1447 йил 14 ражаб | 2026 йил 03 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бир оят тафсири – (7-қисм)

21:03 / 25.03.2017 6356 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин)  Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” (Анбиё сураси, 35-оят).

Демак, ўлим умумий борлиққа тегишли масала экан. Яъни, борлиқдаги барча махлуқотлар ўлимга рўбарў бўлар экан. Ўлим ўз ҳақиқатида яхшиликдир. Агар ўлаётганлар яхши инсонлар бўлишса, Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофот уларга тезлаштирилади. Агар ўлаётганлар ёмон кимсалар бўлишса, Аллоҳ таоло юртлар ва бандаларини улардан қутқаради.

Лекин ўлимни қандай қилиб тотилади? Тотиш – бу ерда ўлимдан олдинги оғриқни сезиш, ҳис қилиш деганидир. Агар инсон аниқ ўлса, ҳеч нарсани тотмайди, сезмайди. Аммо ўлишидан олдин ўлим олди аччиқликларини тотади. Шоир айтадики:

Руҳ ажрагандан кейин афсус қилиш ожизликдир, 

Афсус қилиш руҳ ажрамасидан олдин эса, бўлмайди.

Инсон ўлганидан кейин қандай афсус қилади?

Ўлимдан олдинги афсус нима дегани?

Бундан мурод ўлим аччиқликларини тотишдир. Инсон бу пайтда аниқ ўлаётганини билади. Инсон ҳар қанча соғлом бўлмасин, унинг бошига ўлаётганини биладиган вақт келади. Бу ҳолат руҳ ҳалқумга етганда бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 “Дарҳақиқат, (жон) ҳалқумга етганда, (вaфот этaётганга): “Дам солувчи киши борми?” – деб қолинганда, (жон таслим қилаётган кимсанинг) ўзи (бу дунёдан) ажралиш эканини англаганда...” (Қиёмат, 26-28).

Яъни, ўлим бу пайтда аниқ, қатъий равишда келди.

Сўнгра Аллоҳ таоло:

 “...Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз...” деяпти.

Синов, имтиҳоннинг ўзи ёмон нарса эмас. Синовдан “Муваффақиятга эришадими ёки муваффақиятсизликками?” деган нарса ирода қилинади. Худди талабалар имтиҳон қилинганидек. Ўқув йилининг охирида бўладиган имтиҳон ёмон нарсами?

Лекин Аллоҳ таолонинг бандаларининг ҳолини билиш учун уларни имтиҳон қилишга ҳожати борми?

Аллоҳ таоло уларни билиш учун эмас, уларга қарши ҳужжатни қоим қилиш учун уларни имтиҳон қилади.

Оятдаги “Биз сизларни...” дегандаги хитоб ҳаммага: бойга ҳам, фақирга ҳам, соғломга ҳам, касалга ҳам, ҳокимга ҳам, маҳкумга ҳам қаратилгандир.

Демак, ҳаммамиз бир-биримиз учун синовмиз. Бой киши камбағал учун синов. Камбағал бой учун синов.

Қандай синов? Камбағал фақирликка сабр қилиб, рози бўладими ёки йўқми? Камбағал бойга ҳасад қиладими ёки “Бисмиллаҳ маа шаа Аллоҳ, эй Аллоҳ, Ўзинг унинг молига барака бергин ва менга ҳам неъматларингдан ато қилгин”, деб айтадими? Бой молини яхши йўлда сарф қилиб, ҳаққини адо этадими, молидан муҳтожларга инфоқ қиладими ёки йўқми, деган синовдир. Шу тарзда синов ё ютуққа эришиш билан ёки катта йўқотиш билан якунланади.

Аллоҳ таоло оятнинг сўнггида:  

 “(Кейин)  Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз” деяпти.

Яъни, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага қилган амалига яраша мукофот ёки жазо бериш учун уларни Ўз ҳузурига қайтаради. Агар Аллоҳ буюрганидек яшаган бўлсанг, сенга ажру мукофот бор. Агар Аллоҳ буюрганидек яшамаган бўлсанг, сенга азобу уқубат бор.

Демак, синовдан яхши ўтганларни мукофотлаш, синовдан ўтолмаганларни жазолаш учун иш охири Аллоҳга қайтиш билан якунланиши шартдир.


 Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг тафсиридан

 Нозимжон Ҳошимжон таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Эй одамлар Аллоҳнинг сизга берган неъматларини эсланг Аллоҳдан бошқа сизларга осмон ва ердан ризқ берадиган холиқ борми Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. давоми...

4556 05:00 / 23.01.2017
2. .Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи тўқиб олган,, деган даъво.Мушриклар Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблар, .Қуръонни ўзи тўқиб олган, .Аллоҳдан давоми...

7190 16:40 / 21.01.2019
Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчилар бор. Уни Аллоҳнинг амри ила муҳофаза қилиб турурлар. Албатта, Аллоҳ бир қавмдаги нарсани, токи улар ўзларидаги давоми...

4217 21:36 / 10.04.2018
3. .Муҳаммад Қуръонни одамлардан ўрганган,, деган даъво.Араб мушрикларидан бир гуруҳи Қуръонни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонлардан бири ўргатишини давоми...

7049 16:40 / 11.02.2019
Аудиолар

218971 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

138053 14:35 / 11.08.2021