаги бошқа бир инсон бегоналарча муомала қилса, ғоят оғир маънавий ҳолат юзага келади? У дунёда, қиёмат куни, Аллоҳ таолонинг бундай муомаласини ва осий банданинг аҳволотини тасаввур қилиб олаверинг.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳнинг уйларидан бирида бир қавм тўпланиб, Аллоҳнинг давоми...

5514 16:31 / 18.01.2018
Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун нозил қилинган китоб бўлиб, унинг вазифаси коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш эмас. Лекин шу билан бирга, давоми...

5121 17:00 / 01.08.2019
7. Қуръони Каримни сеҳр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эса сеҳргар деб қилинган даъво.Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади.Агар сенга қоғозда давоми...

5441 21:00 / 04.03.2019
15. Қачонки, уларга очиқойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар .Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир,, дедилар. Сен .Мен давоми...

3676 05:00 / 23.01.2017