1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги лозим

17:05 / 07.01.2020 3013 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدِ، وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таолони рози қилишни истаган киши ота-онасини Аллоҳ таоло чизган чегарада рози қилишга ҳаракат қилмоғи лозим. 

Бизда «Ота рози – Худо рози» деган гап бор. Худди мана шу халқ сўзи биз ўрганаётган ҳадиснинг таржимасидир. Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидир. Робб, яъни Аллоҳ таолонинг норозилиги ота-онанинг норозилигидир.

Демак, Аллоҳ таолони рози этаман деган одам ота-онасини рози қилишга, Аллоҳ таоло мендан норози бўлмасин, деган одам ота-онасини норози қилмасликка ҳаракат қилмоғи лозим экан.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ وَالِدَانِ مُسْلِمَانِ يُصْبِحُ إِلَيْهِمَا مُحْتَسِبًا إِلَّا فَتَحَ لَهُ اللهُ بَابَيْنِ يَعْنِي الْجَنَّةَ، وَإِنْ كَانَ وَاحِدٌ فَوَاحِدٌ، وَإِنْ أَغْضَبَ أَحَدَهُمَا لَمْ يَرْضَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى عَنْهُ، قِيلَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ؟ قَالَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

 

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса-ю (уларга яхшилик қилиб), унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан улар рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди», деди.

«Ота-она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?» дейишди.

«Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Бу ривоятда ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.

Ота-онасига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.

Ота-онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.

Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги лозим. Чунки

«Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан улар рози бўлмагунича Аллоҳ рози бўлмайди».

Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги керак.

Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.

Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота-онага итоат қилинади. Бироқ ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.

Ота ва онага яхшилик қилишдан кейинги навбатда қариндош-уруғларга силаи раҳм қилиш туради. Хусусан, амаки, аммалар, хола ва тоғаларга яхшилик қилиш худди ўтиб кетган ота-онага яхшилик қилиш билан баробар бўлади.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага яхшилик қилиш ҳақидаги тарғиботлар кўп бўлганидан кейин, бу мавзулар бўйича саволлар ҳам кўпайиши турган гап. Отаонага яхшилик қилиш шунчалар муҳим иш давоми...

991 15:39 / 01 июль
Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва .Агар .Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми, давоми...

2298 16:05 / 24.09.2019
80. Мусо ибн Улай отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Жуъшумга.Сени энг улуғ садақага ёки энг улуғ садақалардан бирига йўллаб давоми...

2200 21:10 / 01.06.2019
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангизнинг ходими таомини олдига олиб келса, уни ҳам ўзи билан ўтирғизсин. давоми...

1680 11:00 / 30.11.2020