
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Арафот майдони... Ҳажжатул вадоъ куни... Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни суриштириб келди. Унга: «У зот анави туянинг устидаги киши», дейишди. Аъробий саҳобаларни оралаб ўтиб борди. Шунда саҳобалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни юришдан қолдирмаслиги учун уни тўсди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қўйиб юборинглар», дедилар. Аъробий яқин келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туялари жиловидан тутиб, у кишига боқди. (Қани энди менинг кўзим унинг бошида бўлиб қолсаю у кўрганни кўрсам эди!) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
- Нима истайсан?
- Эй Аллоҳнинг Расули! Сиздан иккита нарса сўрайман. Айтинг-чи, мени қайси нарса жаннатга яқинлаштирадию қайси нарса дўзахдан узоқлаштиради?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:
- У яхши савол берди, - дедилар. Сўнгра жавоб қилдилар: Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан. Фарз қилинган намозни ўқийсан. Фарз қилинган закотни берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Силаи раҳм қиласан!
Аъробий деди:
- Нафсим қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, бундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
- Тўлиқ қилиб олдинг, энди туяни қўйиб юбор! - дедилар.
Аъробий кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар:
- Агар у амр қилинган нарсасини қаттиқ тутса, жаннатга киради. Ким жаннат аҳлидан хурсанд ва унга киришга ҳарис бўлган ҳамда шунинг учун ҳаракат қиладиган инсонни кўрмоқчи бўлса, мана шу кишига қарасин!
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавозуларига қаранг! Ҳашамат йўқ, хизматкорлар йўқ, тож йўқ, тахт йўқ, аъёнлар йўқ. У кишини бошқалардан ажратиб турадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. У зотни танимайдиган одам токи биров таништирмаса, танимасди. Сийрат китобларидан биламизки, бир неча марта аъробийлар саҳродан келганида у киши ўтирган мажлисда «қайси бирингиз Муҳаммад?» дея савол берган.
Бу дин гўзалликка ёки чиройли кийимга қарши эмас. Бу дин инсонлар назари тушадиган жойларни чиройли қилиб қўйишга қарши эмас. Аммо Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган қалбни обод қилиш кийим ёки маконни обод қилишдан олдинда туради.
Бу ташқи кўринишдаги тавозу.
Энди сулукдаги тавозуга боқинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам диний тушунчада пайғамбардирлар. Сиёсий тушунчада эса давлат раҳбари. Аммо: «Уни қўйиб юборинглар», деяптилар. Унга яқин келиб туянинг жиловини тутишга рухсат беряптилар. Саволларига жавоб қайтаряптилар!
Баъзилар агар ишхонадаги креслосида ўтирса, ўзини ер юзининг подшоҳидек тутади!
Устознинг тавозусига боқинг! Унинг яхши савол берганини айтяптилар, мақтаб қўйяптилар. Бу нарсалар саҳобаларни яхшиликка тарғиб қилишдир. Яъни, «охиратингиз учун ғам чекинг!» демоқчи бўляптилар!
Аслида, динни ислоҳ қилиш дунёни ислоҳ қилишдир. Ана шу ҳақиқатни унутиб қўйдик. Биз эса аввал дунёвий ишларимизни тузатишга ҳаракат қилиб, сўнгра динимизга қарамоқдамиз. Аллоҳ бизга фарз қилган нарсага эмас, Аллоҳ ваъда берган ва кафиллигини олган нарсаларга эътиборимизни қаратмоқдамиз!
Мисол учун, Аллоҳ бизга ибодатни фарз қилди. Ризқимизга кафил бўлди. Бир киши савол беради: «Фараз қилинг, мен намоз вақти бўлганида дўконимни беркитиб масжидга бордим. Мана шу пайтда мижоз келиб, мени дўконда топмаса, бошқа дўконга кетиб қолиши мумкин-ку?!»
«Ризқни дўкон беради», деб эътиқод қиладиганлар учун бу саволнинг ғайритабиий жойи йўқ. Аммо «ризқни Аллоҳ беради, дўкон эса, ризқнинг эшиги, холос, у ош-нон бермайди», деб эътиқод қиладиганлар ўзларига буюрилган ишни бажаради. Унинг бутун танаси унга ваъда қилинган нарса албатта уники бўлишига ишонади!
Жаннат яқин ва енгилдир. Ширк келтирма, намоз ўқи, рўза тут, силаи раҳм қил. Тамом!
Биз садақанинг, таҳажжуднинг, нафл рўзаларнинг қадрини ерга урмоқчи эмасмиз. Аксинча, банда Аллоҳга нафл ибодатлари билан яқинлашиб бораверади. Ҳатто Аллоҳ таоло уни яхши кўриб қолади. Аммо инсонни Аллоҳга фарзларчалик ҳеч нарса яқинлаштира олмайди.
Мисол учун, Рамазон ойида пешин намозини ўқиш учун бораётиб пешонангиздан тер оқиши таровеҳ намозига бориб кўзингиздан ёш оққанидан яхшироқдир. Чунки биринчиси фарз, иккинчиси нафлдир!
Энди иккисини жамлаганлар қандай буюк насибага эга бўлибди!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.