1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Масжиднинг қандай одоблари бор?

15:00 / 18.08.2020 1874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СаволМусулмонлар намозларини иложи борича масжидларда, жамоат билан адо этишга буюрилишган. Аммо кўпчилигимиз масжидларда бўлиш одобларидан бехабармиз. Журналда шу ҳақда маълумот беришларингизни илтимос қилмоқчиман.

Улуғбек Жовлиев

Қарши

 

Саодат асридан бери масжидлар Ислом динининг ўзига хос маърифий марказларига айланди. Мусулмонлар масжидда ўзларига фарз қилинган ибодатларни адо этишади, Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини сўраб дуо-илтижо қилишади. Ислом таълимотини, уни ҳаётга татбиқ этиш йўл-йўриқларини ўрганишади. Шу боис, масжидга қадам босган ҳар бир киши масжид одоби ва тартибларига риоя қилиши, Аллоҳнинг уйида унинг меҳмони эканини ҳис этиб, фақат Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши, барча номаъқул ишлардан четланиши лозим.

Энг аввало, масжидларда ибодатдан ташқари дунё сўзларини сўзламаслик, бақир-чақир қилмаслик, овоз чиқариб кулмаслик керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Яқинда охирзамон қавмлари чиқадики, уларнинг сўзлари масжидларида бўлади. Аллоҳ улар билан ҳеч бир ҳожатда бўлмайди» (Ибн Ҳиббон ривояти). «Фатовои Оламгирия»да «Масжидда дунёнинг мубоҳ сўзларини гапириш ҳаромдир», дейилган. «Фатҳул қодир» китобида «Масжидда дунё сўзларини гапириш худди олов ўтинни кемиргани каби ҳасанотларни кемиради», дейилган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидда кулиш қабрда зулматда қолишдир», деганлар (Дайламий, «Муснадул фирдавс»).

Масжидларда намоз тугаганидан сўнг бемалол ҳол-аҳвол сўрашишлар, дунёвий гаплардан сўзлашишлар шаръан макруҳ, нотўғри ишдир. Зеро, масжид хонақоҳи Аллоҳни улуғлаш учун бунёд қилинган. «Саломлашиш ва дуёвий масалаларни ҳал этиш хонақоҳ ташқарисида бўлиши керак» («Ҳалаби Кабир»).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни имом минбарда хутба қилиб турганида унга қулоқ солиш ўрнига гапириб ўтирувчи одам бамисоли устига китоб ортилган эшак кабидир. Шундай одамни «Жим ўтир» деб огоҳлантирган кишининг эса жума намози қабул бўлмайди», деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: «Жума куни имом хутба қилаётганида шеригингга «Жим тур» десанг, дарҳақиқат, беҳуда иш қилган бўласан», дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти). 

Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида турган эдим. Орқа томонимдан бир киши тош отиб мени чақирди. Қарасам, Умар ибн Хаттоб эканлар. Шунда менга «Анави икки кишини бошлаб кел», деб буюрдилар. Мен уларни бошлаб келдим. Ҳазрати Умар улардан «Сизлар кимсиз ёки қаердансиз?» деб сўрадилар. Улар: «Биз тоифликмиз», дейишди. Умар розияллоҳу анҳу: «Агар мадиналик бўлганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида овоз кўтарганингиз учун таъзирингизни берар эдим», дедилар» (Бухорий ривояти).

Масжидга кирганда панжаларни қирсиллатмаслик, керишмаслик, намозхонларга эшиттириб кекирмаслик керак. Керишиш ва овоз чиқариб кекириш шайтондандир. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: «Бирортангиз яхшилаб таҳорат қилиб, масжидни қасд этиб чиқса, панжаларини бир-бирига кириштириб чалиштирмасин, чунки у намоздадир», дедилар (Термизий ва Абу Довуд ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда эснаш шайтондандир, бирортангизга эсноқ келса, иложи борича қайтарсин», дедилар (Термизий ривояти).

