1446 йил 9 рабиъус сони | 2024 йил 12 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Луқмон сураси, 13-24

05:00 / 23.01.2017 6395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

13. Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб айтганларини эсла: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир».

Боласига панд-насиҳат қилиш отанинг вазифасидир. Айниқса, иймон-эътиқод, дину диёнат масаласида ота фарзандларига нисбатан улкан масъулият ҳис этмоғи даркор. Аллоҳ томонидан ҳикмат берилган зот Луқмони Ҳаким ҳам оталик бурчини адо этиб, ўғлига панд-насиҳат қилмоқда:
«Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма».
Ота боласига қилиши лозим бўлган бош насиҳат мана шу. Чунки доимо - қадимда ҳам, ҳозирда ҳам бош масала шудир.
Мана, қайсидир замонларда Луқмони Ҳаким ҳам ўғлига шундай насиҳат қилганлиги келтирилмоқда. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда ҳам шундай насиҳат қилинган. Бундан кейин ҳам шундай қилинаверади.
Луқмони Ҳаким ўғлини ширкдан қайтариш билангина кифояланиб қолмади. Балки ширкнинг нима эканини ҳам баён қилди:
«Албатта, ширк катта зулмдир», деди.
Ҳа, ширкдан каттароқ зулм йўқ. Чунки ширк яратган холиқ, ризқ берган розиқ, Роббул Оламийн бўлган Аллоҳ таолога нисбатан катта жиноятдир.
Дунёдаги ҳар бир инсон яккаю ёлғиз Аллоҳ таолога иймон келтириб, фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилиши лозим эди. Лекин баъзи одамлар айнан шу маънода Аллоҳга нисбатан зулм қилдилар. Унга ширк келтирдилар. Баъзи махлуқотларни Аллоҳга шерик қилдилар.
Ўтган оятнинг давоми ўлароқ кейинги икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги алоқа қандай бўлиши кераклиги баён қилинади:

14. Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир.  «Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир».
Қуръони Каримда фарзандларга ота-онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат берилади. Чунки ота-онанинг ҳақини Ислом юқори қўяди. Бу мавзудаги оятлар ўрни билан ўрганилди ва яна ўрганилади. Ушбу оятда эса, ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён этилмоқда.
«Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик...»
Тавсия, кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас. Балки Аллоҳнинг амридир. Ўша амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота-онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади.
«Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».
Яъни, ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.
«Уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир».
Яъни, қорнида заифлик устига заифлик билан кўтарган она боласини кейин яна икки йил давомида эмизади.
Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича бирор аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади. Ҳамда ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга эмизукли она, унинг эри ота, болалари ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.
Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан ўтказади. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳақи отаникидан кўп бўлади.
Оятнинг давомида тавсиянинг нимадан иборат эканлиги айтилади:
«Менга ва ота-онага шукр қилгин».
Эй инсон фарзанди, аввало Менга–яратган Роббингга, кейин ота-онангга–сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга, шукр қилгин. Бу ишлар сенинг энг олий бурчингдир.
«Ва қайтиш фақат Менгадир».
Билиб қўй, ана ўша қайтиш бўлганида, бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан.

15. Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман.
Ҳа, ота-онанинг ҳақи фарзандда кўп. Уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳақи ундан ҳам юқори. Чунки ота-она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақиқий яратгувчи ва ризқ бергувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳақи ота-онанинг ҳақидан устундир. Бу оятда ана шу ҳақиқат баён этилмоқда.
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»
Агар ота-она ўз қадрини ўзи туширса, ота-оналик бурчини адо этиб, Луқмони Ҳаким каби, боласини ширкдан қайтариш ўрнига, уни номаълум нарсани Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Бу масалада ота-онага итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик аллақачонги гапдир. Нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман У зотга маъсият ишларда ҳеч кимга итоат этилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиққа маъсият бўладиган ишда махлуққа итоат этилмас», деганлар.
Лекин бу дегани, бошқа эътиқодда бўлгани учун ота-онангдан бутунлай воз кеч, дегани эмас.
«Ва дунёда икковларига яхшилик қил...»
Мусулмон фарзанд кофир ота-онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота-онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота-оналарини ҳурмат этишни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.
«...ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш».
Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин-мусулмонларнинг изидан юр.
«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир».
Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.
«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман».
Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.
Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилаётган насиҳати орасида келган икки оятли бу «чекинишдан» сўнг сиёқ яна у кишининг ўғлига бераётган ўгитларига қайтади:

