Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (99-дарс). Сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ва муташобиҳ сифатлар

13:03 / 18.08.2020 3902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Уламоларнинг суралар аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги ихтилофлари асосан икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисмга мансуб кишилар ушбу ҳарфларни беркитилган илм, ўралган сир, дейдилар. Унинг илмини Аллоҳ таоло Ўзига хос қилган, уни инсонларга билдирмаган. Одамлар уларнинг маъноларини билмайдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ҳар бир китобда Аллоҳнинг сири бордир. У Зотнинг Қуръондаги сири сураларнинг аввалидаги ҳарфлардир», деганлар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эса: «Ҳар бир китобнинг сараси бордир. Ушбу Китобнинг сараси ҳижо ҳарфларидир», деганлар.

Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар. Бошқалари эса: «Бу – Аллоҳ билан Набий алайҳиссалом ўрталаридаги сир», дейдилар.

Иккинчи қисмга мансуб кишилар эса: «Ушбу очувчи ҳарфлардан қасд қилинган маълум маъно бор. Инсон уни идрок қилиши ва баён этиши лозим», дейдилар.

Уларнинг айтишларича, Қуръони Карим ҳидоят Китобидир. Ҳидоят эса маънони фаҳмлаш билангина юзага чиқади. Аллоҳ таоло бизга уни тадаббур қилишни ва ундан ҳукмлар чиқариб олишни буюрган. Агар маънони фаҳмлаш осон бўлмаса, тадаббур қилишнинг имкони йўқ, ҳукм чиқариб олишнинг иложи йўқ. У Зот уни очиқ араб лисонида нозил этган. Бинобарин, унинг барчаси фаҳмланадиган бўлиши лозим. У Зот уни охирига етган ҳикмат, қалблардаги дардларга шифо, нур ва очиқ-ойдин Китоб, раҳмат ва иймон келтирадиган қавм учун эслатма қилган. Бундай бўлиши учун эса албатта, фаҳмланиши, идрок қилиниши осон бўлиши керак.

Бу йўналишдаги кишиларга уламоларнинг жуда кўплари, мутакаллимлар, муфассирлар ва бошқалар кирадилар.

Имом Розий айтади: «Билки, албатта, мутакаллимлар бу гапни (биринчини) инкор қилдилар ва: «Аллоҳ таолонинг Китобида халққа тушунарли бўлмаган нарса келиши жоиз эмас», дедилар. Бу гапларига оятлардан, хабарлардан ва ақлдан ҳужжатлар келтирдилар».

Аммо бу гапнинг эгалари ва уларни қўлловчиларнинг сураларнинг аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги гаплари турлича бўлиб, уларни таъвил қилишда ва улардан кўзланган мақсад ҳақида жуда ҳам кенг миқёсда ихтилоф қилдилар. Ҳаттоки имом Розийнинг айтишича, уларнинг бу борадаги айтган гаплари йигирма биттага етди. Уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай далил ва ҳужжати йўқ тахмин ҳамда гумондан бошқа нарса эмас.

Улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. Бу ҳарфлар ўзлари билан бошланган сураларнинг исмларидир. Худди муайян нарсага уларни таниб олиш учун қўйилган исмларга ўхшайди. Агар бир киши «Сод»ни ёки «Қоф»ни ўқидим, деса, ушбу исм билан номланган сурани ўқиганини тайин қилган бўлади.

Агар маълум ҳарфлар «Алиф лаам мим»га ўхшаб, бирдан ортиқ суранинг аввалида келган бўлса, уларнинг орасини ажратиш учун суранинг муштарак бўлмаган исми қўшиб айтилади. Мисол учун, «Алиф лаам мим – Бақара» ёки «Ҳа мим – Сажда»га ўхшаш.

Ушбу фикрни ушлаганлар орасида имом Розий, Халил, Сибавайҳ ва бошқалар бор.

2. Ушбу ҳарфлардан кўзланган мақсад бор. Бу гапни айтганлар ҳам ўша кўзланган мақсад ҳақида бир неча хил гапларни айтадилар.

А) Кўпгина тафсирчилар, айниқса тафсирчиларнинг кейинги авлоди: «Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши арабларга «Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лам», «мим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи», деган маънони англатиш учун қилинган», деганлар.

Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда араблар ўзларининг сўзга усталиклари билан фахрланиб юрар эдилар. Шоирлар ҳамда сўз усталари мўътабар шахслар ҳисобланар эдилар. Доимо шеърхонлик, ваъзхонлик бўйича мусобақалар ўтказиб туриларди. Ҳатто ғолиб шоирларнинг шеърлари Каъбаи муаззаманинг деворига осиб қўйиларди. Қуръони Карим уларнинг нозик жойларидан тутиб: «Агар сўз устаси эканингиз рост бўлса, ўзингиз ишлатиб юрган оддий ҳарфлардан тузилган Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи», деди.

Бу худди тупроқнинг мисолига ўхшайди. Оддий тупроқдан кимдир лой қилиб, ғишт қуяди, кимдир сопол идишлар ясайди ва ҳоказо. Лекин Аллоҳ таоло ушбу оддий тупроқдан инсонни яратди, унга жон ато этди. Шунга ўхшаб, араб алифбосининг оддий ҳарфларидан араб сўз усталари шеър тўқийдилар, ваъзхонлик қилиб, одамларни қойил қолдирадилар. Аммо Аллоҳ таоло ўша ҳарфларнинг айнан ўзидан ҳамма-ҳаммани ожиз қолдирувчи Қуръонни нозил қилди!

Б) Абу Исҳоқ Зажжож ва бошқалар: «Сураларнинг аввалида келган ҳижо ҳарфларидан ҳар бирида Аллоҳ таолонинг исмларидан ёки сифатларидан бирига рамз бор», дейдилар. Мисол учун, «Алиф лаам мим» – «Ана Аллоҳу аълам» (Мен билувчи Аллоҳман) ва ҳоказо.

Ушбулар сураларнинг аввалида келган ҳарфлар ҳақида келган баъзи фикрлардан намуналардир. Ҳақиқатни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

(Тамом)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръонни маҳкам ушлаш, унга қаттиқ амал қилиш саодат йўлидир Саодатнинг Қуръонга қаттиқ амал қилишга боғлиқлиги Қуръон қандай қилиб саодатни юзага чиқаришини, давоми...

5374 05:00 / 23.01.2017
Эй иймон келтирганлар Сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангизrdquo Бақара сураси, 183оят.Рамазон рўзасини давоми...

3486 05:00 / 23.01.2017
биринчи мақолаМутахассис уламоларимиз, Қуръони Каримнинг .етти ҳарф,да нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфларини талаффуз қилишда ижозат берилган давоми...

5599 16:00 / 04.02.2020
59. Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва давоми...

9000 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55354 14:35 / 11.08.2021