Масжидларда йўқолган нарсалар ёки динга тааллуқли бўлмаган масалалар эълон қилинмайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши келиб масжидда йўқолган нарсасини эълон қилди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам «тополмагин» деб дуо қилдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: «Ким масжидда йўқолган нарсасини сўроқлаган одамни эшитса, унга «Аллоҳ уни сенга қайтармасин, масжид бунинг учун барпо қилинмаган», десин», дедилар (Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Масжидда зикр ва тасбеҳ айтмай ёки нофила намоз ўқимай ўтириш ғофилликдир, ҳатто бундай ғофил кишининг ёнида ҳам ўтирмаслик керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Сизлардан қай бирингиз масжидга кирса, худди намозга киргандек бўлади. Сизларнинг қай бирингиз масжидга кириб зикр ёки намоз учун ўрин олса, Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб кетади. Узоқдаги кишиси ҳозир бўлган киши хурсанд бўлгани каби Аллоҳ хурсанд бўлиб кетади». «Мафотиҳ» китобида масжидда ўтирган кишининг намоз ўқимай ёки Аллоҳни зикр қилмай ўтириши макруҳ дейилган. 

Масжидларга саримсоқ, пиёз, тамаки каби нохуш нарсалар ҳиди билан билан кирилмайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким пиёз, саримсоқпиёз ва ёввойи пиёз еса, масжидимизга асло яқинлашмасин. Чунки фаришталар Одам болалари озорланадиган нарсалардан озор топишади», деганлар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти). Бу гап терлаб, бадан ва кийимларидан (пайпоғидан) бадбўй ҳид чиқиб турган ҳолда масжидга кирганларга ҳам тааллуқлидир. Чунки ҳадисда айтилганидай, инсонлар озор чекадиган нарсалардан фаришталар ҳам азият чекишади.

Масжид ҳонақоҳи ва ҳовлисига тупурилмайди, балғам ёки чиқитларни ташлаб ифлос қилинмайди. Масжид фаноси (масжидга туташ, йўл билан ундан ажралмаган ҳовлиси) масжид ҳукмидадир («Роддул муҳтор»). Шунинг учун унинг ҳудудида тупуриш, балғам ташлаш ва бошқа йўллар билан ифлос қилиш қаттиқ қораланган. «Тажнисул мазид» китобида махсус бўлмаган масжид ерларига оғиз ва бурун чайқамаслик керак дейилган. «Зоҳирия» китобида махсус жой бўлмаса, масжидда таҳорат қилиш макруҳ дейилган.

 Абу Саъиддан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид деворида тупук асоратини кўриб, майда тош билан тушириб юбордилар. Сўнг девор атрофига тупуришдан қайтардилар (Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: «Масжидга тупуриш гуноҳдир, унинг каффорати ювиш ёки кўмиш биландир», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга умматимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилди. Уларнинг яхши амаллари ичида озор берувчи нарсани йўлдан олганларини, ёмон амаллари ичида масжиддаги балғамни кўмиб қўймаганларини кўрдим» (Муслим ривояти).

 

«Масжид одоблари» китобидан.

«Ҳилол» журналининг 5(14) сонидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи бобМуъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Кетаётганимизда у зотга яқинларида давоми...

1693 20:00 / 09.05.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз бандаларга шундай хитоб қилган .Ва осмондан баракали сувни тушириб, у билан боғроғларни ва дон ҳосилини ўстирдик. Ва зич давоми...

1446 11:07 / 26.08.2020
Бану Исроиллик бир аёл ўғлини эмизаётган эди, олдидан хушсурат бир киши от миниб ўтиб қолди. Аёл отлиққа ҳавас қилиб, .Аллоҳим, ўғлимни шунга ўхшатгин,, деб дуо давоми...

2990 08:00 / 07.09.2020
Бу сарлавҳа остида ақийдага тегишли китобларимизда Аллоҳ ҳақида ва У Зотга тегишли масалалар ҳақида баҳс юритилади. Жумладан, қуйидаги масалалар тақдим қилинади. давоми...

2279 17:29 / 12.07.2019