16. «Эй ўғилчам, албатта, у (амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир».
Ушбу оятда охиратда Аллоҳ таоло бандаларига қилган амалларининг хабарини бериши қай даражада бўлишини баён этмоқда. Қиёматда ҳисоб-китоб қанчалик даражада аниқ ва дақиқ бўлишини сифатламоқда. Бу баён Ҳазрати Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилаётган панд-насиҳати орасида келмоқда.
«Эй ўғилчам, албатта, у (амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлсаю у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур».
Ушбу жумлада инсоннинг бу дунёда қилган амали, яхшилиги ёки ёмонлиги, агар ачитқи ўсимлиги уруғининг доничалик бўлса ҳам, эътиборсиз қолдирилмасдан, олиб келиниши таъкидланмоқда. Маълумки, ачитқи уруғи жуда кичкина бир нарсадир. У шунчалар кичикки, ҳатто қўлга олиш ҳам қийин. Аммо қиёмат куни ўша ўта кичик ҳажмдаги ачитқи уруғидек амал катта харсанг қоя ичида йўқолиб кетган ёхуд ер юзининг бирор жойида тушиб қолган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло топиб келиб, банданинг ҳисоб-китобига қўшар экан.
«Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир».
У зот ўта лутфли бўлганидан ҳам энг майда нарсаларни-да билади, ўта хабардор бўлганидан энг кичик амаллардан-да хабардор. Шунинг учун банда ғофил бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ишини билиб, хабардор бўлиб турганини ҳисобга олиб, амал қилсин.
Ҳазрати Луқмони Ҳаким ўғлини ширкдан қайтариб, тавҳидга йўллаб, охират ҳисоб-китобидан огоҳ қилганидан кейин, Аллоҳга иймон келтирган, охиратдан умид этган ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган қуйидаги амалларга буюради:

17. «Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир».
Аллоҳга иймон келтириб, охиратдан умидвор ҳар бир одам адо этиши лозим бўлган ишлар шулардир:
«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил».
Намозсиз қаерга ҳам бориб бўларди? Намозсиз нима ҳам қилиб бўларди? Шунинг учун ҳам зарурий амаллар орасидан биринчи бўлиб намоз тилга олинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида: «Намоз диннинг устунидир», дейилган. Ҳа, устунсиз иморат бўлмайди. Намоз инсоннинг тили билан айтиб, дили билан тасдиқлаган иймонининг аломатларидан биридир. Намозни тўкис адо этган одам бошқаларни амри маъруф, наҳий мункар қилиш ҳаққига эришади.
«...яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар...»
Бу амал ҳам Аллоҳга иймон келтириб, охиратдан умидвор бўлган ҳар бир инсон учун намоз каби фарздир. Мўмин-мусулмон одам инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш мажбуриятидадир. Албатта, бу осон иш эмас. Унинг улуғлигига яраша қийинчилиги ва машаққатлари  ҳам бор. Амри маъруф ва наҳий мункар қилган одам ҳаммага ҳам ёқавермайди. Тинимсиз қаршиликка учрайди. Одамлардан озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса:
«...ўзингга етган мусибатга сабр қил».
Сабр қилмасанг, иш битмайди.
Саҳобалардан Умайр ибн Ҳабиб розияллоҳу анҳу ўғилларига қилган васиятларида, жумладан, қуйидагиларни айтган эканлар: «Қайси бирингиз амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқчи бўлса, аввало мусибатларга ҳозирлансин ва Аллоҳ таолодан савоб келишига ишонсин. Чунки кимнинг Аллоҳдан савоб келишига қатъий қаноати бўлса, ўзига етган азиятни сезмас».
«Албатта, булар азм этилажак ишлардандир».
Юқорида зикр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

18. «Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Биз «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусаъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.
«Одамлардан такаббурла юз ўгирма»
Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.
«...ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».
Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими:
«Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган. Шунингдек, ибн Абу Лайло ривоят қилган ҳадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.

19. «Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир».
Яъни, юришинг ўртача ва мақсадли бўлсин. Бекорчи сохта ҳаракатлар билан куч-қувватни исроф қилиб, кибру ҳаво билан ҳам юрма, жуда лапашанг бўлиб, судралма ҳам.
«...ва овозингни пасайтир».
Ҳанграб, ҳаммаёқни бошингга кўтарма. Бақир-чақир қилиш ёмон нарса. Билиб қўй:
«...овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир».
Эшак бекордан-бекорга бор овози билан ҳанграб туради. Ҳеч бир сабабсиз баланд кўтарилган овознинг эшакникига ўхшатилишининг ўзи етарли. Оятда бу овоз энг ёмон эканлиги ҳам таъкидланмоқда.
Юриш-туриш ва ўзни жамиятда қандай тутиш борасидаги олий мисол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидир. У зот шаҳдам қадамлар билан мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона гапирганлар.
Шу ерда Ҳазрати Луқмоннинг ўғлига қилган панд-насиҳати тамом бўлади. Кейинги оятларда Аллоҳ таоло махлуқотларга, жумладан, инсонларга қандай неъматлар ато этганини зикр қилади ва уларни ўша неъматларни танишга, уларга шукр этишга чақиради:

20. Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?! Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва нур таратувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор.
Аллоҳ таоло инсонларга осмондаги барча нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйган. Осмонларда нимаики мавжуд бўлса; ҳавоми, қуёшми, ойми, юлдузми, ёмғирми, қорми, қушми ёки бошқа нарсаларми, ҳеч бири ҳеч нарса талаб қилмасдан, инсон учун хизмат қилади. Бу беминнат хизматларнинг кўпини инсон билмайди ҳам. Агар ўша хизматлардан бирортасига ҳақ сўралганида эди, мисол учун, қуёш таратаётган текин нур пуллик қилиб қўйилганида эди, инсон ўзи учун Аллоҳ қанчалар неъматларини беминнат ато этганини, уларнинг қиймати қанчалик баланд эканини англаб етган бўлар эди. Лекин Аллоҳ бундай қилмади, инсонга ақл берди, ақл билан бу неъматни танисин, деди. Пайғамбарлар юборди, улар одамларга Аллоҳнинг беминнат неъматларини танитиб, шукр қилишга чақирдилар. Китоблар нозил қилди, улар ҳам одамларга мазкур хизматларни баён этди. Мана, илоҳий китобларнинг охиргиси бўлмиш Қуръони Карим ҳам инсонларни Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга даъват этиб турибди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло ердаги мавжудотларни ҳам инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйган. Ернинг ўзи ҳам, ундаги барча жамодот, наботот, ҳайвонот ҳам инсон учун беминнат хизматкордир, Аллоҳнинг унга кўрсатган марҳаматидир.
«...ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?!»
Ҳа, Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган неъматлари жуда кўп, уларнинг зоҳирийси (ошкораси) ҳам бор, ботинийси (пинҳонаси) ҳам бор. Баъзиларини инсоннинг ўзи билиб, ҳис қилади. Баъзиларини эса, билмайди, ҳис ҳам қилмайди. Инсон Аллоҳ берган неъматлар билан тирик, ўша неъматлар билан кун кўради. Шунинг учун ҳам ўша неъматларни унга ато этган зот Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унга ибодат қилиб яшамоғи лозим. Бу унинг бурчи. Шундагина инсон ўзига берилган неъматларга шукр қилган бўлади.
Лекин, афсуски, одамларнинг орасида бу неъматларни билмайдиганлари ҳам бор.
«Одамлардан илмсиз, ҳидоятсиз ва нур таратувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ҳам бор».
Баъзи одамлар ўзларида ҳақиқатни исбот қилувчи илм бўлмаса ҳам, Аллоҳ ҳақида тортишаверадилар. Тўғри йўлга бошловчи ҳидоятчилари бўлмаса ҳам, Аллоҳ хусусида баҳслашаверадилар. Турли бўлмағур фикрларни айтадилар. Унга куфр келтирадилар. Унга ширк келтирадилар.

21. Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса: «Йўқ! Биз оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашурмиз», дерлар. Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса ҳам-а?!
Аллоҳ берган неъматларга шукр қилмай, илмсиз, ҳидоятсиз ва нур таратувчи китобсиз Аллоҳ ҳақида тортишадиган ана ўша кимсаларга:
«Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса»,
Яъни, ҳаётингизнинг барча соҳаларида Аллоҳ нозил қилган дастур Қуръони Каримга эргашинглар, дейилса, улар:
«Йўқ! Биз оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашурмиз», дерлар».
Йўқ! Биз Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашмаймиз. Биз илоҳий дастурга–Қуръонга эргашмаймиз. Оталаримиз нимага эргашган бўлса, ўша нарсага эргашамиз, дерлар. Ушбу гаплариданоқ уларнинг ким эканини билиб олса бўлади.
Уларда на илм бор, на ҳидоят бор ва на йўл ёритувчи китоб бор. Улар ўзгаларга кўр-кўрона эргашадилар, холос. Бўлмаса, илмга асосланган, илоҳий ҳидоятли бўлган, икки дунё йўлини ёритувчи Қуръондек китоб дастур қилинган Исломга, эргашмаймиз, дермидилар?! Шунинг учун ҳам оятнинг сўнгида инкор этувчи савол берилмоқда:
«Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса ҳам-а?!»
Аллоҳ нозил қилган нарсани қўйиб, унга эргашаверадиларми?! Эргашсалар, эргашаверсинлар. Ким шайтон чақириғига эргашса, уни дўзах азобига етаклаб боради.

22. Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур.
Яъни, ким Аллоҳга юз тутса, яъни ихлос билан амал қилиб, Унинг амрига бўйсуниб, шариатига эргашса:
«батаҳқиқ, у ишончли арқонни махкам тутибди».
Биз «ишончли арқон» деб таржима қилган маъно оятда «ал-урватул вусқо» деб келган. «Вусқо» ишончли дегани, «ал-урвату» деб эса, тоққа осилиб чиқиладиган арқонга айтилади. Демак, бу дунёда олий мақсадга эришиш баланд тоғ чўққисига чиқиш деб олинса, Ислом динини тутиш ўша чўққига чиқиш учун узилмайдиган, ишончли арқонни маҳкам тутишга ўхшар экан. Чўққига чиқмоқчи бўлган одам, энди арқондан кўнгли тўқ бўлаверсин. Бу ёғи ўзига боғлиқ, ҳаракат қилса, чўққига албатта чиқади.
«Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур».
Шунинг учун аввал-бошдан Унга иймон келтириб, У зот нозил қилган Қуръонга эргашавериш керак.
Эй Пайғамбарим!

23. Ким куфр келтирса, унинг куфри сени хафа қилмасин. Қайтишлари фақат Бизгадир. Бас, Биз уларга нима амал қилганлари хабарини берурмиз. Албатта, Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ўта билгувчидир.
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тасаллидан иборатдир. Аллоҳ таоло у зотга хитоб қилиб, эй ҳабибим:
«Ким куфр келтирса, унинг куфри сени хафа қилмасин», демоқда.
Кофирнинг ҳолати хафа бўлишга ҳам арзимайди. Унга эътибор бериб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Улар билан машғул бўлиб қолмаслик керак.
«Қайтишлари фақат Бизгадир».
Биздан ўзгага қайтмаслар, қочиб ҳам қутула олмаслар.
«Бас, Биз уларга нима амал қилганлари хабарини берурмиз».
Қандай қилиб куфр келтирдилар, қандай гуноҳлар қилдилар - ҳаммасининг хабарини берамиз. Жазосини ҳам берамиз.
«Албатта, Аллоҳ қалблардаги нарсаларни ўта билгувчидир».
Аллоҳ таоло юзага чиққан амаллар у ёқда турсин, бировга билдирилмай қалбда тутилган сирларни-да жуда яхши билгувчи зотдир. Бас, шундай экан, Ундан бирор нарсани беркитиб бўлармиди?!

24. Уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра қаттиқ азобга мажбур қилурмиз.
Кофир ва мушрикларни бу дунёда қўйиб бериб, бир оз ҳузурлантирамиз. Сўнгра охиратда шиддатли, қаттиқ азобга дучор қиламиз. Нима бўлганида ҳам, уларнинг ёмон оқибатга учрашлари турган гап. Чунки улар «ишончли арқонни» мустаҳкам тутмаган одамлардир. Улар чўққига чиқа олмай, йиқилишлари турган гап. Улар ўргимчакнинг уяси каби заиф, ҳеч нарсага арзимайдиган арқонни тутган одамлардир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
21. Батаҳқиқ, сизлар учун Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.Ҳа, давоми...

4678 05:00 / 23.01.2017
14. Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир.У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм давоми...

5147 05:00 / 23.01.2017
44. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни давоми...

4258 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Каримнинг сақланиши асосан унинг қалбларга муҳрланиши билан бўлган. Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш давоми...

4472 14:30 / 10.09.2019
Аудиолар

131590 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

52067 14:35 / 11.08.2021